Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:21

Абдуллоҳ Бухорийни ўлдиришда гумон қилинган шахс ушлангани айтилмоқда


Туркиядаги Incanews нашри имом Абдуллоҳ Бухорий номи билан танилган ўзбекистонлик Мирзағолиб Ҳамидовни отиб ўлдиришда гумон қилинган Россия фуқароси қўлга олинганини хабар қилмоқда. Истанбул полицияси қотилликни тасдиқлади, аммо қўшимча маълумот бермади. Жиҳодчиликни тарғиб қилган андижонлик 38 яшар имом 10 декабрь куни тонгда отиб кетилган.

"Қотилликда Россия фуқароси гумон қилинмоқда"

Incanews нашри қотилликда гумон қилиб ушланган шахснинг "Россия фуқароси эканидан ташқари ҳозирча бирор маълумот йўқ", деб ёзди.

Сурияда жиҳод қилишга даъват қилган ва Ўзбекистонда исломий давлат қуриш тарғиботчиси бўлган Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидов Истанбулнинг Зайтунбурни мавзеидаги уйи ёнида 10 декабрь куни эрталаб отиб кетилган эди.

Islah haber нашрининг ёзишича, имомни кепка ва жинси кийган бир ёшгина эркак отганини кўрган гувоҳлар бўлган.

Озодлик Туркия фуқаролигини олган ва 8 йилдан буён Истанбулда яшаётган Абдуллоҳ Бухорий отилган Зайтунбурни полиция бўлимига боғланди.

Ҳодисани тасдиқлаган полиция ходимлари: "Шундай ҳодиса бўлди. Лекин, бу мавзуда ҳеч қандай ахборот беролмаймиз", деб жавоб берди. Қотилликда гумон қилинаётган шахс ҳақида ҳам бирор маълумот берилмади.

Аммо, Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидовнинг полициядан маълумот олган талабларидан бирининг Туркиядаги Hurriyet-TV тармоғига айтишича, номаълум шахс имомни ортидан ўққа тутган ва имом олинган жароҳатларидан шифохонада жон таслим қилган.

Айни пайтда Абдуллоҳ Бухорийга нисбатан қотиллик тафсилотларини аниқлашга учун адвокат ёллаган Ўзбеклар бирлиги жамияти раҳбари Одам Чевик қотилликда гумон қилиниб, Россия фуқароси йўлга олинганидан хабардор эканини айтди:

- Бизнинг адвокатимиз полиция бўлимидан шундай ахборот олди. Бизда ҳам бошқа маълумот йўқ ҳозирча. Лекин, 3 ой муқаддам Бухорийга суиқасд аломати қайд этилган ва Туркиянинг бир фуқароси йўлга олинган. Ҳозир жиноят иши кўрилаяпти, бир марта маҳкама ҳам бўлди, - дейди Одам Чевик.

Озодликка Туркиядан боғланган ва исмини ошкор қилмаган ўзбекистонликлардан бирига кўра, кўкрак қисмидан битта ўқ еган имом оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган ва амалиёт чоғида оламдан ўтган. Марҳумнинг жаноза намози эса 12 декабрь жума намозидан кейин бўлиши кутилмоқда.

"Суиқасдни ўзбек-рус махсус хизматлари уюштирди"

Одам Чевик ўз кузатувлари, имомнинг сафдошлари ва яқинларидан олинган ахборотлар, бундан ташқари, Истанбулда 3 ойдан буён давом этаётган жиноят иши мазмунидан келиб чиқиб, имомга Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари биргаликда суиқасд уюштирди, деб даъво қилмоқда:

- Имомга сиуқасд таҳдидида гумон қилиниб, 3 ой олдин қўлга олинган Туркия фуқароси А.Э. (ҳуқуқ фаоли бу шахс исмини ошкор қилмади - таҳр.) кўрсатмалари бор. У кўрсатмаларида имом ҳақидаги маълумот учун Россиядан боғланган рус миллатига мансуб шахс катта миқдорда пул ваъда қилгани ва бунга рози бўлганига иқрор бўлган. Бизда суиқасдни Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари уюштирганига ишорат берувчи далиллар тўпланган, - деб иддао қилди Одам Чевик.

Бухорий Ўзбекистон уни қидирувга берганини иддао қилган

Youtube тармоғида шу йилнинг октабрь ойида эълон қилинган нутқида Бухорий Ўзбекистонда қидирувга берилгани, Туркияга келиб, унинг маърузаларини тинглаган ўзбекистонликлар эса юртига қайтгач, махсус хизматлари таъқибига учраганини иддао қилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга оид ваъзларида "Ислом Каримов режими куфрга хизмат қилувчи режим" эканини бот-бот такрорлаган имом мамлакат мусулмонларини Ўзбекистонда Исломий давлат бошқарувини ўрнатишга даъват қилар эди.

Айни пайтда имомнинг сафдошлари Бухорий шу даъватлари учун Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўлдирилган, деб даъво қилмоқда.

"Сўнгги пайтларда у киши Ўзбекистондаги аҳвол, мусулмонларнинг аҳволи ҳақида анча жиддий танқидларни гапираётган эди. 3-4 ой олдин бу кишини Россиями, Ўзбекистоннинг махсус хизматлари отиб кетиши мумкин, деган гаплар тарқалган эди. У киши Ўзбекистондан, Қирғизистондан келган ўзбекларга ёрдам берарди, уларга бошпана берарди. Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати, Каримов системасига қарши одам эди", деди имом Бухорий ўлими ҳақида Озодликка хабар берган манба.

