Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:54

Ўзбекистон қамоғидаги журналист Солижон Абдураҳмонов Германияда мукофотланди


Берлинда Солижон Абдураҳмонов озод қилиниши талаби билан ўтказилган протест.
Берлинда Солижон Абдураҳмонов озод қилиниши талаби билан ўтказилган протест.

Ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик журналист 64 яшар Солижон Абдураҳмонов 30 октябр куни халқаро мукофотга сазовор бўлди. Германиядаги Йоханн-Филипп Палм жамғармасининг сўз ва матбуот эркинлигига бағишланган юксак мукофотини Солижон Абдураҳмонов номидан унинг ҳамкасби журналист Қудрат Бобожон қабул қилиб олди.

Германиянинг Шорндорф шаҳрида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимидан қайтаëтган Қудрат Бобожон, Озодлик билан суҳбатда, бу мукофотни Солижон Абдураҳмоновнинг яқинларига тезроқ етказмоқчи эканлигини таъкидлади:

- Солижон Абдураҳмонов қамоқда бўлгани учун унинг ҳамкасби сифатида мен бу мукофотни олдим ва менинг зиммамга бу мукофотни унинг яқинларига тезроқ етказиш каби шарафли вазифа тушди. Мукофотни олиш пайтида мен сўз олиб ўзбек журналисти Солижон Абдураҳмоновнинг сўз эркинлиги учун курашдаги қахрамон эканлигини таъкидладим¸- дейди журналист.

Қудрат Бобожонга кўра¸ Германиядаги Йоханн-Филипп Палм номидаги жамғарманинг сўз эркинлиги ва матбуот соҳасидаги 2014 йилги мукофоти лауреатлари икки нафар бўлган.

- Улардан бири айтиб ўтганимдек, Ўзбекистондан журналист Солижон Абдураҳмонов ва яна бири Баҳрайндан Назиха Сайид (Nazeeha Saeed). Бу икки журналистнинг ҳар бирига мукофот тимсоли билан биргаликда 10 минг евро миқдоридаги пул ҳам берилди. Бу пул 2008 йилдан бери қамоқда қолаëтган Солижон Абураҳмонов оиласига кўмак бўлганидан ҳурсандман, дейди Қудрат Бобожон.

Сўз эркинлиги учун мукофот

“Эркинлик зўравонликка қарши” - бу германиялик матбуотчи Йоханн-Филипп Палм шарафига ташкил этилган жамғарманинг асосий муждасидир.

1766 йили, Шорндорфда жарроҳ оиласида туғилган Йоханн-Филипп Палм, Напалеон бошчилигидаги француз қўшинлари Германияни ишғол қилган пайтда бир ношир сифатида танқидий мақолаларни босишга журъат қилган эди.

1806 йили нашриëтчи Палм таҳаллуси остида ëзилган “Германия ва унинг таҳқирланиши” памфлетини чоп қилганидан кейин у ўша йилнинг 14 август куни у ҳибсга олинади. Аммо жасур матбуотчи Палм қийноқларга қарамасдан, бу памфлет муалллифи номини сотмагани учун тарихга қўрқмас ношир номи билан исми ëзилди.

Йоханн-Филипп Палм суд томонидан ўлимга ҳукм қилиниб, 1806 йилнинг 26 августида осиб ўлдирлади.

Ўша давр иқтидори бошқа ноширларга сабоқ бўлсин учун Палмга чиқарилган ўлим ҳукми аҳоли ўртасида минг нусхада тарқатилади. Ҳукмнинг ўта адолатсиз экани эса аҳоли орасида ғазаб ва норозиликни уйғотгани айтилади.

Германияда сўз эркинлиги тимсолига айланган Йоханн-Филипп Палмни хотирлаш учун Палм жамғармаси бутун дунё бўйлаб ҳар йили матбуот ва сўз эркинлиги учун курашаётган ва жабрланаётган жасур журналистлар, муаллифларни тақдирлаб келади.

Солижон Абдураҳмонов – қамоқдаги лауреат

64 яшар ўзбек журналисти Солижон Абдурахмонов қамоқққа олингунига қадар Uznews.net, IWPR (Уруш ва тинчликни ёритиш институти), Озодлик радиоси ва “Америка овози” каби ахборот агентликларида ишлаб келган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ Абдураҳмонов 2008 йилнинг июнида уйдирма айбловлар билан Ўзбекистонда ҳибсга олиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кузатувчиларга кўра¸ тергов ва суд унга қўйилган гиёҳвандфурушликка доир айбловининг қанчалик ҳақлигини текширишга ҳатто уринмаган ҳам.

2009 йили Халқаро Амнистия ташкилоти Абдураҳмоновни виждон тутқуни дея эътироф этди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар Абдураҳмоновнинг қамалишига унинг журналистик ва ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти сабаб бўлганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматидан уни озод қилишни талаб қилиб келади.

Ўтган ҳафта америкалик саккиз сенатор Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, бошқа сиёсий махбуслар қаторида Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини талаб қилган эди.

Қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмовнинг Озодликдаги ҳамкасблари уни юксак мукофот билан табриклайди ва унинг тезроқ озодликка чиқарилишига тилакдош.

XS
SM
MD
LG