Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:15

Андижондаги "Жаҳон" буюм бозорида ёнғин содир бўлди


Андижон шаҳридаги "Жаҳон" буюм бозорининг гилам сотиладиган қисмида ёнғин содир бўлди. Якшанба куни тонгда чиққан ёнғинда ҳар бирида ўртача 150-200 миллион сўмлик маҳсулот сақланган 5-6 дўконга ўт кетгани айтилмоқда. Бозор маъмурияти вакили ёнғин электр линиясидаги қисқа туташувдан чиққани тахмин қилинаётганини айтди.

16 ноябрь куни тонгда Андижоннинг халқ орасида "Жаҳон" бозори деб юритиладиган "Jaxon savdo kompleksi"нинг гилам сотиладиган қисмида ёнғин юз берди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган манба - "Жаҳон" бозорида кийим-кечак сотадиган тадбиркорнинг айтишича, ёнғин тонгги соат 4-5 оралиғида содир бўлган.

- Саҳар соат 4 ярим 5 атрофида ёнғин чиқибди. Гилам сотиладиган жойнинг устига навес тортилган, ёпиқ жой эди. Шу ер ёнган, лекин саҳарда ҳеч ким бўлмагани учун, одамларга ҳеч нарса қилмаган. Эрталаб савдога борсак, одам йиғилиб кетибди. Мелисалар ўраб олгани, ҳеч кимни гилам бозорига киргизмаётган экан. Бугун ҳам ёпиқ турибди, - деди манба.

Унинг айтишича, ёнғиндан кўрилган зарар кўлами ҳақида, ҳатто, моли ёнган тадбиркорларга ҳам аниқ маълумот берилмаётир. Бироқ, камида 5-6 та дўконга ўт кетгани ҳақида маълумот бор.

- Қанча мол ёнганини аниқ айтишмаяпти. Лекин, анчагина мол ёнгани аниқ. Энди ҳисоб-китоб қилинг: битта дўконда камида 150 миллион сўмлик мол бор, баъзиларида 2 миллион сўмлик гилам бор эди. Камида 5-6 та дўкон ёнган, дейишяпти савдодаги болалар. Шундан чиқараверингда ҳисобини. Лекин молни қанчаси ёнганини ҳеч ким аниқ билмайди. Мелиса ҳеч кимни ичкарига киргизмаяпти, - дейди "Жаҳон буюм бозори"да кийим-кечак сотадиган тадбиркор.

Манбанинг айтишича, ёнғин саҳарда содир бўлгани учун унинг қанча давом этгани ёки қандай ўчирилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Озодлик манбасининг бу хабарини тасдиқлаган расмий манба - "Жаҳон буюм бозори"нинг исмини ошкор қилмаётганимиз паттачиси тасдиқлади:

"Саҳарда бўлди у ёнғин. Шунинг учун унақа ҳеч кимга жиддий зарар етгани йўқ. Унақа кўп мол ҳам ёнгани йўқ. Токдан чиққан дейишяпти, унақа катта бўлгани йўқ ёнғин", деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган паттачи.

Унинг яна айтишича, бозорнинг гилам сотиладиган қисми ҳануз ёпиқ турибди. Шикаст етмаган дўконларнинг эгаларига қаттиқ назорат остида фақат ўз дўконига киришга рухсат берилмоқда, аммо харидорларга йўл йўқ.

Андижонликлар орасида муқаддам "ДСК" (Домостроительный комбинат) бозори, деб юритилган "Жаҳон буюм бозори" 20 гектардан ошиқроқ майдонда жойлашган ва унга уч вилоят - Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятидан харидор боради.

Исмини сир сақлаган тадбиркорга кўра, гилам бозоридаги маҳсулотлар Қирғизистон, Хитой ва Дубайдан келтирилади. Бу бозорда савдо, асосан, ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари бўлади.

Айни пайтда анджионлик тадбиркорлар бозордаги ёнғиннинг қисқа туташувдан чиққани ҳақида расмийлар билдираётган тахминга шубҳа билан қарамоқдалар:

- Бозорда сўнгги бир йил ичида 3 марта бозорқўм алмашди. Бу пост битта пулдордан иккинчисига 105 миллион сўмга сотилади, униси келади сарфлаган пулини йиғишга киришади, кейин яна қамалади - шунақада аҳвол. Бу ёқда эса ёнғин. Икки ҳафта олдин парда бозордаям навес қулаб, қанча одам жароҳатланган. Биров ғинг, демади, - дейди исмини сир сақлаган тадбиркор.

Андижон "Жаҳон" бозорида 2012 йилнинг 29 февралида ҳам катта ёнғин чиққан ва унда бозорнинг пойафзал сотиладиган қисмига ўт кетган эди. Бир неча соат давом этган у ёнғин ҳам эрта тонгда содир бўлгани учун ҳеч кимга зарар етмаган, аммо тадбиркорларнинг анчагина моли ёнган эди.

Муҳими, бу ёнғин дўконларга янги моллар киритилганининг эртасига - пайшанба куни савдога тахт қилинган тунда содир бўлгани боис, унинг қасддан уюштирилгани ҳақидаги шубҳаларга сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG