Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:10

Ўш шаҳар собиқ мэри Мирзақматовга қидирув эълон қилинди


Экс-мэр Мирзақматов ўз тарафдорлари билан Ошдаги митингда. (Сурат 2014 йилнинг январида олинган)
Экс-мэр Мирзақматов ўз тарафдорлари билан Ошдаги митингда. (Сурат 2014 йилнинг январида олинган)

Ўш шаҳар собиқ мэри Мелис Мирзақматовга жиноят иши очилиб, уни қамоққа олиш қарори чиқди. Қирғизистон Бош прокуратураси Мирзақматовни хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айблаб, унга нисбатан қидирув эълон қилди.

Қирғизистон Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра, Мелис Мирзақматов Ўш шаҳридаги Навоий кўчасида жойлашган кўприкни қуриш жараёнида хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, мамлакат қонунларини бузганликда айбланмоқда.

Прокуратура маълумотига кўра, Мирзақматов буйруғи билан 2013 йили кўприк қурилиши учун ноқонуний равишда икки марта тендер ўтказилиб, давлатга 27 миллион сом (Тақрибан 465 минг АҚШ доллари)дан ортиқ зиён етказилган.

27 ноябрда Мирзақматовга сиртдан қўйилган айбловга кўра, у Қирғизистон Жиноят кодексининг 304-моддаси (Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбланмоқда.

Пайшанба куни Ўш шаҳар суди Мирзақматовни қамоққа олиш қарорини ҳам чиқарди.

Мирзақматов мэрликдан кетишидан аввал Ўшнинг Алишер Навоий кўчасида катта эстакада кўпригини қуриш ташаббусини кўтарган. Кўприк лойиҳасига шаҳар бюджетидан маблағ ажратилиб, кўприк қурилишига уюштирилган марафонда бир неча юз минг сом йиғилгани ҳам айтилган.

Ўтган йилнинг декабрида Мелис Мирзақматов Ўш шаҳри мэри лавозимидан бўшатилган. Шундан кейин кўприк лойиҳаси йўққа чиқарилиб, унинг қурилиши бошқа лойиҳа бўйича амалга оширилиши айтилган.

Қирғизистон Бош прокуратураси аввалроқ Ўш шаҳар мэриясининг уч ҳодимига “хизмат амалини суиистеъмол қилиш”, “давлат манфаатига қарши шартнома имзолаган” ва “ноқонуний тендер ўтказган” деган айблов қўйган. Бироқ кўприк қурилиши бўйича айбланаётган шахслар, қўйилаётган айбловлар асоссиз эканини айтишган.

Шу йилнинг 15 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловда ҳокимликка сайланмай қолган Мелис Мирзақматов 2010 йилги Ўш қирғини пайтида ҳам шаҳар мэри лавозимида ишлаган. Қирғизистон ҳукумати уч йил давомида уни лавозимидан бўшатишга бир неча маротаба уринган, лекин бу уринишлар натижа бермаган эди.

Ўтган йилнинг 5 декабрида Мелис Мирзақматов Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинган.

XS
SM
MD
LG