Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:05

Муҳожирларнинг Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари кескин камайди


Рублнинг қадрсизланиши ва долларнинг кескин ошиб бораётгани ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан Россиядан ўз юртларига пул юборишларининг кескин камайишига сабаб бўлаяпти. Мутахассислар Россиядаги пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши 2009 йилги иқтисодий инқироздан буён биринчи маротаба кузатилаётганини таъкидламоқда. Улар бу ҳолат яқин бир неча йил ичида ҳам сақланиб қолишини тахмин қилаётирлар.

Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми камайди

Жорий этилган санкциялар ва нефт нархининг кескин тушиб кетиши МДҲ давлатларидан Россияга келиб ишлаётган муҳожирлар пул ўтказмаларига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда.

Буни тасдиқлаган Россиядаги қатор пул ўтказиш тизимлари мутахассисларига кўра, жорий йилнинг ноябрида Россиядан четга маблағ чиқариш 12 фоизга камайган. Бу ҳақда "КоммерсантЪ" нашри хабар қилади.

“Золотая Корона” тизими директори Иван Ситнов бу тенденцияни муҳожирларнинг оммавий равишда ўз юртларига қайтиши билан боғламасликни сўраган. У келтирган ҳисоб-китобга кўра, ўтган 2013 йилда пул ўтказмалари совуқ тушиши ва ишчиларнинг кетиши муносабати билан 25 фоизга камайган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 35 фоизни ташкил этган.

“Золотая Корона” директорининг пул ўтказмалари камайиши биринчи навбатда долларнинг ошиб бораётгани билан боғлиқлиги тўғрисидаги мулоҳазаларини BLIZKO и Contact тизимлари ҳам тасдиқламоқда.

Экспертлар хулосаларидан Россиядан олиб чиқилаётган маблағларнинг айнан Ўзбекистонга кетаётган ҳажми кескин камайгани эътиборга сазовор. Иван Ситнов 2014 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонга пул ўтказмалари октябрга нисбатан 35 фоизга камайган бўлса, август ойига нисбатан 50 фоизга тушганини айтди.

“КоммерсантЪ” нашрининг ёзишича, ўтган йил ноябр ойига нисбатан Россиядан МДҲ давлатларига жами 6,4 миллиард рублга камроқ пул жўнатилган. Мутахассислар Россияда бошланиб бораётган иқтисодий инқироз туфайли яқин келажакда мигрантларнинг пул жўнатмалари ҳажми ўсишини кутмаса ҳам бўлади, деган фикрни билдирмоқда.

“Қишда қоринга ишлаймиз!”

Озодлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва улар муаммолари билан шуғулланаётган мутахассисларнинг эътиборини мазкур муаммога қаратиб кўрди.

Ростов-Дондаги “Азиз” Ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Қиёмхон Бобоев Ўзбекистонга пул жўнатмалари кескин камайгани сабабларини иш мавсуми тугагани билан изоҳлади.

- Кўпчилик автотраспорт орқали Россияни тарк этаяпти. Бугунга келиб ҳамма кетиб бўлди аллақачон. Январь-февралдан бошланади қайтиш. Масалан, қирғизлар ва тожиклар ўзбекларга нисбатан Россияда ишлаш учун қулайроқ шароитга эга, кўплари ўтроқлашган, фуқаролик олган. Тожикистонликлар аксари қишга қолиб кетади, негадир ўзбеклар бориб-келиб юради. Оммавий кетиб-келаётган асосан ўзбеклардир. Бу ҳар йили кузатиладиган ҳолат. Мана шу кетаётганлар жўнатиб ўтирмайди – улар пулни ўзлари билан олиб кетади. Тўғри, бу ҳолатда долларнинг ўсишини ҳам инобатга олиш керак, - деди пул ўтказмалари ҳажмининг қисқаришини иш мавсуми тугагани билан изоҳлашга уринган Қиёмхон Бобоев.

Москвада квартира таъмирлаш билан шуғулланиб келаётган Музаффар Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида энг зарар кўраётгани – маошга ишлаётган мигрантлар, деган фикрда.

- Шу долларнинг рублга нисбатан қимматлашиб кетгани ташвишлироқ бўлиб турганини айтмасак, қолгани ҳар доимгидек - ўзгаришсиз. Доллар олиш қиммат бўлиб кетди, холос. Асосан ойликка ишлайдиган ишчи, дворник, грузчиклар оёғига катта болта урилди. Ҳатто Ўзбекистон, Тожикистон фуқароларини ҳам айнан ойлик тўлаш масаласи бўйича сократить қилиб юборди, кўчада қолиб кетди болалар. Бунинг ҳаммаси шу рублнинг қадрсизланиб кетганидан – бошқа муаммо йўқ, - дейди таъмирчи Музаффар.

Самарада ишлаб юрган хоразмлик Нурмуҳаммад ҳам пул ўтказмаларининг камайишини мавсум билан боғлайди. У қишда “иш фақат қоринга” бўлишини айтади:

- Биз Ўзбекистонга пул ўтказиб турамиз, фақат ҳозир эмас. Ёзда қачон ишласак, шунда ўтказамиз-да. Қишда иш бўлмайди, мен ҳам фақат қоринга ишлайман, квартира пулига... Доллар 55 бўлди! Ёзда 37-39 дан жўнатган эдик рублни, - дейди нархи ошиб бораётган долларни сотиб олиш тўғрисида ўйламаётганини ҳам гапирган Нурмуҳаммад.

Россия Марказий Банки маълумотига мувофиқ, 2014 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Россиядан бўлган пул жўнатмалари МДҲ давлатларига жўнатилган умумий маблағдан 30 фоизни ёки 2 миллиард 570 миллион долларни ташкил этган (жами Россиядан МДҲ давлатларига бу муддат ичида 8,4 миллиард АҚШ доллари юборилган).

Маълумки, 2014 йил бошидан буён Америка доллари ва Европа валютаси рублга нисбатан қарийб 1,5 баробарга кўтарилди. 12 декабр куни Москва биржасида бир доллар 57 рубл, бир евро эса 71 рублга сотилди.

XS
SM
MD
LG