Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:13

Гугурт Ўзбекистонда бомбага тенглаштирилди


Ўзбекистонга ташқаридан гугурт импорт қилмоқчи бўлганлар¸ уни махсус текширувдан ўтказиб, давлат органларида сертификациядан ўтказишга мажбур. Гугурт ва пилик 5 ноябрдан бошлаб бомба ясалиши мумкин бўлган моддалар қаторида махсус қарор билан назорат остига олинадиган бўлди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 5 ноябрь кунги қарори билан гугурт махсус сертифактланиши лозим бўлган динамит¸ детонатор¸ пиротехника махсулотлари каби портловчи моддалар рўйхатига тиркалди.

Шунингдек бу қарорга кўра¸ портловчи моддаларга пилик бўлиши мумкин бўлган ип ҳам мамлакат ҳудудига киритилишидан олдин сертификация қилиниши шарт.

Қарорга кўра¸ гугуртни Ўзбекистон ҳудудига товар сифатида киритмоқчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз маҳсулотини сертификация қилдириш учун ширкат томонидан қабул қилинадиган экспорт қилиш ҳақидаги қарор, ариза ва декларация топширилари ҳамда сертификациялаштириладиган маҳсулотлардан тажрибалар ўтказиш учун намуна тақдим қилишга мажбурдирлар.

Хоразм вилояти сертификатлаштириш идораси ва синов лабораториясида ишлайдиган ва ўз исми эфирда айтилишини истамаган муҳандиснинг билдиришича¸ гугуртнинг ëнувчи қисмидаги бертолий тузи ва қизил фосфордан бомба ясалиши мумкинлиги эхтимоли бу маҳсулотнинг мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулот турлари рўйхатига киритилишига сабаб бўлган.

Uzbekistan - match produced in Uzbekistan
Uzbekistan - match produced in Uzbekistan

Бомба қўрқуви

Тошкентлик мактаб ва коллеж ўқувчилари ўртасида гугуртдан қўлбола пақилдоқ ясаб, пақиллатиш авж олгани ўқитувчилар хавотирига сабаб бўлган.

Тошкентдаги Миробод туман саноат касб-ҳунар коллежининг ўзини Абдурасул Толипов, деб таништирган ўқитувчиси ўзи ишлайдиган коллежда шу кунларда “гугуртдан пақилдоқ бомба” ясашга қарши тарбиявий ишлар олиб борилаëтганлигини билдирди.

Ўтган йили Тошкент Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ясаган кичкинагина қўлбола "бомба" зарарсизлантирилган ва бу юзадан тўрт ўқувчи сўроқ қилинган эди.

Ўзбекистонга олиб кириладиган пиротехник воситаларга сўнгги йилларда тақиқ қўйилгани боис, болалар орасида қўлбола "пақилдоқ"лар ясаш ҳоллари кўпайиб кетди.

Бундай "пақилдоқ"ларни ясаш ва порлатиш оқибатида ўқувчилар орасида тан жароҳати олганлар ҳам бор.

Бундан олдин Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорихоналарга бир кишига беш граммдан ортиқ марганцовка сотишни тақиқловчи фармойиш берган эди.

Бундай чора кўрилишига марганцовкадан кокаин ва эфидринга асосланган бошқа турдаги наркотиклар тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги сабаб бўлган.

Баъзи манбалар марганцовкадан қўлбола бомба тайёрлашда фойдаланиш мумкин бўлганлиги учун расмийлар унинг савдосини чеклаганлигини айтишган эди.

XS
SM
MD
LG