Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:56

Свет ва газсиз туман касалхоналарида "чақалоқлар совуқдан кўкариб ëтибди"


Фарғона, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Жиззах вилоятлари ва Қорақалопоғистондан Озодлик муштарийлари йўллаган шикоятларда элекр токи таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бораётгани тилга олинмоқда.

Озодликка мактуб йўллаганлардан бири Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги болалар шифохонасида электр энергияси йўқлиги боис, касаллар қийналаётгани, чақалоқлар эса совуқдан жабр кўраётганидан арз қилди:

- Касалхонада аҳвол даҳшат. Яқинда аёлим кўзи ёриш арафасида турибди. Бир-икки марта шу касалхонага бордик. Чақалоқлар совуқдан кўкариб ётибди. Туғилажак фарзандим туғруқхонада туғилибоқ, шамолламасин учун қайси туғруқхонага олиб боришни билмай турибман, дейди исми сир қолишини истаган марғилонлик.

Озодлик аҳволни ўрганиш мақсадида Марғилондаги болалар касалхонасига қўнғироқ қилди.

Касалхонасининг ўз исмини айтмаган шифокорларидан бири мунтазам электр узилишлари беморларга лозим тиббий муолажа қилинишига жиддий халал бераётганини эътироф этди:

- Свет бизда, деярли йўқ. Кунига икки соат бўлади, кейин куни билан ўчади. Кечқурунлари умуман свет бўлмайди. Движокларни ишлатамиз, лекин доимий тарзда свет ўчаверса¸ движоклар ҳам фойда бермайди. Оғир беморлар келади, операция пайти свет ўчиб қолса¸ бу беморнинг аҳволига таъсир қилади. Ўтган йили кўплаб нохуш ҳолатлар бўлганини биламиз. Ҳали қаттиқ совуқ бошланмасидан бунинг олдини олиш керак. Мен шифокорман, беморларга ёрдам беришим керак, бунинг учун зарур шароит яратиб берилиши керак. Ҳақиқатан аҳволимиз жуда оғир, дейди Марғилон шаҳридаги болалар шифохонаси врачларидан бири.

Марғилонлик шифокор эътирофидан сўнг Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг бошқа туманларидаги касалхоналарга ҳам сим қоқди.

Қашқадарё вилоятидаги Деҳқонобод тумани касалхоналардан бирида ишлайдиган шифокорнинг айтишича, беморлар қалин кийимлари билан ётишга мажбур:

- Чунки газ ҳам йўқ. Палаталар иситилмайди, совуқ. Свет ҳар куни ўчади. Айниқса роддомда аҳвол оғир. Катталар бир амаллаши мумкин. Лекин, чақалоқлар, янги туғилган чақалоқларга қийин. Ҳозир тўлғоқ тутган аёлларни Қарши шаҳридаги облостной касалхонага жўнатишаяпти, дейди деҳқонободлик шифокор.

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги болалар шифохонасида ҳам айни аҳвол.

Жомбой тумани шифохонаси врачларидан бири бундай вазиятдан чиқишнинг иложини топиб бўлмаëтганини тан олди.

Уларга кўра¸ свет ва газ йўқлиги боис нафақат чақалоқ ва янги туққан аëллар¸ балки врач ва ҳамширалар ҳам оғир аҳволда қолган:

- Свет йўқ, хoналар cовуқ. Янги туққан аёлларга, агар боласининг аҳволи яхши бўлса¸ икки-уч кунда жавоб бервораяпмиз. Бу ерда совуқда ортиқча ушлаб турмай, уйига юбораяпмиз. Беморлар тугул¸ бизга ҳам қийин бўлаяпти. Палаталар совуқ , дейди жомбойлик шифокор.

Ўтган йили Ўзбекистон вилоятларида свет йўқлиги билан боғлиқ оғир шароит боис туғруқхоналарда чақалоқлар нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари¸ қолаверса вилоятлардаги электр тармоқлари ташкилоти масъуллардан касалхоналарда свет ва газ йўқлиги билан боғлиқ абгор аҳвол юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Вазирлик матбуот вакили Фурқат Санаев Озодлик радиоси деган калимани эшитиши билан телефон гўшагини илиб қўйди.

XS
SM
MD
LG