Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:05

Ўзбек-қирғиз чегара пунктида свет ўчгани боис навбат узаймоқда


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара-ўтказиш пункти
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара-ўтказиш пункти

Ўзбек-қирғиз чегарасида икки давлат фуқаролари кириш-чиқиши учун очиқ қолган ягона “Маданият” чегара-ўтказиш пунктида йўловчилар соатлаб навбат кутмоқда. Ўзбекистон томони ўтиб-қайтувчилар устидан текширувини кучайтиргани ва чегара пунктида тез-тез свет ўчаётгани боис, навбат узайгани айтилди.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев ўтган ҳафтада Ўзбекистоннинг Хўжабод туманида яшовчи бетоб синглисини кўришга борганида чегара пунктида 7 соат навбат кутганини айтмоқда.

Фаолга кўра, у Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасидаги “Маданият” чегара-ўтказиш пунктида узайган навбатга гувоҳ бўлган.

- Аслида чегаранинг Ўзбекистон томонига 8 километр ичкарига киришим керак эди. Бироқ, ҳозир “Дўстлик” чегарасидан Ўзбекистонга киритишмаётгани сабабли, Жалолобод орқали 300 километр айланиб бориб, “Маданият” чегара постидан ўтдим, - дейди фаол.

Шу кунда бу чегара-ўтказиш пости икки давлат фуқаролари қатнови учун иккитомонлама тартибда очиқ турган ягона ўтказиш пунктидир.

Қирғизистоннинг Ўш, Ўзбекистоннинг эса Андижон вилояти ўртасида жойлашган "Дўстлик" чегара пункти эса фақат Ўзбекистон ҳудудидан транзит асосида ўтувчи хориж фуқароларига очиқдир. Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бу постдан ўтиб-қайта олмайдилар. Фақатгана Қирғизистон фуқаролари "Дўтслик" чегара-ўтказиш пункти орқали Ўзбекистондан чиқиб кетиши мумкин, холос.

Шу боси, "Маданият" чегара-ўтказиш пунктига иши тушган ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Раҳматуллаев бу пунктдан ўтиб-қайтувчилар жуда кўплигига гувоҳ бўлди.

- Қирғизистонлик ўзбеклар, Ўзбекистонда яшаган қирғизларнинг чегараолди районларда қариндош-уруғчилик ришталари бор. Ўзбекистонга бориб-келиш жуда катта муаммога айланган. Ўзбекистонга боришнинг фақат икки йўл бор экан. Биринчиси, қариндошларнинг тўйга таклифномаси ёки азага чақирув қоғози билан ўтказаяпти, холос. Унда ҳам фақат “Маданият” пункти орқали. Иккинчиси, Ўш-Бишкек-Тошкент йўналиши бўйича самолётда 16 минг қирғиз соми (тақрибан 300 доллардан кўпроқ)га билет олиб бориш мумкин, - дейди фаол.

Икки давлат ўртасидаги келишувга биноан Қирғизистон фуқаролари Тошкентда 3 кун рўйхатдан ўтмасдан юриши мумкин. Бу муддат битгач, борган манзилига масъул ИИБда вақтинча рўйхатдан ўтиши керак.

- Бироқ Тошкент вилоятига Қирғизистон жанубидан борганларнинг биронтасини вақтинча рўйхатга қўйишмас экан. Қиш кунлари ҳам “Маданият” чегара постида юзлаб одам у ёққа, бу ёққа ўтолмай турибди. У ерда ҳам доим навбат. Масалан, мен эрталаб соат 10да борган бўлсам, свет йўқ дейишиб, соат кечки 5да ўтдим, - дер экан Иззатилло Раҳматуллаев “икки давлат расмийлари сиёсий ўйинлари сабабли фуқаролар бири-биридан хабар ололмаяпти”, деб қўшимча қилди.

Озодлик айни вазият хусусида Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибаевадан изоҳ сўради.

Расмийга кўра, икки давлат чегарасидан фақат тўй ёки жаноза маросимларига чақиртирилган таклифнома билан ўтказишни фақат Ўзбекистон чегарачилари талаб қилади.

Гулмира Бўрибаева чегарада навбатлар пайдо бўлишига Қирғизистон томони масъул эмаслиги, баъзан Ўзбекистон томони бир томонлама тартибда чегарани ёпиб олганида ҳам қирғиз чегараси очиқ туришини таъкидлади.

Ўзбекистон томони чегара қатновини ўта чеклагани боис, 2010 йилга қадар икки давлат фуқаролари фойдаланган ноқонуний айланма йўллар ҳам деярли ёпиб ташланди.

2010 йилга қадар ўзбек-қирғиз чегарасидаги айланма йўллар орқали одамлар ҳамда тижорат молларининг ўтиши авж олганди. Аммо, ноқонуний йўллар орқали тижорат молларининг олиб ўтишлиши ҳануз давом этаётгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Озодлик аввалги эшиттиришларидан бирида Тошкент шаҳар ИИБ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг хориж фуқаролари Ўзбекистонга келиб-кетишига масъул мутахасcисига мурожаат қилган ва қуйидаги маълумотларни олган:

1) Агар Қирғизистон фуқароси Тошкентда яшайдиган қариндошиникига келса, унинг қариндоши ўзи яшайдиган ҳудуддаги милиция участка бўлимига бориб, хорижлик меҳмон борасида огоҳлантириши лозим.

2) Амалдаги тартибга кўра, хорижлик меҳмон Тошкентдаги қариндошининг уйига прописка ёки қайдга қўйилиши мумкин эмас. Меҳмон бирор меҳмонҳонада қайддан ўтиши шарт.

3) Расмийга кўра, меҳмонхонада қайддан ўтган хорижлик Тошкентдаги қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмас.

4) Тартибга кўра, хорижлик меҳмон қайддан ўтгани тўғрисидаги қоғозни Ўзбекистон чегарасидан чиқаётганида чегарачи ходимга кўрсатиши шарт ҳисобланади.

5) Хорижлик меҳмон Тошкентдаги фақат чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга меҳмонхонада яшаши лозим.

Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонда, Ўзбекистон фуқаролари эса Қирғизистонда 60 кун ичида визасиз яшаш ҳуқуқига эга.

2007 йилнинг январида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари имзолаган битимга мувофиқ: "Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига 60 суткага визасиз кириши ёки бу ҳудуддан чиқиши ёхуд бу ҳудуд орқали бошқа мамлакатларга ўтиши ва шу ҳудудда қолиши мумкин”.

XS
SM
MD
LG