Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:00

Россияда ўзбеклар ўз буйрагини сотувга қўймоқда


Ўзбек муҳожирининг ўз буйрагини сотиш эълони
Ўзбек муҳожирининг ўз буйрагини сотиш эълони

Озодликнинг Краснодардаги манбаларининг айтишича¸ ўзбек муҳожирлари орасида ўз буйрагини сотиш учун трансплантация марказларига мурожаат қилаëтганлар анчагина. Ўтган йили Москва шаҳрида одамнинг ички аъзолари билан савдо қилишда айбланган тошкентлик йигит жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Ўзбекистонлик 23 яшар Акмал ўз синглисининг ҳаëтини қутқариб қолиш учун бўйрагини савдога қўйди. Бу ҳақда Россиянинг Краснодар шаҳридаги “Изрукинфо” газетасида босилган эълонда ëзилади.

Газета эълонидаги телефон рақамига қўнғироқ иқлганимизда ўзини Акмалнинг дўсти деб таништирган йигит жавоб берди. Унинг айтишича, Акмалнинг синглиси буйрак алмаштиришга муҳтож:

"Акмалнинг синглиси қаттиқ касалга чалинган¸ докторлар буйраги ишдан чиққан, деган ҳалокатли ташхисни қўйишган. Акмалнинг синглиси буйрагини алмаштирса яшаб кетар экан. Акмал ўз буйрагини сотиб пулига синглисига янги буйрак олиб бермоқчи. Акмалнинг буйраги синглисига мос келмаган"¸ дейди суҳбатдош.

Акмал аввал Россияда меҳнат муҳожири сифатида ишлаб, ҳозир Ўзбекистонда касал синглисига қараб ўтиргани маълум бўлди.

“Изрукинфо” газетаси тижорий эълонлар бўлимида ишлайдиган ходиманинг Озодликка айтишича¸ Акмалнинг эълони буйрак сотиш бўйича ўзбеклардан тушган биринчи эълон эмас.

Краснодардаги манбалардан Озодликка келган хабарда ҳам¸ бу ўлкадаги ўзбек муҳожирлари орасида ўз буйрагини сотиш учун трансплантация марказларига мурожаат қилаëтганлар анчагина экани айтилади:

"Краснодарда кўпчилик мигрантлар ўз буйрагини сотиш ҳаракатида юрибди. Доим шунақа марказларнинг адресларини сўраб мурожаат қилишади", дейилади Озодликка келган хабарда.

“Изрукинфо” газетаси ходимасининг айтишича, ўтган йили Краснодар шаҳридаги Нефрология марказида буйрак ўтказиш бўйича 41та муваффақиятли амалиëт қилинган.

- Сўнгги икки йил ичида 100дан зиëд бемор Краснодардаги марказда буйрак алмаштириб ҳаëтлари узайишига муваффақ бўлишди¸- дейди суҳбатдош.

Краснодардаги манбаларга кўра, бу ерда Очаповский номли клиника буйрак кўчириб ўтказишга ихтисослашгани боис ўзбекларнинг айнан бу ўлка газеталарига эълон бериши кўпроқ учрайди.

Манбаларига кўра, Краснадорда битта буйракни тахминан 70-80 минг долларга пуллаш мумкин.

Озодлик буйрагини сотмоқчи бўлган Краснадордаги ўзбек муҳожирларининг кўламини аниқлашга муваффақ бўлмади. Ўзбек муҳожирлари орасида пул ишлаш илинжида ўз буйрагини сотувга қўяётганлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Россияда “буйракфуруш” Темур ва унинг командаси жазога тортилди

Ўтган йили Москвада одамнинг ички аъзолари билан савдо қилишга уринган тошкентлик Темур ва у билан жиноий тил бириктирган гуруҳ қўлга олиниб жазога тортилди.

Москва шаҳар жануби- шарқий округи ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Вадим Кривошевга таяниб тарқатилган матбуот хабарномасида 31 яшар тошкентлик Темур ўз ҳамшаҳари бўлган 18 яшар қизнинг буйрагини 50 минг еврога сотмоқчи бўлганида қўлга олингани ëзилади.

Хабарномага кўра¸ ўзини Тошкентдаги мода агентлиги директори деб тақдим қилиб амалда одамнинг ички аъзоларини сотиш билан шуғулланган Темур савдога қўйилган буйрак соҳибасининг соғлом эканлиги ҳақидаги тиббий маълумотномани ҳам тақдим қилган.

Темур ўз қурбонларини Москвадаги мода бизнесига ишга жойлаштираман, деб алдаб олиб келгани айтилади.

Москва шаҳар жануби- шарқий округи ИИБ маълумотномасига кўра¸ одам органлари савдоси билан шуғулланган Тимур ва унинг шериклари уч йилдан¸ ўн йилгача муддатга озодликдан махрум қилинган.

Буйракнинг савдога чиқарилиши қонунга зид

Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабига кўра¸ тирик одамнинг тана аъзолари сотувга чиқарилиши мумкин эмас.

Айни талаб Россия ва Ўзбекистон қонунчилигида ҳам акс этган.

Фақат энг яқин қариндошларгагина ўз органларини ихтиëрий тарзда¸ эвазига пул олмасдан беморларга ўтказишига изн берилади.

Трансплантация учун ўз аъзоларини берган донорлар ва беморларнинг исм шарифи бундай холларда тиббиëт сири сифатида ошкор қилинмайди.

XS
SM
MD
LG