Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:52

Ўзбекистон саховатпеша давлатлар рейтингида 28- ўринни эгаллади


Британиядаги Charity Aid Foundation (CAF) хайрия ташкилоти 2014 йил учун тузган Жаҳон хайрия рейтингида (World Giving Index) Ўзбекистон 135 та мамлакат орасида 28- ўринни эгаллади.

Саховатпешалар рейтингида Туркманистон Ўзбекистондан олдинда (23- ўрин), лекин Тожикистон (34- ўрин), Қирғизистон (83-ўрин), Қозоғистон (101-ўрин) кейинда.

Айтилишича, жаҳон мамлакатларидаги саховатпешалик даражаси хайрия ташкилотларига пул ўтказиши, фуқароларнинг хайрия тадбирларида кўнгилли иштирок этиши ҳамда нотаниш кимсаларга ёрдам бериши каби уч критерий асосида аниқланади.

Жаҳон хайрия рейтингининг дастлабки ўнталигини АҚШ бошлаб берган бўлиб, бу мамлакат кетидан Мьянма, Канада, Ирландия, Янги Зеландия, Австралия, Малайзия, Буюк Британия ва Шри-Ланка ўрин олган.

Афтидан, Жаҳон хайрия рейтингини тузган ташкилот хайрия ёрдамлари ва тадбирларини уюштириш усулларига қизиқмаган кўринади.

Масалан, рейтингда биринчи ўринни эгаллаган АҚШда хайрия ёрдами кўрсатган шахс ёки ташкилотга солиқ имтиёзлари берилиши кўпчиликка маълум.

Айни пайтда Ўзбекистонда хайрия ёрдамлари маъмурий-буйруқбозлик усули билан уюштирилади.

Бу усул мамлакатда кенг қўлланилишига Вазирлар Маҳкамаси жорий йил августида қабул қилган махсус қарор ҳам далилдир. Ўша қарори билан Ўбекистон ҳукумати тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилишни тақиқлаб қўйган эди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрияга мажбурлаш ман этилиши, улар ўз ёрдамини фақат қонунчиликда кўзда тутилгани каби ихтиёрий ва беғараз йўсинда кўрсатиши мумкинлиги ҳамда бу ёрдам мақсадга мувофиқ сарфланиши лозимлиги қайд этилган.

Қарорга мувофиқ, бюджет ташкилотларига хайрия ёрдами кўрсатган тадбиркорлик субъектлари мазкур ёрдам воситасида амалга оширилаётган ишнинг исталган босқичида маблағларнинг мақсадга нақадар мувофиқ ишлатилаётгани текширилиши мумкин.

Ҳукумат қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрия тадбирларига мажбуран жалб қилган давлат бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотлари раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ равишда жавобгарликка тортилиши ҳам таъкидланган.

XS
SM
MD
LG