Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:18

Бошқарилаётган рақобат: "25 яшар номзод олган овозлар ўғирланди"


Сурат Xushnudbek.uz саҳифасидан олинди
Сурат Xushnudbek.uz саҳифасидан олинди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан депутатликка кўрсатилган 25 яшар номзод Хушнуд Худайбердиев олган овозлар амалдаги депутат-номзод фойдасига сохталаштирилгани иддао қилинмоқда. Туман ҳокими Равшан Комилов бунга алоқадорлигига оид иддаоларни рад этди. Аммо, ижтимоий тармоқларда буни тасдиқловчи шарҳлар қолдирилди ва Худайбердиев ҳам тармоқлардаги саҳифаларини ёпиб қўйди.

“Адолат” социал демократик партиясидан Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига Чироқчи туманидан кўрсатилган номзод, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг етакчи юрисконсульти, 25 ёшли Хушнуд Худайбердиевга берилган овозлар унинг рақибларидан бири, амалдаги депутат-номзод номига ўтказиб берилгани иддао қилинмоқда.

Озодликка мактуб ёзган чироқчилик манба иддаосича, овозларни сохталаштиришга, гўёки, Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бош бўлган:

Тоғам сайлов комиссиясида котиб бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, кеча Чироқчи ҳокими Равшан Комилов кечқурун ҳокимиятда ҳамма сайлов комиссия раиси ва котибларини йиққан... Хушнудни 60%га якин овоз олганини кўриб ҳаммага қараб бақирган. “Нега мен айтган одамни сайламадинглар” деб бақирган. Лекин виждонли инсонлар ҳам бор экан. Торжилға қишлоғидан бир котиб йигит туриб “мен ўзгартирмайман, халқни овозини қандай ўзгартирамиз” деганда ҳоким милиция чақиртириб “қамайсан буни” дебди... Баённомаларни қайта ёзиб овозлар сонини ҳаммага қалам билан ёздириб олишган. Ручка билан ёзгани қўймаган ҳеч кимга”, деб ёзади манба.

Сайлов баённомаси
Сайлов баённомаси

Манба Хушнуд Худайбердиев олган овозлар ҳақидаги баённомалардан нусха ҳам жўнатган. Бу баённомаларда олтита сайлов участкасида Худайбердиев сайловчиларнинг 70-83 фоиз овозини олгани кўрсатилган.

Хушнуд Худайбердиев сайлов натижаларини кузатган ваколатли вакили олган маълумотларга таяниб, ўз блогида кўп овоз олганини 22 декабрь куни эълон қилди:

Хушнуд Худайбердиев веб саҳифасидан кўчирма
Хушнуд Худайбердиев веб саҳифасидан кўчирма

Энди бирламчи сайлов натижаларига тўхталсам. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 119-Чироқчи сайлов округидан кўрсатилган номзодлар қуйидагича овоз олишди: Худайбердиев Хушнуд Ғайратович – 55,3%, Эшмаматов Зафар Қабулович – 33,2%, Қулматов Фозил Тулаганович – 7,4%, Рахматов Саттор Неъматович – 4,1%”, деб ёзади Хушнуд Худайбердиев.

Қизиғи, орадан бир неча соат ўтиб, бу мақола ёш номзоднинг блогидан ғойиб бўлди. Аммо, ижтимоий тармоқларда бу блоггернинг кузатувчилари кўп бўлгани боис, бу мақола тез орада тарқалишга улгурди.

Чироқчи туманининг Уйшун қишлоғида яшовчи ўқитувчи ҳам Озодлик билан суҳбатда Хушнуд Худайбердиев ҳамма рақибларидан кўп овоз олгани ва ҳалол сайлов учун участка раисига миннатдорчилик билдирганини тасдиқлади:

“69-мактаб директори Шукур домла 547-сайлов участкаси раиси бўлган. Кеча Хушнуд Худайбердиев мактабга келиб домлани қучоқлаб кўтариб олди. Мен ғолиб бўлдим, раҳмат, деди. Ҳаммамиз ҳам ўзимиздан чиққан ёш ва ғайратли йигит ғолиб бўлганидан хурсанд бўлган эдик”, деди уйшунлик ўқитувчи.

Озодлик Чироқчи туманидаги сайлов участкаларидан бирининг раиси билан боғланиб, Хушнуд Худайбердиев олган овозларни сохталаштиришга оид ҳокимнинг буйруғи ҳақида сўради. Сайлов участкаси раиси икки суткадан буён ухламаганини рўкач қилиб, саволга жавоб беришдан қочди.

Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов эса Озодлик билан суҳбатда, сайлов участкалари раислари ҳеч қандай буйруқ бермагани, овозларни сохталаштириш иддаолари асоссизлигини айтаркан: “Менинг сайлов ишига аралашишга умуман ҳаққим йўқ”, деб таъкидлади.

Номзодлар олган овозлар
Номзодлар олган овозлар

Айни пайтда, Твиттер ва Фейсбук ижтимоий тармоғида Хушнуд Худайбердиевга берилган овозлар сохталаштирилганига ишорат берувчи шарҳлар қолдирилди.

Шунингдек, Худайбердиевнинг ўзи 23 декабрь куни Фейсбукдаги саҳифасини "фитнадан сақланиш мақсадида" ўчириб қўйди.

Озодликнинг Хушнуд Худайбердиевга қилган мурожаатлари ҳозирча натижасиз қолмоқда.

Айни пайтда, 25 яшар номзодга нисбатан ҳақсизликка қаршлигини иддао қилиб, Озодликка мактуб битган манба чироқчиликлар Президент девонига шикоят қилмоқчи эканини ҳам айтмоқда:

"Қишлоғимиз оқсоқоллари билан Президент девонига шикоят ёзмоқчимиз. Қўлимиздаги сайлов баённомаларини хам такдим киламиз. Буни шундай қўймаслик керак. Агар натижа шундайлигича қолса, кишлогимиз кейинчалик сайлов-пайловда қатнашмаймиз деяпти, одамлар", деб ёзилади мактубда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловнинг якуний натижаларини ҳали эълон қилмади. Якуний натижа 31 декабрь куни матбуотда эълон қилиниши кутилмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, Олий мажлиснинг Қонунчилик палатасига 135 депутатдан 113 таси сайланган. 22 округда эса сайлов қайта ўтказилади. Ҳозирча, Хушнуд Худобердиев номзоди кўрсатилган 119-Чироқчи сайлов округида депутат сайланганми ёки йўқми - ҳозирча номаълум.

Дастлабки натижага кўра, сайловда Либерал-демократик партия етакчилик қилмоқда. Ушбу партиядан 47 нафар, “Миллий тикланиш” партиясидан 28 нафар, Халқ демократик партиясидан 21 нафар, “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар депутат сайланган.

Шунингдек, Экологик ҳаракатнинг Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси анжуманида яширин овоз бериш йўли билан сайланган 15 номзод Қонунчилик палатасига депутат бўлган.

XS
SM
MD
LG