Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Uznews.net ахборот хизмати ўз фаолиятини тўхтатди


Ўзбекистондаги воқеаларни ёритиб борувчи Uznews.net мустақил нашри ўтган ойги кибер ҳужум ортидан фаолиятини буткул тўхтатганини маълум қилди.

“Барча ўқувчиларимизга биз билан бирга бўлганлари учун миннатдорлик билдирамиз. Бизни собитлик билан кутган муҳлисларимизга алоҳида раҳмат. Бундан беҳад мутаассирмиз. Uznews.net таҳририяти (2005 йил январ - 2014 йил декабр)”, дейилади 19 декабрь куни мустақил нашр саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Ўтган ой бошларида нашр таҳририяти кибер ҳужум уюштирилиши ортидан фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлгани ва келаси йил 5 январидан фаолиятини қайта бошлашини билдирган эди.

Uznews.net муҳаррири Галима Бухорбоева ўшанда нашрга ҳужум уюштирилгани ва бунинг оқибатида мухбирлар ҳаётига бевосита таҳдид юзага келгани боис, нашрни ëпишга мажбур қолиши мумкинлигини айтганди.

Uznews.net ахборот хизмати муҳаррири Қудрат Бобожонов Озодликка 19 декабрь куни мустақил нашр фаолиятини буткул тўхтатиш ҳақида қарор олганликларини тасдиқлади.

- Фаолиятимизни буткул тўхтатяпмиз. Бу асосан ўтган ойги кибер ҳужумлар билан боғлиқ. Журналистларимиз хавфсизлигини ўйлаб шундай қарорга келдик. Тўққиз йиллик фаолиятимиз шу билан тугади,- деди Қудрат Бобожонов.

10 ноябрь куни нашрнинг кибер ҳужум воситасида қўлга киритилгани даъво қилинган молиявий ҳисоботлари, грант берувчилари ва муҳаррир ёзишмалари Интернетга сиздирилганди.

Uznews.net нашри ахборот хизмати ўлароқ Ўзбекистондан хабарлар етказишга ихтисослашган оз сонли мустақил медиа-ташкилотдир.

Сайт Ўзбекистон ичидаги ва унинг атрофидаги воқеалар ҳақида ахборотларни тарқатиш, демократия ғояларини тадбиқ этиш ва мустаҳкамлаш билан шуғулланиб келган.

Uznews.net нашри 2005 йилда икки ўзбек журналиси Галима Бухорбоева ҳамда Қудрат Бобожоновлар тарафидан Тошкентда ташкил қилинган.

Нашр 2005 йил охирида ҳам кибер зарба оқибатида издан чиқарилган. Сиëсий қочқин сифатида мамлакатни тарк қилган икки журналист 2006 йилда нашрни чет элда қайта тиклади. Галима Бухорбоеванинг айтишича, Uznews.net нашрини кунига 20 минг янги муштарий ўқиган.

XS
SM
MD
LG