Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:22

Хотинини ғайритабиий сексга мажбурлашда айбланган куёв ўн йилга қамалди


Жиззах вилоятининг Жиззах туманида истиқомат қилган 25 ёшли Баҳодир Бўрибоевни суд хотини билан жимоъ пайтида "жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондирганликда" айбдор, деб топди ва ўн йилга озодликдан маҳрум этди. 19 яшар хотини билан бор-йўғи 46 кун бирга яшаган Баҳодир тергов ва суд мажлисида бу айбловни кескин инкор этган.

Жиззах вилоят, Янгиобод тумани жиноят ишлари суди 24 октябрь куни Жиззах туманининг Ғозғонтепа қишлоғида истиқомат қиладиган 25 ёшли Баҳодирни ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Баҳодир 19 ёшли хотини С. Ф.га нисбатан жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб,"ғайритабиий усулда қондирганликда" айбланди.

Бу ҳақда хабар берган uznews.net "ғайритабиий усул" нима эканлигини конкретлаштириб, "С.нинг яқинлари Баҳодир хотинини орал ва анал секс қилишга мажбурлаганлигини иддао қилишган", деб ёзди.

Баҳодирнинг онаси 58 ёшли Холижон опанинг Озодликка айтишича, бундай айблов билан келини аразлаб уйига кетиб қолганидан икки ой ўтганидан кейин даъво қилган:

- Келин узоқ қариндошимиз бўлади. Келинни ўзим топганман. Ўтган йил 11 декабрь куни тушириб олдим. Қирқ кундан сўнг уйига олиб бордим, ўн кун қолиб кетди. Келиним телефонда яшириниб кўп гаплашган, ўғлим бундан норози бўлиб телефонини синдириб ташлаган. Кейин унинг яқинлари 9 февраль куни келиб олиб кетди. Битта телефон жанжали бўлди, бошқа нарса йўқ бизда. Қудаларимга ялиниб-ёлворсам ҳам унашмади, дейди Холижон опа.

Суҳбатдошнинг айтишича, 13 март куни келиннинг яқинлари кўч-кўронини олиб кетишган ва икки ойдан сўнг Баҳодир терговга чақирилган:

- Келин уйига кетгандан икки ойдан кейин оғзимга ва орқамга қилди, деб ёзиб берган. Кўчини олиб кетганда ҳам бу гаплар йўқ эди. Икки ойдан кейин шундай, деб мелисага бериб ўтирибди. Ахир бу ғирт туҳматку, ноҳақдан ўғлимга ўн йил берди, ёниб боряпман, ёниб, дейди Холижон Бўрибоева.

Баҳодир Бўрибоев устидан маҳкама жараёни август ойида Янгиобод туман жиноят ишлари бўйича судида бошланган эди.

24 октябрь куни судья Элёр Абдувалиев раислигида ўтган маҳкама Баҳодир Бўрибоевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айбдор, деб топиб, уни ўн йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Баҳодир Бўриборевнинг адвокати Маҳмуд Қўлдошев Озодлик билан суҳбатда адолатсиз ҳукм чиқарилганини таъкидлар экан, ҳукм юзасидан кассация шикояти ҳозирланаётганини айтди:

- Тергов давомида қилинган экспертиза Бўрибоев фойдасига хулоса берган. Экспертиза зўрлашнинг бирорта белгисини топмаган. Мен бунақа ҳолатни адвокатлик тажрибамда энди кўряпман. Агар зўрланган бўлса вақтида мурожаат қилиши керак эди. Уч ойдан кейинги мурожаатнинг шубҳали томони бор. Менимча, бу ерда оилавий жанжал бор, холос. Келин кетиб қоляпти, Баҳодир уни бориб олиб келмаяпти ва ўч олиш мақсадида шундай қилиняпти. Тергов органи ва суд эса буни жиноят деб топиб турибди, дейди Маҳмуд Қўлдошев.

Озодлик тасарруфида С. Ф.га оид суд-тиббий экспертизанинг хулосалари нусхаси мавжуд.

“Суд-тиббий экспертиза ўтказиш пайтида фуқаро Ф. С.нинг (хулосада исм-фамилия тўлиқ келтирилган - таҳр.) оғиз бўшлиғи, орқа чиқарув канали, жинсий аъзолари ва танасининг бошқа соҳаларида бирор бир жароҳат топилмади. Суд-тиббий экспертизасига кеч мурожаат қилгани учун ҳамда бирон бир жароҳати бўлмагани учун фуқаро Ф. С.нинг оғиз бўшлиғидан, орқа чиқарув канали ва қинидан суртма тампон олиш мақсадга мувофиқ эмас ва у 62-сонли хат орқали Ўзбекистон Республикаси суд-тиббий экспертиза бюросига маслаҳатга юборилди. Маслаҳат жавоби тақдим этилгунча суд-тиббий эксперт хулосаси тугатилиши тўхтатилди”, дейилади Жиззах вилояти суд-тиббий экспертлари хулосасида.

2014 йил 10 май куни Тошкентидаги 1-Республика клиник шифохонаси томонидан берилган 79-сонли маълумотномада Ф. С. анал жомининг 1-2 даражали етишмаслиги баён қилинган.

Адвокат Маҳмуд Қўлдошевнинг айтишича, суд ҳукмига ана шу хулоса асос қилиб олинган:

- Анал жомининг 1-2 даражали етишмовчилиги соматик касалликлар оқибатида бўлиши мумкинлиги ҳам экспертиза хулосасида айтилган. Масалан ичнинг қотиши ҳам шунга сабаб бўлиши мумкин. Лекин суд буни инобатга олмади, дейди адвокат.

Озодлик С. Ф.нинг яқинлари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилди. Лекин улар билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ф.С. суд тиббий экспертизасига ёзган тушунтириш хатида унинг эри томонидан мунтазам ғайритабиий равишда зўрланиб келганини айтган:

"Тўйдан кейин мен 15 кун давомида унинг қийноқларига чидадим, қайтиб кетай десам ота-онам ва эл-уруғдан уялдим ва 15 кундан сўнг ... алоқага мажбур бўлдим. Охирги марта 2014 йил 9 февраль куни .... жинсий алоқа қилди. Ва бу қийноқларга чидолмасдан ота-онамнинг уйига кетиб қолдим. Уйга борганимда 10 кун давомида катта ҳожатга чиқолмасдан қийналдим, яъни кучли оғриқ сезиб юрдим", дейилади Ф.С.нинг ёзган тушунтириш хатида.

Озодлик Янгиобод тумани Жиноят ишлари бўйича суди судьяси Эльёр Абдувалиев билан боғланишга ҳаракат қилди. Ўзини Султонмурод, деб таништирган котиб Султонмурод судьянинг маҳкамада эканлигини, айни пайтда у билан гаплашиш имкони йўқлигини айтди.

Баҳодир Бўрибоев яқинларининг иддао қилишларича, "келиннинг тоғалари Ўзбекистон Олий Судида юқори лавозимларда ишлагани боис, улар суднинг адолатли ўтиши учун босим ўтказган бўлишлари мумкин".

Бироқ Озодлик тасарруфида бу иддаоларни асослайдиган далил мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG