Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:41

1 январдан бошлаб меҳнат муҳожири Россияда фақат патент олиб ишлайди


Россияга иш излаб борган меҳнат муҳожирлари, шу жумладан ўзбекистонликлар 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб бу мамлакатда ишлаш учун патент сотиб олишлари керак.

Бу ҳақда Россия Федерал миграция хизмати (ФМС) раҳбарининг биринчи ўринбосари Екатерина Егоровага таяниб, Россиянинг Новости ахборот агентлиги 18 ноябрь куни хабар қилди.

Россия Давлат Думаси 14 ноябрь куни сўнгги (учинчи) ўқишда қабул қилган қонун шу кунда амал қилаётган тартибни, яъни ҳукумат белгилаган квоталар асосида ишга рухсатнома бериш тартибини бекор қилади.

Мазкур қонун президент Путиннинг ўтган йилги топшириғига биноан ишлаб чиқилгани ҳисобга олинса, ҳужжатнинг давлат раҳбари томонидан имзоланишига шубҳа қолмайди.

Патентнинг “Разрешение на работу”дан фарқи нима?

Бу саволни ўзбекистонликларнинг Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовга бердик:

- Фарқи шундаки, “Разрешение на работу” билан меҳнат муҳожири юридик шахсларга ёлланар эди, патент билан эса, жисмоний шахслар қўлида (масалан, хонадонларда) ишлар эди. Иккинчидан “Разрешение на работу” ажратилган квотага қараб, яъни олдиндан белгилаб қўйилган миқдордагина бериларди, патентнинг эса квотаси йўқ эди. 1 январдан бошлаб меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси патент олиши талаб қилинади, деди Усмонали Баратов.

Патент қандай олинади?

Патент олиш учун меҳнат муҳожири бир қатор ҳужжатларни патент берувчи идорага тақдим этиши керак.

Новости агентлигига кўра, тақдим этиладиган ҳужжатлар булардир:

саломатлиги тўғрисида дўхтирдан маълумотнома;

рус тилини ва Россия маданиятини билишини тасдиқловчи сертификат (бу ҳужжат ўрнига Россиянинг меҳнат муҳожири ишлаш учун борган республикаси ёки вилоятида қабул қилинган тартиб бўйича имтиҳондан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат қабул қилиниши ҳам мумкин).

Владивостокда олинган патент билан Калиниградда ишласа бўладими?

Йўқ, мумкин эмас. ФМС расмийси Екатерина Егоровага кўра, патент қайси регионда олинган бўлса, ўша региондагина яроқлидир. Меҳнат муҳожири бошқа регионга борса, ўша региондан янги патент сотиб олиши лозим.

Патентнинг патентдан фарқи борми?

Айтилишича, юридик шахсларга (тадбиркорлар, қорхоналар) ёлланидиганлар ҳам, жисмоний шахсларга ёлланадиганлар ҳам оладиган патентлар ҳозирча бир хил бўлади.

Лекин қонун кучга киргач, патентлар тури ҳам ўзгариши мумкинлиги айтилди.

Патент қанча муддатга берилади?

Патент бир йилга берилади, унинг муддатини фақат бир марта узайтириш мумкин.

“Патент асосида бир йил ишлагандан кейин, уни (патентни) бир марта миграция хизматида узайтириш мумкин. Бунинг учун меҳнат шартномаси, дўхтирдан маълумотнома ва бошқа барча зарурий ҳужжатлар тақдим этилиши лозим”, деган ФМС расмийси Екатерина Егорова.

Патент неча пул туради?

Бу савол жавоби сифатида Екатерина Егорованинг мана бу гапини келтирамиз:

“Патент баҳоси, худди ҳозиргидай, жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғи учун аванс тўловдир. Солиқ ставкасини РФ субъекти белгилайди ва у федерал миқёсда белгиланган 1,2 минг рублга қўшиб олинади”.

Масалан, “Москва шаҳрида патент нархи ойига 5 минг рубль бўлиши мумкин, лекин бу масалада узил-кесил қарор ҳозирча қабул қилингани йўқ”, деган Новости ахборот агентлигига Москва шаҳар иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти раҳбари Максим Решетников.

XS
SM
MD
LG