Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:18

МХХ Сўхга Қирғизистондан пилотсиз учқич ўтганига эътироз билдирди


Беларус чегарачилари Польша билан чегара ҳудудида пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратни ишга туширишмоқда.
Беларус чегарачилари Польша билан чегара ҳудудида пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратни ишга туширишмоқда.

Фарғона вилоятининг Қирғизистон қуршовидаги эксклави Сўх туманида 16 декабрь куни номаълум учувчисиз аппарат ҳаракати қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди. Айни пайтда Озодлик билан суҳбатда Бишкек расмийси бундай баëнотни рад қилди.

МХХнинг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарда айтилишича, 2014 йилнинг 16 декабрь куни кундузги соат 11:15 да Қирғизистоннинг Боткен вилояти томондан оқ рангли учувчисиз аппарат ноқонуний равишда Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган. Аппарат 250 метр баландликда ичкарига 7,5 километр кириб, соат 12:15 да Қирғизистон ҳудудига қайтиб ўтган.

Қирғизстон Давлат чегара хизмати қирғиз-ўзбек чегарасида бундай воқеа юз бермаганини билдирмоқда. Хизматнинг жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлими раҳбари Гулмира Бўрубаеванинг Озодликка айтишича, учувчисиз аппаратнинг Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний тарзда ўтгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқдир:

- Учувчисиз аппаратнинг қирғиз-ўзбек чегарасини бузиб Ўзбекистон ҳудудига ўтгани биз тарафимиздан қайд этилмаган. Қирғиғистонга тегишли бўлган учувчисиз аппаратнинг чегарани бузиб ўтгани ҳақидаги маълумот эса тўғри эмас. Бу маълумот ҳақиқатдан йироқ, деди Гулмира Бўрубаева.

Исмини очиқлашни истамаган сўхлик Озодлик билан суҳбатда бир неча кун аввал Қирғизистон тарафидан Сўх туманига учиб ўтган номаълум учувчи аппаратни сўхликларнинг кўпи кўрганини тасдиқлади:

- Мен бу нарсани ўз кўзим билан кўрганман. Соат кундузги 11-12 ларни орасида эди. Кўчада турган эдик, тепамизга қарасак ўша нарса кетаяпти. На товуши бор, на бошқаси бор. Роса ҳайрон қолдик. Нима экан¸ деб қараб турдик. Бу нарса Қирғизистондаги Ҳайдаркан томондан келди, деди суҳбатдош.

Унга кўра, учувчисиз аппарат Сўх осмонида бир соатдан кўп учганидан сўнг Қирғизистон ҳудудига қатиб ўтиб кетган:

- Ёлғон гапирмасам, мен бир соат, бир ярим соат учганини кўрдим ўша нарсани. Адашмасам 500 метр баландликда учди. Самолётдан кичкинароқ, лекин кўриниши самолётга ўхшайди. Ранги оқ. Кейин Қирғизистонга қайтиб учиб кетди, деди Сўх эксклави турғуни.

Унинг айтишича, номаълум аппарат сўнгги бир неча кун ичида Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига икки марта учиб ўтган:

- Кечами, кечадан олдинми - яна ўтда ўша нарса. Шуни мен икки марта кўряпман. Нималигини билмадим энди, дейди исмини очиқлашни истамаган суҳбатдош.

Миллий Хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси 16 декабрда рўй берган воқеа бўйича эълон қилган маълумотида яна шундай ҳолат юз берса, Ўзбекистон ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун барча зарурий чораларни кўриш ҳуқуқидан фойдаланишга мажбур бўлишини билдирган.

Ўзбекистон чегарасида пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратлар билан боғлиқ можаро илк бор рўй бераётгани йўқ. 2012 йилнинг февраль ойида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистога қарашли дрон қозоқ чегарасини бузиб, мамлакат ҳаво ҳудудига ноқонуний ўтганига оид хабар берган эди.

Бундан бир ой олдин, 2014 йилнинг 26 ноябрида Вазирлар Маҳкамаси пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG