Инсон ҳуқуқлари фаолларининг танқидларига қарамай, Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Парижда ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комиловни қабул қилди.
Ўзбекистон расмий матбуотига кўра, 7 ноябрь куни Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилганлар.
Париждаги учрашувда, шунингдек, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Франция муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболининг устувор йўналишлари ҳақида сўзлашганлар.
Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан халқаро муаммолар, жумладан, Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасидаги вазият борасида фикр алмашган.
Француз альянси қайта очилади
Музокаралар чоғида Тошкентда француз тили ва маданиятини тарғиб этувчи Француз алянсининг фаолиятини қайта тиклашга келишилган.
Баъзи хабарларга кўра, Француз алянси Тошкентда шу йил ўрталаридан фаолияти тўхтатилган Франция институти ўрнида ташкил этилади.
Муассасанинг ёпилишига Франция институтининг юридик мақоми амалдаги Ўзбекистон қонунчилигига мос келмаслиги сабаб бўлгани айтилганди.
Франция институтида юзлаб ўзбекистонлик ўқувчилар ва талабалар француз тилини ўрганиб келган.
Шунингдек, стипендиялар дастури доирасида ўзбек ёшлари Францияда билим олиш имконларига ҳам эга бўлган.
Танқидлар
Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирларининг Париждаги учрашуви арафасида бир қатор ташкилотлар жаноб Фабиусга хат йўллаб, француз расмийлари систематик равишда қийноқ қўллаб келувчи режим вакили билан учрашаётгани юзасидан чуқур ташвишда эканликларини билдиргандилар.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ACAT-France – Насронийлар ўлим жазосига қарши, FIDH – Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ҳамда “Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиусга очиқ хат йўллаб, Комилов билан бўлажак музокараларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласини кўтаришни талаб этгандилар.
“Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Франция ташқи ишлар вазиридан фаолларнинг хатига хануз жавоб бўлмаганини айтди.
- Биз кеча йўллаган хатимизда инсон ҳуқуқлари, сиёсий маҳбуслар аҳволи масаласини кўтаришни сўрагандик. Франция ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчисига йўллаган бу хатимизга жавоб олмадик. Биз Франция Ташқи ишлар вазирлигидан Комилов билан бўлиб ўтган учрашувга ойдинлик киритишни сўраймиз, - деди Тожибоева.
Франция ташқи ишлар вазирига юборилган мактубда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган ўндан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаоли ҳамда журналистнинг номлари келтирилган.
Озодликка чиқарилиши сўралаётган виждон тутқунлари орасида Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Руҳиддин Фахруддинов, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Абдурасул Худойназаров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саййид, Насим Расулов, Аъзам Турғунов каби номлар бор.
Ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқининг Марказий Осиë стратегияси асосида Тошкент билан инсон ҳуқуқлари юзасидан олиб бораëтган мулоқоти иш бермаётгани, мамлакатдаги вазият фақат ëмонлашаëтганини айтадилар.