Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Путин сафаридан сўнг Россияда ўқувчи ўзбек зобитлари сони кўпаядиган бўлди


Ўзбек ҳарбийси
Ўзбек ҳарбийси

2015 йилда Ўзбекистон Қуролли кучлари таркибидаги 3000 зобит Россияда таълим олади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидаги Озодлик манбаси маълум қилди. Айни пайтда кузатувчилар ўзбек ҳарбийлари ва МХХ ходимларининг Россияда таълим олиши Ўзбекистон сиëсий келажагини хатар остига қўйиши мумкинлигини айтмоқда.

2015 йилда 3000 нафар Ўзбекистон Қуролли кучлари таркибидаги зобит Россияда таълим олади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидаги Озодлик манбаси маълум қилди. Манбанинг айтишича¸ 2015 йил Россиянинг ҳарбий таълим муассасаларида таълим олиши учун 3000 кишилик ўзбек зобитларининг рўйхати тасдиқдан ўтган:

- Булар Ўзбекистон Қуролли кучларида xизмат қилаëтган офицерлардир. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таркибидаги ўқув муассасаларидаги иқтидорли талабалар Россиядаги қисқа муддатли курсларга ҳам юборилади¸ деди Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича¸ айни пайтда 500 дан зиëд ўзбек офицери Россияда малака оширмоқда.

10 декабрь куни Тошкентга келган Владимир Путин Ўзбекистон-Россия музокаралари якунларига бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Россия олий ўқув юртларида ўзбекистонлик 12 минг талаба таълим олаётганини тилга олди.

“Тошкентда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиаллари муваффақиятли ишлаб турибди. Жорий йилда Ўзбекистонга 212 та давлат стипендияси ажратилди, республиканинг Россия олий ўқув юртларида ўқиётган фуқароларининг умумий сони эса 12 минг кишини ташкил қилади. Таълим соҳасида бундан кейин ҳам алоқаларни ривожлантирамиз”, деб таъкидлаган Россия президенти нечта ўзбек талабаси ҳарбий соҳада Россияда таълим олаëтганини очиқламади.

Россиянинг “РИА Новости” агентлиги ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Россияда оғир қуроллар ва авиация тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича тайёргарлик ўтаëтгани ҳақида маълумот берган эди.

Ҳозир Россияда истиқомат қиладиган Ўзбекистон қуролли кучларининг исмини айтишни истамаган зобитининг таъкидлашича¸ Ўзбекистон мутахассислари Россиядан олиб келинган қурол-яроғларни ишлатиш учун Россияда малака оширишга мажбур.

Суҳбатдошга кўра¸ Россия Ўзбекистонга қурол сотган пайтда¸ бу қуролларни ишлатадиган ўзбек зобитларини ўқитиб беришни ҳам зиммасига олади.

- Гап бу ерда Ўзбекистон Россиядан сотиб оладиган оғир зирҳли қуроллар ва авиация тизимлари ҳақида кетади. Бу техникани ишлатиш малакасига эга бўлиш Россияда таълим олишни тақозо қилади. Совет давридан қолган анъана ҳозир ҳам давом этмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Россияда чоп этиладиган “Военно-промышленний курьер” нашрида Ўзбекистон армиясидаги Россияга оид техникаларга оид маълумот келтирилган.

Бу маълумотга кўра¸ Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларида 45 та зенит ракета комплекси, 419 та ҳарбий учоқ, 30 та вертолёт мавжуд.

Ўзбекистон қуролли кучлари собиқ зобитининг айтишича¸ “Ўзбек армияси Россия қуролларини ишлатувчи¸ Россия типидаги ва Россияга боғлиқ бўлган армиядир”.

1994 йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланган эди.

2012 йилга келиб эса Ўзбекистон ва Россия ўртасида Ўзбекистон армиясига 2020 йилга қадар қурол етказиб беришда ҳамкорлик қилиш дастури қабул қилинган эди.

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи эса бундай ҳамкорлик истиқболини янада порлоқ қилгани айтилмоқда.

Путиннинг Тошкентдаги нутқида “таълим соҳасида бундан кейин ҳам алоқаларни ривожлантириш” ҳақида гап боради.

Айни пайтда кузатувчилар ўзбек ҳарбийларининг ва МХХ ходимларинг Россияда таълим олиши Ўзбекистон сиëсий келажагини хатар остига қўйиши мумкинлигини айтишмоқда.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати собиқ ходими¸ ҳозир Британияда истиқомат қилаëтган 34 яшар Икром Ëқубов назарида¸ Россияда таълим олган ҳарбийлар ва МХХ ходимлари Москва имо-ишораси билан Ўзбекистони остин-устун қиладиган воситадир:

- Ўзбекистондаги ҳамма офицерлар Москвада малака ошириб келган. Армия¸ МХХ¸ ГРУ ва бошқа тизимлардаги офицерлар Россияда бир муддат таҳсил олишган. Москвада ўқиган зобитларнинг Ўзбекистонга ëки президентга қанчалик содиқлиги катта савол. МХХ зобитлари 23 йилдан бери Россиянинг уч шаҳрида таҳсил олишади. Москва¸ Санкт-Петрбург ва Екатеринбургдаги ўқув марказларида таҳсил олган МХХ зобитлари пировардида Ўзбекистон МХХсида раҳбар лавозимларга эга бўлишади. Бу эса¸ Ўзбекистон учун жуда катта таҳликадир. Чунки Лубянкадан бир сигнал бўлса¸ улар Каримовдан ҳокимиятни тортиб олиб қўйишлари ҳам мумкин¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG