Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:07

Россия фуқароси Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасида калтакланганини иддао қилмоқда


Russia / Tadjkistan Sayfov Bobidzhon was beaten in the Embassy of Tajikistan
Russia / Tadjkistan Sayfov Bobidzhon was beaten in the Embassy of Tajikistan

Ўз яқинининг жасадини Тожикистонга юбориш учун зарурий ҳужжатларни расмийлаштириш учун шу мамлакатнинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилган Россия фуқароси вакиллик ходимлари томонидан қаттиқ калтакланди. Қўли синган, мияси чайқалган ва оғир лат еган бу йигит мамлакат президенти Имомали Раҳмонни танқид қилгани учун жазоланганини иддао қилмоқда.

Жорий йилнинг 3 декабр куни кундузги соат 1-ларда Россия фуқароси Бобиджон Сайфов оғир тан жароҳатлари билан Тожикистон Республикаси элчихонасидан Москва шаҳар Боткина шифохонасининг травматология бўлимига олиб кетилди.

Озодлик билан суҳбатда Бобиджоннинг ўзи элчихонада провокацияга учраганини айтади.

- Жанжал ташқарида бошланди, кейин улар мени ичкарига олиб кириб, 7-10 кишича калтаклашди. Улар арматура биланми урди, қўлимни синдиришди. Ходимлардан бири мени қўли билан итарди, мен унга “Биродар, қўлингни торт!” деганим унга ёқмади. Билмадим, маст ҳолатда эдими. Мени урганлар нафақат қўриқчилар, улар орасида элчихона ишчилари ҳам бор эди. Мен Россия фуқароси, Москвада қайдда тураман. Улардан бири менинг Тожикистон ҳукуматини масжидда танқид қилганимни эшитган экан – мен буни инкор этмайман. Улар мени “Сотқинсан! Фуқаролигингни сотгансан!”, дейишди. Билмадим, бу менга “подстава”дек туюлди, дейди Бобиджон.

Сайфовнинг сўзларига кўра, номаълум шахс унга телефон қилиб, Тожикистон элчихонасига келишни ва нобуд бўлган бир муҳожирнинг жасадини Тожикистонга жўнатиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашишни сўраган.

40 ёшли Бобиджон Тожикистон элчихонаси вакиллари унинг кимлигини олдиндан билиб, атайлабдан жанжал чиқаришганини тахмин қилди.

- Менимча, бу уюштирилган. Масжидларда ҳукуматнинг мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилиши масалалари кўтарилса, мен ҳеч қачон қўрқмаганман, гапирганман - бизда демократия-ку. Кейинроқ улардан бири ўзаро суҳбатда “Мана, у президент Имомали Раҳмонга қарши гап гапирган!”, дейишди. Мен шунчаки ҳақиқатни сўзлаган эдим. Бошим оғрияпти, қўлим синган, бундан олдин иккита операциядан ўтган эдим. Врач кўриб, яна жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкинлигини айтди, дейди Бобиджон Сайфов.

Даволовчи шифокор Сайфовнинг аҳволи оғир эканини тасдиқлаб, унинг аҳволи тўғрисидаги хулосаларни ҳуқуқ мухофазаси идораларига юборилганини маълум қилди.

Озодлик келиб чиқиши тожикистонлик, аммо ҳозирда Россия фуқароси бўлган Бобиджон Сайфовнинг иддаолари юзасидан Тожикистон элчихонасига мурожаат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган элчилик ходими бу гапларни “уйдирма” деб атади.

- Элчихонада ҳаммаси тинч, сув сепгандек эди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Бу ёлғон хабар бўлса керак, деди Тожикистон элчихонаси вакили.

Озодлик оғир аҳволда касалхонада қолаётган Бобиджон Сайидов ишини кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG