Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Беларусларнинг Додаси дангасалик қилМАганларни текинхўр деди


Беларус раҳбари Аляксандр Лукашенка (беларусча шундай ёзилади) 5 ноябрь куни Могилев областидаги “Протос” акциядорлик жамияти ишчилари билан мулоқот қилар экан, текинхўрларни ишлашга мажбурлаш учун кескин чоралар кўрилиши лозимлигини талаб қилди.

Шу ўринда тарихга қисқа экскурс: Совет даврида “текинхўрлик” (русчаси – тунеядство) маънавий-аxлоқийгина эмас, балки ҳуқуқий тушунча-атама бўлиб, узоқ вақт ишламай юрган шахс жиноятчи ҳисобланар ва жавобгарликка тортилар эди.

Батькага қайтамиз.

Беларусларнинг Додаси бундай деди: “Ҳамма ҳам бир хилда қабул қилавермаётган талабимни эшитгансизлар: ишлашга қурби етадиганки одам ишласин. Текинхўрликка ҳеч қандай ўрин йўқ. Бўлмаса, баъзилар ўзи ишламайди, солиқ тўламайди, яшаши эса сеникидан ёмонмас. Айни пайтда бепул ёки деярли текин таълим олади, дўхтирларда даволанади”.

Лукашэнканинг айтишича, “шу кунда мамлакатда 400 минг бекорчи бор”. (Беларус аҳолиси 9 463 800 киши)

Беларусларнинг Додаси айтганларининг эътиборимизни тортган жиҳати будир:

Аляксандр Рыгоравiч (белорусча шундай ёзилади) чет давлатларда ишлаб юрган беларус меҳнат муҳожирларини бекорчилар, яъни текинхўрлар сафига қўшмади.

Дода бундай деди: “Эмишки, Лукашэнка Россияда ишлаб юрганларнинг ҳаммасини қайтишга мажбурлаётганмиш. Бекор гап бу. Ишлаб пул топинг, пулларингизни бу ёққа жўнатинг – мамлакатимизга қўшган ҳиссангиз бўлади. (жумлани муаллиф қорайтирди) Гап бошқа бекорчилар устида кетаяпти, на Беларусда, на Россияда ва на бошқа давлатларда ишлаётган бекорчилар устида кетаяпти”.

“Эртага 60 га кирганидан кейин пенсия бер, деб талаб қилишади. Қаердан берамиз уларга пенсияни?” деган гапни ҳам қўшиб қўйди беларусларнинг Додаси.

Аляксандр Лукашенканинг гаплари Ислом Каримовнинг ўтган йилги гапини ёдингизга солгандир.

У киши 2013 нинг 19 июнида Жиззах вилоятига қилган сафари чоғида Россияда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини тилга олиб, улар Москва кўчаларини супуриб, одамни жирканишга мажбур қилаётгани, бу “дангасалар” катта пул топиш учун у ёқларга боргани ва ўзбек миллатини шарманда қилаётгани тўғрисида гапирган эди.

Сиёсатшунослар Аляксандр Лукашэнкани ҳам, Ислом Каримовни ҳам диктатор, деб сифатлайдилар. Барча диктаторлар бир-бирига ўхшаш дейдилар.

Ким билади дейсиз, балки чиндан ҳам шундайдир?

Лекин беларуслар Додасининг кечаги гапи унинг ўзбеклар Додасидан ҳеч йўқ битта масалада – меҳнат муҳожирларига муносабат масаласида фарқи борлигини ошкор қилиб қўйди.

XS
SM
MD
LG