Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:27

Молиявий жиноятларда айбланган Гулистон университети ректори ишдан олинди


Гулистон Давлат университети
Гулистон Давлат университети

Гулистон Давлат университети ректори Ашраф Эминов эгаллаб турган вазифасидан бўшатилди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган манбага кўра, ректор ўқитувчилар рейтингни ошириб ёзиш орқали давлат пулини ўзлаштириш ва бошқа молиявий жиноятларда айбланяпти.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Гулистон Давлат университети ректори Ашраф Эминов вазифасидан бўшатилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган гулистонлик манбага кўра, ректор университетда йўл қўйилган бир қанча молиявий қонунбузарликларга алоқадорликда айбланмоқда:

“Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари университетга келиб мажлис ўтказди. Бу мажлисда кафедра мудирлари ва деканлар иштирок этган. Вазир ўринбосари ректорларинг ишдан бўшатилди, бош бухгалтерларинг билан ревизия-молия бўлимининг бошлиғи ректорларингни бошига етди, жуда катта миқдордаги молиявий жиноятлар аниқланди, деб айтди", дейди манба.

Гулистон Давлат университетининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, университетда ўқитувчилар рейтинг баллини ошириб ёзиш йўли билан катта миқдордаги маблағ ўзлаштирилган:

“Ўқитувчиларнинг рейтинг баллини ошириш ҳисобига 41 миллион сўм ўзлаштирилган дейиляпти. Масалан, ўқитувчи 55 балдан юқори рейтинг баллига эга бўлса, у юқори ставкада маош олади. Ревизия-молия бўлими бошлиғи ўша рейтинг балларини кўтариб ёзиб берган. Албатта буларнинг ҳаммасига ректор имзо чеккан. Албатта ўша ўқитувчилар билан ўртада қандайдир келишув бўлган бўлиши табиий”, дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, бундан ташқари ректорнинг ҳайдовчиси ҳам катта миқдордаги пулни ўзлаштирган:

“Ректорнинг ҳайдовчиси бор. Илгари бу йигит университетнинг коменданти бўлиб ишлаган. Шу йигит комендантлик даврида университетга қарашли мошиналарни сотиб, қарийб 40 миллион сўм пулни ўзлаштирган, дейишяпти”, деди ўқитувчи.

Университетда ишлайдиган бошқа бир манбанинг айтишича, ректорнинг ишдан олинишига бу йилги пахта мавсумида калтаклаб ўлдирилган 2-курс студенти Шамсиддин Бобосаидовнинг иши ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Университет маъмуриятининг ўзини таништирмаган мулозими ректор, бош бухгалтер ва ревизия-молия бўлими бошлиғининг ишдан бўшатилганини Озодликка тасдиқлади. Унинг айтишича, проректор Нусратулла Баракаев вақтинчалик ректор вазифасини бажарувчи қилиб тайинланган.

Бундан олдин, жорий йилнинг 5 сентябрь куни Гулистон Давлат университетининг маънавий ва маърифий ишлари бўйича проректори 35 ёшли Султон Нормаматов пора олганликда гумонланиб, миллий хавфсизлик ходимлари томонидан иш кабинетида ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG