Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:19

Жиҳодчилар фаол давлатларга борган ўзбекистонликлар Европага киритилмаслиги мумкин


Ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков Шенген ҳудудига кирган Европа давлатларидан бирининг Тошкентдаги элчихонасига виза учун мурожаат қилганида¸ асосий анкетадан ташқари юқорида номлари келтирилган давлатларга борган-бормагани сўралган қўшимча сўровномани тўлдириш сўралганини ëзди:

- Шенген визаси учун ҳужжат топшириш пайтида улар алоҳида қоғозни тўлдиришни сўрашди. Бу қоғозда эса¸ Албания¸ Афғонистон¸ Покистон¸ Сурия¸ Бирлашган араб амирликлари¸ Миср¸ Ироқ¸ Эрон каби давлатларга борган-бормаганингиз ҳақида маълумот тақдим қилишингиз сўралади. Бу давлатларга борганлик¸ автоматик тарзда Шенген визаси берилмаслигини англатадими-йўқми¸ буниси менга қоронғу. Аммо бу саволларга тасдиқ жавоби виза сўрови рад этилишига асос бўлиши мумкин¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Узметроном Интернет газетаси муҳаррири Сергей Ежков.

Журналист¸ асосий анкетага қўшимча бундай сўровномани тўлдириш Шенген ҳудудига кирган қайси давлат элчихонаси томонидан сўралаëтганини очиқламади.

Тахминларга кўра¸ рўйхатга киритилган давлатлар Сурия ва Ироқдаги исломий жиҳодчиларга одам ëллаш ва уларни жиҳодга жўнатиш борасида жиддий хавотир уйғотаëтган мамлакатлардир. Шунингдек¸ рўйхатдаги айрим давлатларнинг турли радикал исломий оқим ва гуруҳлар нисбатан эркин фаолият олиб бораëтгани учун Европа ҳукуматларида хавотир уйғотаëтгани боис рўйхатга қўшилгани айтилмоқда.

Шенген келишуви аъзоси бўлган ЕИ давлатларидан бирининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бундай сўровнома жорий қилиш остидаги мантиқни тушуниш қийин эмаслигини таъкидлади.

- Албания¸ Афғонистон¸ Покистон¸ Сурия¸ Бирлашган араб амирликлари¸ Миср¸ Ироқ¸ Эрон каби давлатларга борганларнинг Европага кириши билан боғлиқ муайян таҳликалар мавжудлиги сир эмас. Ўйлашимча¸ Шенген визаси бериш қоидаларининг ана шу таҳликадан келиб чиқиб яқин орада кескинлаштирилишини кутиш мумкин. Лекин ҳозирча бундай амалиëт бизнинг консуллигимиз томонидан қўлланилаëтгани йўқ. Бу ишни¸ билишимизча¸ чиқиш визасига мурожаат қилган ўзбекистонликлардан ўз ҳуқуқ тизимлари¸ хусусан¸ ОВИР расмийлари талаб қилмоқдалар¸ деди Шенген келишувига аъзо бўлган Европа элчихоналаридан бирининг шахси очиқланмаслигини истаган расмийси.

Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудини ишғол қилиб¸ бу ерда Исломий халифат ўрнатилгани иддаоси билан диний-мазҳабий¸ ирқий ва миллий террор жорий қилган Исломий давлат деб аталаëтган гуруҳ сафида бир неча минг ўзбекистонлик борлиги тахмин қилинмоқда.

Кейинги ойлар давомида Ўзбекистон махсус хизматлари фуқароларнинг Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафига қўшилишини тўхтатиш¸ қўшилганларни эса аниқлаб¸ уларни жазолаш кампанияни кескинлаштирмоқда.

Озодликнинг республика жанубий вилоятларидан бири ҳуқуқ тизимидаги манбаси¸ кузатув ва текширишлар Ўзбекистон фуқароларининг Сурия ва Ироққа¸ асосан¸ Россия ва Озарбайжон ҳудудидан жўнаб кетаëтганини кўрсатганини билдирди.

“Шунинг учун нафақат чиқиш визаси¸ балки янги нусхадаги паспортга ҳужжат топшираëтган¸ айниқса¸ ëш йигитларнинг ҳозиргача қайси давлатларга борганию¸ янги паспорт олгандан кейин қаерга бормоқчи экани МХХ ходимлари ўтказаëтган махсус суҳбатда обдон текширилмоқда”¸ деди Озодлик манбаси.

Расмий манба Ўзбекистон фуқаросининг айрим Европа элчихоналари махсус сўровномага киритган Албания¸ Афғонистон¸ Покистон¸ Сурия¸ Бирлашган араб амирликлари¸ Миср¸ Ироқ¸ Эрон каби давлатларга борган-бормаганлиги¸ Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан махсус ўрганилаëтганини тасдиқлади.

Европа махсус хизматларига кўра¸ айни кунларда Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафида бир неча минг Британия¸ Германия¸ Франция ва Испания фуқароси бор. Алоҳида лагерларда террор хуружлари амалга ошириш учун тайëрланган¸ жиҳодчиларнинг шавқатсиз амалиëтларида бевосита қатнашаëтган бу фуқароларининг Европага қайтиб айни ҳаракатларни ЕИ ҳудудида амалга ошириш эҳтимоли ҳуқуқ тизимларини хавотирга солмоқда.

Ана шу хавотир ортидан Британия Бош вазири Сурия ва Ироқдаги жиҳодда қатнашганликда гумонланган ўз фуқароларини мамлакат ҳудудига киритишни таъқиқлаш учун ўзига ҳуқуқий асос беришни сўраб парламентга мурожаат қилди. Британия ҳуқуқ идоралари Сурия ва Ироққа борган ўз фуқароларини мамлакатга қайтиши билан ҳибсга олиниш¸ уй қамоғида сақланиш¸ полиция томонидан мунтазам кузатувда бўлиш эҳтимолидан ҳам огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG