Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:01

Тошкентда Шошилинч тиббий ёрдамнинг ўн шифокори ҳибсга олинди


26 ноябрь куни Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Маркази травматология бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Ҳакимов беморлардан бирининг яқинидан 1,5 миллион сўм миқдорида пора олаётганида ҳибсга олинди. Ўша куни мазкур бўлимнинг яна тўққиз шифокори "Тоштурма" изоляторига ташланди.

Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Маркази (РШТТЁМ) травматология бўлимининг ўн шифокори Тошкент шаҳар прокуратураси ва МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган махсус операция жараёнида қўлга олинган.

Бу ҳақда халқ тилида “16-больница” деб юритиладиган РШТТЁМдаги манба Озодликка хабар қилди.

Манбага кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан махсус кукун билан ишлов берилган 1,5 миллион сўм миқдоридаги пора клиника мижозларидан бири орқали бўлинма бош шифокори Равшан Ҳакимовга берилган. Ҳакимов ўз хизмат хонасида пулни олаётганида ҳибсга олинган.

“Кечадан бери “неотложка” остин-устин бўлиб кетди. Ҳаммаёқ тўполон, Равшандан ташқари яна 10 га яқин дўхтирни олиб кетишган. Билмадим, нима бўлади. Прокуратура аввалдан пойлаб юрган дейишяпти. СНБга ариза берган одам аввал ҳам шундай иш қилган экан, дейишяпти. Ҳамманинг юраги така-пука” дейди “Озодлик” манбаси.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони соҳиби Равшан Ҳакимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Шунингдек, бўлимнинг яна 9 шифокори ҳибсга олиниб, Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов изолятори (Тоштурма) га келтирилган.

Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Маркази ходимасига кўра, клиниканинг травмотология бўлимини таниқли шифокор, тиббиёт фанлари доктори Эркин Валиев бошқаради. Мазкур бўлим икки бўлинма — катталар травмотологияси (Равшан Ҳакимов) ва болалар травмотологияси (Тоҳир Мусаев)дан иборат. Мазкур бўлимда йилига 10 000 дан ортиқ бемор мурожаат қилади.

XS
SM
MD
LG