Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:01

Ўш қирғини қурбонлари учун аталган уйлар бошқаларга берилмоқда


Ўш воқеаларидан сўнг қурилган кўп қаватли уйлар.
Ўш воқеаларидан сўнг қурилган кўп қаватли уйлар.

2010 йил Ўш воқеаларидан кейин қурилган кўп қаватли уйларни тақсимлаш билан боғлиқ можаролар ҳали ҳам давом этмоқда. Уйларни тақсимлаш учун тузилган махсус давлат комиссиясининг ўтган ҳафта сўнгида ўтказилган навбатдаги йиғини ҳам жанжал боис тугатилмасдан кейинга қолдирилди. Жанжал уйларнинг баъзилари Ўш воқеаларига алоқаси бўлмаган одамларга берилгани тўғрисидаги баҳсдан келиб чиқди.

Ўш воқеаларидан жабрланганлар учун қурилган уйлар эгаларига эмас, пул берганларга тегаётганини давлат комиссияси ҳам, уй олаётганлар ҳам айтмоқда. Расмийлар бу уйларни ноқонуний олганлар аниқланиб, жазоланишини ваъда қилмоқда.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси Ўш шаҳрида қурган 11та кўп қаватли уйда жами 1400 хонадон бор. Шу кунгача уларнинг ярмидан кўпи бўлиб берилган.

Ўш шаҳар мэриясининг Хусусий уй қуриш департаменти вакили Қадирақун Жўлдўшбаевга кўра, уйларнинг 600дан зиёди Ўш воқеаларида жабрланганлар учун берилган:

- Бугунги кунгача, Ўш шаҳридаги 772 фуқарога уй берилган. Ундан 120си куч ишлатар тизимлари ходимлари учун, 45 ҳонадон кўзи ожиз ва эшитиши ночор фуқароларга, 607 хонадон 2010-йил воқеаларида жабр кўрганларга давлат комисияси томонидан бўлиб берилган. Ҳозирда бизнинг муниципал хусусий мулк бошқармаси балансига 349та уй берилган, ва яна 271та уй балансга топрилиши жараёнида турибди. Умумийлаштириб айтганда, 620 ҳонадонни кейинги комиссия қарорига мувофиқ фуқароларга берамиз,- деди Қадирақун Жўлдўшбаев.

Ўш воқеаларида жабрланганлар учун қурилган уйларни тақсимлаш бўйича давлат комиссиясининг ўтган шанба куни ўтказилган 11-йиғинида қолган уйларни ҳам бўлиб бериш масаласи кўриб чиқилди. Йиғинда бундан аввал тақсимланган хонадонлар жабрланганларга эмас, Ўш воқеаларга умуман алоқаси бўлмаган шахсларга берилгани иддао қилинди.

Мажлисда иштирок этган Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши депутати Бўдўш Мамирова бунга доир бир нечта ҳолатдан хабари борлигини таъкидлади:

- Алмаматов Кайрат Талантбекович исимли йигит биринчи маротаба уч хоналик уй олган. Шундан кейин Талантбек ўғли Кайрат деб туғилгани тўғрисидаги ҳужжатни ўзгартириб, икки хоналик уй олган. Буни мен аввалги йиғинларда ҳам кўтарганман, шу пайтгача биронтанг ҳам тўлиқроқ ўрганмадинглар. Ўша уйнинг тақдири нима бўлади? Алмаматов ҳужжатларни Олой туманидан тайёрлаб келган. У тўполон пайтида Ўшда бўлмаган, Россияда савдо қилиб юрган экан. Нима сабабдан ўша фуқаро, унинг ҳужжатларини тайёрлаб берган кишилар жазога тортилмайди? Бу мендаги бир қанча фактларнинг биригина, деди Бўдўш Мамирова.

