Москва шаҳар суди икки нафар доғистонлик иш берувчисини ўлдириб, мурдаларни бетон қўйиб кўмиб ташлаганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Ўзбек муҳожири иш ҳақини бермагани учун бу жиноятга қўл урган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Айни пайтда, ўзбекистонлик муҳожирлар томонидан содир этилаётган оғир жиноятлар сони камаймаётир.
Москва вилоятининг Подольское туманидаги коттеж қурилишларидан бирида ерга кўмилиб, устидан бетон қуйиб юборилган икки мурда аниқланди.
Бу қотилликни содир этганликда айбланиб, шу қурилишда ишлаб келган 29 яшар ўзбекистонлик қурувчи йигит қўлга олинди. Москва шаҳар Тергов қўмитаси вакили, Озодлик билан суҳбатда, исми ошкор этилмаётган йигит меҳнат ҳақини бермаган иш берувчиларини шериклари ёрдамида ўлдириб қўйганликда гумон қилинаётганини билдирди.
Исми сир қолиши шарти билан гапирган терговчига кўра, шу йилнинг 16 октябр куни соат 16:10ларда “Солнечный город” қўрғонидаги Подсолнух кўчасида қурилаётган коттежлардан бирининг ҳудудида икки мурда топилган. Улар йўқолиб қолгани тўғрисида полицияга жабрланганларнинг яқинлари мурожаат қилган эди, дея давом этди тергов идораси ходими.
- Оператив ходимлар шу бинода ишлаган ўзбек қурувчиларини тергов қилиб, улардан икки нафари бу жиноятга алоқаси борлигини аниқлаган. “29 яшар қурувчи йигит бу жиноятни ўз бўйнига олди, бироқ иккинчи гумонланувчи шахс аллақачон Ўзбекистонга чиқиб кетишга ўлгурган экан: ҳозир унинг Россияга экстрадицияси масаласи кўриб чиқилмоқда”, деди терговчи ходим.
Айбланувчининг сўзларига кўра, ўлдирилган шахслар шу қурилишни бошқариб келган доғистонлик бригадир ва прораб бўлган. Иш ҳақи берилмаётгани устида чиққан жанжал оқибатида ишчилар бошлиқларни калтаклаб ўлдириб қўйгани, кейин чуқур қазиб, у ерга ташланган ўликларни устига бетон қўйиб юборилгани тахмин қилинмоқда.
Терговчилар ўликларни қотиб қолган бетондан чиқариб олиш учун бир кун сарфлагани маълум.
Тергов қўмитасида ҳозирча икки киши бу жиноятга иқрор бўлгани, бироқ уларни калтаклаб ўлдиришда қолган ишчилар ҳам иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Куни кеча, Москва шаҳар суди Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси (қотиллик) асосида қўзғатилган жиноий иш юзасидан 29 ёшли Ўзбекистон фуқаросини икки ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд маҳкамаси ёпиқ тарзда ўтказилди, зеро айбланувчи полицияга ўлдирилган доғистонликларнинг яқинлари ундан қасос олиши мумкинлигидан хавфсираётгани ва унга таҳдидлар бўлаётганини маълум қилган. Тергов ишлари давом этмоқда.
2014 йилнинг 23 ноябрь куни Москва вилоятининг Пушкино шаҳрида ҳам “Глобус” Савдо маркази қурилишида шунга ўхшаш ҳодиса юз берди. Бино қурилишида ишлаётган тўрт нафар ишчи муҳожир ўз бригадири билан ойлик берилмаётгани устида жанжаллашиб, уриб ўлдирганликда гумон қилинмоқда. Ўз қилмиши изларини йўқотишга уринган меҳнат муҳожирлари бригадирнинг танасини экскватор ёрдамида қурилиш майдончасига кўмиб ташлагани аниқланган.
Пермда ўзбек наша ўстиргани учун жавобгарликка тортилди
Пермь вилояти Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати (ФСКН) бошқармасинаша гиёҳвандлик ўсимлигини ўстирган 50 яшар ўзбекистонлик қўлга олинганини хабар қилди.
“Исми тергов томонидан ошкор қилинмаётган бу шахс сабзавот устирилаётган иссиқхонада наша етиштирганликда гумон қилинмоқда”, дейди Озодликка Пермь вилояти бўйича ФСКН бошқармаси вакиласи Татьяна Толстикова.
Бироқ суҳбатдош бу шахс аллақачон Россия фуқаролигига ўтганига қарамасдан нима сабабдан ўнинг “Ўзбекистонда туғилганига” урғу берилаётгани борасида Озодлик сўровига тушунтириш бера олмади.
- У Ўзбекистон Республикасида туғилган, амммо Пермда истиқомат қилиб келади. Ҳақиқатан, у Россия фуқароси. Кунгур шаҳрида ўзига қарашли дала ҳовлисида жойлашган теплицада сабзавотлар орасида наша усимлигини ўстирган. Жиноий иши Кунгур шаҳар судига ўтказилди, деди Татьяна Толстикова.
Оператив ходимлар тақдим этган видеода дала ҳовлисида ўсаётган ўсимлиларни кўрсатаётган шахс наша уруғларини топиш муаммо эмаслиги ва улар ҳамма жойда ўсаётганини гапирганини кўриш мумкин.
Нарконазорат ходимлари асли ўзбекистонлик бу шахс қонида ҳам гиёҳванд моддалар қолдиқлари топилганини гапирмоқда.
Нашаванд шахс дала участкасидан жами 30 туп пишиб етган наша ўсимлиги мусодара қилинди.
Наркотик моддаларига эга ўсимликни етиштирган 50 ёшли фуқаро маҳаллий қонунчиликка мувофиқ 2 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.
.......
Сўнгги йилларда айнан муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятларга урғу бераётган Россия ҳукумати мамлакатда мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган сиёсатни авж олдирганини маълум қилди. Ўтган бир йилнинг ўзида ФМС томонидан 6 миллион муҳожирдан бармоқ излари олинди, 1 миллион 100 мингдан зиёд хорижликка Россияга кириш тақиқланди.
Федерал миграция хизмати Константин Ромодановский ноқонуний яшаб келган мигрантларга 10 йилгача Россияга кириш таъқиқланиши, оғир жиноятларни содир этган хориж фуқароларига эса умуман Россияга кириш ман этилишини билдирди.