Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Ўзбек пахтасининг икки нархи ўртасидаги "ижобий фарқ" қайга кетмоқда?


24 ноябрь куни расмий ўзбек нашрлари Молия вазири 30 октябрь кунги буйруғи билан пахтанинг Ўзбекистонда машруълаштирилган икки нархидаги фарқдан ҳосил бўлаëтган маблағни тўплаш ва ишлатиш тартибига ўзгартиш киритгани ҳақида ëзди.

Молия вазирининг 2009 йил 23 февраль кунги 8-сонли буйруғига кўра¸ мамлакатда “Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланган.

Эски ва янги таҳрирдаги ушбу низом орқали Тошкент ҳукумати амалда пахтанинг фермерга берилаëтган давлат белгилаган сунъий нархи ва жаҳон бозорида валютага сотилаëтган нархи ўртасида фарқ борлигини қонунийлаштирган.

Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишича¸ бу фарқнинг ишлатилишига янги буйруқда моҳиятан ҳеч қандай ўзгариш киритилмаган. Улар таъкидича¸ бу низомда сўз бораëтган маблағ¸ яъни давлат фермердан сотиб олиб¸ сўнгра жаҳон бозорида валютага қайта сотаëтган пахта нархи ўртасидаги фарқ тахминан 10 баробарни ташкил қилади:

- Масалан¸ мен давлатга бир тонна пахта берсам¸ менга 1 миллион сўмдан тўлайди (тахминан 300 АҚШ доллари). Бунинг 700 минг сўми банкдан олган кредитимни қоплайди¸ 300 мингини килосига 300 сўмдан қўл теримга берамиз. Шунда бир тонна пахтани тердиришга 300 минг берамиз. Жаҳон бозорида бир тонна пахтани 3000-4000 долларга сотадиган бўлса¸ орадаги фақт 10 баравар бўлаяпти. Ҳар тоннадан камида 2500 доллардан қолаяпти ва қолгани давлат ҳисобида музлатилди дейиладида¸ шундоққина йўқ бўлиб кетаяпти¸ дейди исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган ўзбек фермерларидан бири.

Молия вазири 2009 йили чиқарган буйруққа кўра¸ юзлаб миллион долларни ташкил этиши чамаланадиган бу “ижобий фарқ” “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўпланади.

2009 йилги бу буйруқнинг жорий йил 30 октябрь куни имзоланган янги таҳририда яна солиққа тортилмайдиган бу ижобий фарқнинг 50 фоизи “пахтачилик фермер хўжаликларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ёхуд хизмат кўрсатиш корхоналари олдидаги кредиторлик қарзини кейинчалик хизмат кўрсатиш корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзини сўндириш учун йўналтирилади”¸ дейилган.

Озодлик суҳбатлашган фермерлар эса¸ амалда “ижобий фарқ” деб аталаëтган бу миллионлаб долларлик маблағ фермернинг ярим қарзини қоплашга ишлатилмаслиги таъкидлайдилар:

- Давлат биздан пахтани арзимаган нархда сотиб олгандан кейин¸ биз фақат қарз билан чиқамиз. Берадигани ëнилғи¸ химия¸ ерни ҳайдатиш¸ солиқларни қоплашга етмайди. Арзимаган қандайдир пулни қарздорликни ëпишга деб дотацияга туширворади таниш-билиш қилиб. Дотация дегани поранинг пули берилаяпти¸ дегани аслида. Масалан¸ бизнинг туманда 600 та фермер хўжалиги бўлса¸ шундан 100-150 таси йилига ëпилиб кетаяпти. Шу ëпилиб кетаëтган хўжалик ҳисобига тушаëтган пул давлатнинг ўзида йўқ бўлиб кетади. Қолганларга 3-4 миллион қилиб ташланаëтган дотацияни яна нефтга¸ химияга¸ банк кредитига деб қиммат-қиммат ҳисоблаб олиб қолади.Фермер жуда ҳаққини билса¸ унинг қарздорлигини нари борса 10-15 фоизга ëпиб беришади. Қолгани қаерлардадир йўқ бўлиб кетади¸ дейди Озодлик билан суҳбатлашган фермерлардан бири.

Мустақил таҳлилчилар¸ Ўзбекистонда пахтачиликнинг бошдан охирига қадар мажбурий меҳнатга асослангани¸ давлат босими остида пахта экишга мажбурланаëтган фермердан то уни йиғиб олаëтган талаба ва давлат хизматчиларига қадар айнан пахтанинг икки нархи ўртасидаги улкан тавофутни ушлаб қолиш мақсадида эксплуатация қилинаëтганини таъкидлайдилар.

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда жамоатчиликда орада қолаëтган “ижобий фарқ”нинг қанча экани ва амалда бу маблағнинг нимага сарфланаëтганини кузатиш ва назорат қилишнинг имкони йўқлигини айтади:

- Молия вазирлиги қошида “Қишлоқ хўжалик фонди” деб аталган департамент бор. Айнан шу фонд фермерга пахта учун қанча тўлашдан охирда қанча пулнинг кимнинг ҳисобига тушишига қадар белгилаб беради. Сельхозфонднинг Марказий банкда ўз ҳисоб рақами бор ва пахта экспортидан келадиган даромад ана шу ҳисобга тушади. Бу даромадни ўзлаштиришнинг турли мураккаб механизмлари ўйлаб чиқилган. Жамоатчилик бу ҳисобга қанча пул тушишию бу пулларнинг қаерга кетишидан мутлақ бехабар. Бу фондни Ўзбекистонинг энг тепасида ўтирган саноқли шахслар назорат қилади¸ холос¸ дейди Алишер Илҳомов.

XS
SM
MD
LG