Давлат комиссиясининг бошқа аъзоси, Авазқан Ўрмўнова комиссиянинг аввалги қарорларида кўрсатилаган уйлар эгасиз қолаётганидан хайратдалигини айтади:

- Куёви ўлиб, уй олган келинлар қайнота-қайноналари билан судлашмоқда. Марҳум фарзандларига берилиб, бироқ уйни марҳум яқинлари эгаллаб олган ҳолатлар ҳам кўп. Бизнинг комиссия аввалги йиғинларда қарор чиқарган одамларга уй берилмаган. Уйларга бошқа бировлар кириб олган. Бу нима деган гап. Шу нарсаларни аниқлашдан ҳукумат, маҳаллий ҳокимят манфаатдор бўлиши керак. Негаки, улар жавобгардир. Воқеадан 4 йил ўтиб кетди, бироқ уйларни бериш ҳалигача кечикаяпти. Шундай ҳолларнинг барчасини аниқлаб, фош қилиш керак. Негаки эртага халқ бизни, шу комиссия аъзоларини “уйни сизлар бўлиб бергансанлар” деб айблашади,- деди комиссия аъзоси.

Ҳукумат вакиллари ҳам уйларни тақсимлашда ноқонуний ҳаракатлар бўлганини тан олишади. Қирғизистон Биринчи вице-премьер-министри Тайирбек Сарпашовга кўра, бу ҳаракатларнинг барчаси эртами-кечми текширилиб, баҳо берилади:

- Ҳар бир ҳужжатни элакдан ўтказиб, қайта-қайта текширгачгина уй бераябмиз. Бугун ҳам 16-17 одамгагина уй бердик. Кейинги йиғинда қолганларни кўриб чиқамиз. Комиссия аъзоларидан ҳам алоҳида гуруҳ туздик, улар ҳам ҳар бир аризани ўрганиб чиқишади. Коррупция билан, таниш-билиш орқали уй олган кишилар бўлса, уларнинг ўзларигина эмас, уларга рухсат берган, қалбаки ҳужжатларни тайёрлаган одамлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади,- дейди Тайирбек Сарпашев.

Шу пайтгача уйларнинг ноқонуний тақсимлаши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ички ишлар бошқармаси 10дан ошиқ, прокуротура эса 7-8та жиноий иш очгани маълум. Уй олиш учун рўйхатга олинганларнинг 200га яқини ҳужжатлари ноқонуний деган гумон билан текширилмоқда.

Уй олиш учун рўйхатга турган “Ўш шейиттери” жамияти вакиллари комиссия хулосасининг йўққа чиқарилишини талаб қилмоқда, Ўш воқеаларида жабрланган Гулбарчин Жармаматовага кўра, уй олишда порахўрлик ҳозир ҳам давом этмоқда:

- Ҳужжатларимизни кўтариб, югуриб юрганимизга 4 йил бўлди. Ўқ еган, кўзи-боши пачоқланган, яқинлари вафот этган одамлар уй ололмай бошқалар олаяпти. Ҳозир коррупция йўқ дейишади, ҳамма ерда коррупция бор, ҳақиқат йўқ. Фақат пул берганларга, таниши борларга берилаяпти. Бу комиссия ҳам рўйхатни, уй беришни адолатли қарамади. Юзаки қараб, ҳужжатларни тўла текширмай кетиб қолаяпти. Биз комиссиянинг қарорлари бутунлай йўққа чиқарилиб, қайта кўриб чиқилишини талаб қиламиз,- дейди Гулбарчин Жармаматова.

Уйларни тақсимлаш давлат комиссиянинг сўнги 11-йиғини якунига етмади ва кейинга қолдирилди. Унда уйларни имконияти чекланганлар, Боткен воқеаси иштирокчилари ҳамда муҳтожларга бериш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

2010 йилнинг июн ойида Ўшда рўй берган қирғин пайтида 500га яқин одам қурбон бўлган. Минглаб одамларнинг уйлари ёндирилган эди. Халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўш ва Жалолободда ёндирилган хусусий уйлар қайта тикланди. Бундан ташқари ҳукумат 943 одамга кўп қаватли уйлардан бепул квартиралар бериш ҳақида қарор чиқарган.

XS
SM
MD
LG