Бухорий жиҳод ҳақида

Абдуллоҳ Бухорий 2011 йилнинг март ойида Туркияга қўшни Сурияда Башар Ассад режимига қарши исёнлар бошланиши билан Ассад режимини қаттиқ қоралаб, унинг режимига қарши жиҳод барча мусулмонлар, хусусан ўзбекистонлик мусулмонларга ҳам фарз бўлди, деб фатво бериши ортидан жамоатчилик диққатини тортди.

У Сурияда жиҳод қилиш ўзбек мусулмонлари учун фарз, деб маъруза қилган биринчи ўзбек имоми бўлди:

- Биз, алҳамдулиллоҳ, Суриядаги жиҳодни бошидан бери бу жиҳоднинг фазилатини, аҳамиятини баëн қилдик. У ерда бир зулм бўлаëтган эди. Суриядаги мазлум биродарларимизни зулмдан қутқаришлик ва у ерда исломнинг ҳукмларини Роббимиз Оллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариатини ҳоким қилишлик ҳар битта мўминга вожиблигини баëн қилганмиз ва биз доим бу нарсани ҳаëтимизнинг охиригача айтамизки, дунëнинг қаерида зулм бўлса, у зулмни йўқотишлик бутун мўминларга фарз бўлади, - деган эди маърузаларидан бири имом Бухорий.

Абдуллоҳ Бухорий жиҳод ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:34 0:00
Бевосита линк

Бухорий ИШИД ҳақида

Шунингдек, Абдуллоҳ Бухорий Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" ҳақида ҳам ўз муносабатини билдирган ва ҳали якуний хулосага келмаганини таъкидлаган эди:

- Менинг ўзимга яна битта жоҳил месаж ëзворибди. Мен бундан олдинги дарсларда "Жабҳатун Нусра", "Аҳроруш Шом"га ўхшаган жамоатларнинг мужоҳидларини, яъни кўпчилигини мен “улар мўминлар” деган эдим. Шу дарсни эшитиб туриб, менга рисола ëзаяптики: “Сен нимага ëлғон гапираяпсан? Уларнинг нимаси ислом? Ҳаммаси кофир-ку улар. Яъни ҳозир бизга ташланиб, бизга бу куфр, адашганлик, фисқни нисбат беришаяпти. Нимага? Давладан бошқаларни кофир демаганлигимиз учун.... Лекин бутун жамоат тўғрисида бир хулосага келганимиз йўқ ва шошилмаймиз ҳам. Битта-иккита жоҳилни деб бутун жамоатни қораламаймиз. Аммо ҳозирги оят, ҳадисларга кўра текширамиз. Келажакда кўрамиз. Агар келажакда бу давлат ëки ИШИД ҳақиқатан ислом аҳлини такфир қиладиган бўлса, мўминларни кофир деб эътиқод қилса, бу аниқлашадиган бўлса, албатта, биз буни қаттиқ рад қиламиз. Чунки бу исломга ва Аҳли сунна вал жамоатга ҳеч тўғри келмаган нарсадир, - деган эди Абдуллоҳ Бухорий.

Аммо¸ Ғарб ҳукуматлари ва шунингдек бугунги аксар исломий давлатларни ҳам куфр деб қоралаган Бухорий танлаш мажбурияти туғилганда ИШИДни танлашини ҳам очиқ баëн қилган.

Исломий давлат жангариларини "хатокор¸ гуноҳкор" бўлиши мумкинлигини таъкидлаб¸ умумиятла уларни "мусулмон биродарлар" деб атаган.

Абдуллоҳ Бухорий ИШИД ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00
Бевосита линк

Унинг маърузалари Интернетда Ihsanilim номи остида очган махсус саҳифаси ҳамда Youtube тармоғда айни номда очган каналида эълон қилиб борилди.

Туркиядаги ўзбек жамоаларидан олинган маълумотга кўра, Абдуллоҳ Бухорий мадрасаларида илм олган ўзбекистонликлар сони юзлабдир, баъзи манбалар эса бир мингдан ортиқ, деган маълумотни тилга олмоқда.

Шаҳрихонлик Бухорий

Абдуллоҳ Бухорий шахси ва фаолияти ҳақида бир-бирига зид маълумотлар бор.

Аксар мустақил манабаларда унинг Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 1976 йилда диндор оилада туғилгани, асли исми эса Мирзағолиб Ҳамидов экани айтилмоқда.

Мустақил манбалар хабарига кўра, у 1995 йилларда Ўзбекистонни тарк этиб, аввалига Ўзбекистон исломий ҳаракатига қўшилган. Сўнгра унинг ҳаракат етакчилари билан низолашиб, Туркияга қочгани айтилмоқда. Баъзи манбаларда унинг байтулмолни ўғирлагани низога сабаб экани иддао қилинади.

Сафдошларидан олинган маълумотларга кўра, марҳум 8 йил олдин Туркияга ҳижрат қилган ва имомлик билан шуғуллана бошлаган. Кейинчалик унинг Туркия фуқаросига уйланиб, бу давлат фуқаролигини олган. Аммо, унинг ўлимидан хабар қилган турк матуботи Бухорийни "Ўзбекистон фуқароси" деб ёзмоқда.

38 яшар имомнинг Зайтунбурнида саккизта мадраса очгани, унинг қўлида Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқаролари, уларнинг фарзандлари дарс олгани айтилмоқда.

Бухорий, унинг Интернетдаги маърузалари билан таниш кузатувчиларга кўра, радикал исломий ғоялар тарғиботи билан шуғулланиб келган.

XS
SM
MD
LG