Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:24

Саҳнада ётволиб куйлаган қўшиқчи ва мажлисда пинакка кетган депутат


Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов.
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов.

Санъаткор зотигаям қийин: ҳар қадами ҳисобда. Сал ножўя ҳаракат қилса борми, тамом, “онасини учқўрғонда” кўради! Ана, хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг ҳам бўладигани бўлди.

Ҳаммаси шу ноябр охирида – “Истиқлол” санъат саройидаги концертдан бошланди. Нима жин урди, Жаҳонгир Отажонов саҳнада узала тушиб ётганча қўшиқ айтди. Шу воқеа баҳона бўлди-ю, балога қолди бояқиш.

Санъатга тиши ўтадигану ўтмайдиган, расмию расмий одамлар бебош хонанданинг “хурмача” қилиғини кескин қоралади.

“Саҳнада катта холасининг уйидек ётволишга нима ҳаққи бор?!”

“Ўзи ҳурмат қилмаса ҳам, жилла қурса мухлисларни ҳурмат қилса бўлмайдими?”

“Охирги пайтлар шу боланинг жуда-а бурни кўтарилиб кетди ўзи!”

Хонанда “мудҳиш” хатодан вақтида хулоса чиқариб, концертнинг кейинги кунларида қилиғини такрорламади. Узрхоҳлик ҳам қилди. “Саҳнага узала тушгунча тиканга узала тушсам бўлмасмиди” дея пушаймонлар ҳам чеккандир, ҳойнаҳой. Шунга қарамай, ҳали ҳам хонанданинг саркашлиги катта-кичик давраларда эслаб турилибди.

Вой, намунча инжиқ бўлмасаг-а, қўшиқчи азбаройи “хокисорман” деган мазмундаги мисраларни таъсирчан ифодалаш учун ётиб куйлабди, шунга ҳам ота гўри қозихонами?!

А, лаббай, “Саҳна маданияти-чи, саҳна маданияти нима бўлади” дейсизми? Саломат бўлсинлар! Ана, “Илҳом” театри актёрлари саҳнасига кези келганда онадан туғилгандек қип-яланғоч чиқади, биров ғиринг демайди-ку...

У эмас-бу эмас, негадир санъаткорларга ёпишиб олганмиз. Тақдиримиз ҳам уларнинг қўлида гўё. Эртанги кунимиз қандай бўлишига озми-кўпми масъул одамлар билан эса ишимиз йўқ. Масалан... депутатлар билан.

Телевизорда парламент мажлисида уйқусираб ўтирган ёки росмана пинакка кетган депутатларни кўрсатиб қолишади. Лекин уларни муҳокама қилиш қани энди хаёлимизга келса! Санъаткорларга қилган талабчанлигимизнинг юздан бирини депутатларга қилсак, олам гулистонга айланиб кетмасмиди...

Ўзингиз айтинг, парламент йиғинида депутатнинг ухлаб қолгани уятлироқми ё хонанданинг саҳнада ётволиб қўшиқ айтгани?

“Муаллиф тоза хаёлпараст чиқиб қолди-ку, нима бало, ойдан тушганми?!” деб маломат қилишга шошилманг.

“Ўз фикрига эга бўлмаган депутатларнинг қўлидан нима ҳам келарди. Парламентда бедор ўтирадими, пинакка кетадими – нима фарқи бор?!” деб оғизга уришга ошиқманг.

Жамоатчилик депутатлардан ҳисоб талаб қилаверсин-чи, ажабмас, кесакдан ўт чиқиб, улар ҳам зиммасида катта масъулият борлигини англаб қолса...

Озодлик муштарийси

XS
SM
MD
LG