Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:49

Оренбургда қурилишда тўрт ўзбекистонлик нобуд бўлди


Россиянинг Оренбург шаҳридаги қурилишлардан бирида осма кажава тушиб кетиши натижасида 4 нафар меҳнат муҳожири нобуд бўлди, яна бири оғир аҳволда реанимацияга ётқизилди. Оренбургдаги ўзбеклар жамоаси 11 қаватдан тушиб кетган мосламадагиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлганини тасдиқлашди.

6 декабрь, шанба куни кечки пайт Оренбург шаҳрининг Просторная кўчасида кўп қаватли бино қурилишида, 11 қаватдан осма кажава қулаб тушди. Маълум бўлишича, кажавадаги қурувчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ҳодиса рўй берган пайтда улар бинонинг ташқарисида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бўлган.

Осма қурилма ичидаги беш ишчидан тўрт нафари ҳалок бўлди, дея билдирди Озодликка Оренбург вилояти бўйича Тергов қўмитаси навбатчиси.

- Терговни Оренбург шаҳар Тергов бўлими олиб бораяпти. Олинган маълумотга кўра, улар Ўзбекистон фуқаролари, 4 киши эканини тасдиқлаймиз. Билишимча, 3 киши ҳодиса жойида, яна бири шифохонада жони узилди. Биттаси тирик, реанимацияда. Ҳодиса юзасидан текширув кетмоқда. Қонунда белгиланган 10 кун ичида нима бўлгани ҳақида тафтиш ҳисоботини эълон қиламиз, деди Оренбург вилоят Тергов бошқармаси расмий вакили.

Озодликка маълум бўлишича, Оренбургдаги ўзбеклар жамияти нобуд бўлган ўзбекистонликлар жасадларини Ўзбекистонга юборишга ҳаракат қилмоқда.

“Ватандошлар” Ўзбек жамоатчилик маркази раҳбари Абдулла Камолов ҳаражатларнинг асосий қисмини қурилиш эгаси кўтараётганини билдирди:

- Шанба куни, кечки соат 6да содир бўлди бу воқеа. Қурилиш объектида люлькада тушиб кетишган: трос узилиб кетибди. Уч киши бирдан ўтди оламдан, тўртинчиси шифохонада ўтди кеча. Бешинчиси оғир аҳволда ўша ерда ётибди. Жами беш киши бўлган. Ҳозир ҳужжатларни тахтлаяпмиз. Чоршанба куни 6-чи "Москва-Тошкент" поездига чиқарворамиз, Худо хоҳласа. Битта нобуд бўлган йигитнинг отаси ҳам бор, шу ерда. Иккитаси Тошкентдан, иккитаси Фарғонадан йигитлар,- деди ўзбеклар жамияти раҳбари Абдулла Камолов.

Олинган маълумотга кўра, қурилишда нобуд бўлган Ўзбекистон фуқаролари булардир:

  1. Умаров Ҳасан Абдувалиевич, 1979 йилда туғилган, Тошкент ш..
  2. Умаров Ҳусан Абдувалиевич, 1979 йилда туғилган, Тошкент ш..
  3. Нўмонов Рўзимуҳаммад Усмон ўғли, 1996 йилда туғилган, Фарғона ш.
  4. Тешабоев Аҳрор Ўринбой ўғли, 1994 йилда туғилган, Фарғона ш.

Яна бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири – Тоҳиров Хайрулла, оғир шикастлар билан шифохонада қолмоқда.

Оренбург Ўзбеклар диаспорасида жабрланган йигитларнинг ҳужжатлари жойида бўлгани, улар қонунан меҳнат фаолиятини олиб борганини аниқлади.

Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 216-моддаси, 3-қисми, яъни “қурилиш ишларини олиб бориш пайтида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши” асосида жиноий иш очилганини маълум қилишди.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, қурилиш кажавасидан техник хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда фойдаланилган.

Афсуски, Россия қурилишларидаги кажава қулаши ўзбекистонликлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг ягонаси эмас.

2014 йилнинг 15 октябрида Москвада бир неча йилдан бери қурилаётган “Москва-Сити” офис марказидаги бинолардан бирининг 10-қаватидан қурувчиларнинг осма кажаваси қулаб тушиши натижасида ўзбекистонлик бир муҳожир - 21 яшар Ғуломжон Нодиржон ўғли Эркаев ҳалок бўлгани, яна олти ўзбекистонлик ишчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Ўша ҳодисада ўлган қурувчи йигит тушиб кетган кабина остида қолиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG