Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Намунавий уйлар "брак"лиги учун Косон тумани ҳокими ишдан олинди


Косон тумани ҳокими брак намунавий уйлар учун ишдан олингани айтилади
Косон тумани ҳокими брак намунавий уйлар учун ишдан олингани айтилади

Ўн йилдан буён Қашқадарё вилоятидаги Косон тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Сайфулла Азизов вазифасидан озод қилинди. Расман у “ўз аризасига кўра” ишдан бўшатилган бўлса-да, мустақил манбалар ҳоким пахта теримида сусткашликка йўл қўйгани ва намунавий уйларни брак қилиб топширгани учун ишдан олинганини айтмоқдалар.

Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Сайфулла Азизов 12 ноябрь куни фавқулодда ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган косонлик манбага кўра, ҳокимнинг ўзи ҳам бу янгиликдан эсанкираб қолган:

“Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари 12 ноябрь куни Косон ҳокимиятига келиб, Сайфулла Азизовдан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши ҳақида ариза ёздириб олган. Ўша куни Азизовнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Бобур Қўйбоқаровни ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи қилиб тайинлаб кетган. Бу ҳақда менга ҳокимиятда ишлайдиган танишим айтиб берди”, деди манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, вилоят ҳокими ўринбосари Сайфулла Азизовнинг ишдан бўшатилиши сабабларини очиқламаган.

Косонлик бошқа бир манбанинг туман ҳокимиятида ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, Сайфулла Азизов пахта теримида сусткашликка йўл қўйгани ва намунавий уйлар сифатсиз қурилганлиги учун ишдан олинган:

“Бизда йигирмата намунавий уйлар қурилди. Энди бу уйлар номига намунавий бўлди. Аслида ҳаммаси брак қурилган. Канализациялар ишламайди, туалетлар, деворлар чала қолиб кетган, асфальт қилинмаган. Роса кўп шикоят бўлди бу уйлардан. Кейин ҳокимимиз яхши одам эди. Халқнинг ичига кириб бемалол юрадиган, одамлардан қочмайдиган, ўрни келса бирга арақ ҳам ичиб кетадиган одам эди”, дейди манба.

Косон тумани марказида истиқомат қилувчи тадбиркор эса ҳокимнинг ўн йиллик раҳбарлиги даврида жиддий бир ўзгариш бўлмади, дейди:

“Ўн йил орасида газ деган нарсадан тамоман мосуво бўлдик. Электр чироқларимиз ҳам қишда ёнмай қолди. Пахта пайтида эса жуда қаттиқ сиёсат олиб борди. Бозорларимиз ишламади, ҳамма пахтага ҳайдалди, халқ анча қийналиб қолди”, дейди тадбиркор.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, қишлоқ хўжалигини умуман тушунмайдиган, прокуратура тизимидан ҳокимликка кўтарилган Сайфулла Азизовдан халқ хўжалигини кўтаришни кутиш мантиқан тўғри бўлмасди:

- Бу йигит аввал вилоят прокуратурасида умумий назорат бошқармасини бошқарган, ундан кейин вилоят прокурори ўринбосари бўлган. Кейин Яккабоғ тумани ҳокими бўлган. Косон кўп миллатли туман бўлганлиги учун ҳам прокуратурадан чиққан Азизов шу ерга ҳоким қилиб жўнатилган эди. Бу ҳолатда қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш борасида камчиликлар бўлиши табиий эди, лекин Азизовнинг ўн йиллик ҳокимлиги пайтида туманда жиноятчилик анча камайди, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда ҳокимлик ва ҳокимларни тайинлаш тизими юқоридан пастга қараб бўлганлиги учун ҳам халқнинг хоҳиш-иродаси ҳисобга олинмайди. Кузатувчиларга кўра, ҳокимлар халқ тарафидан сайланмагунга қадар ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ўз ечимини топмайди.

XS
SM
MD
LG