Россия шоу-бизнеси юлдузлари Филипп Киркоров ва Стас Михайлов об-ҳаво шароити ва бошқа муаммолар туфайли Москвага учолмай қолди. Бу нохуш ҳодиса Стас Михайловнинг Реутов шаҳридаги концерти бошқа кунга кўчирилишига сабаб бўлди.
Михайловнинг айтишича, “Аэрофлот” ширкати учоғи кеча Тошкентдан тонгги соат 4 да учиб кетиши керак эди, бироқ об-ҳаво ёмонлиги туфайли парвоз кейинга сурилган.
Стас Михайловнинг Youtube сайтида эълон қилинган видеомурожаатида қўшиқчи юзага келган вазият важидан 23 декабрь куни Москва вилоятининг Реутов шаҳрида ўтажак концерти бошқа кунга кўчирилишини таассуф билан билдирган.
- Биринчи навбатда¸ мени Реутов шаҳрида кутаётган томошабинлардан узр сўрамоқчиман. Бу ерда форс-мажор вазияти юзага келди. Ширкат бизга самолёт учмаслиги ҳақида хабар қилиб қўйиши мумкин эди, дейди Стас Михайлов.
Бироқ россиялик қўшиқчилар ва бошқа йўловчилар бир неча соат кутганларидан кейин уларга яна 12 соат кутиш лозимлигини айтишган. Бу сафар учувчининг ҳаддан зиёд чарчагани, парвоз олдидан унинг дам олишга эҳтиёжи борлигини баҳона қилишган.
Маълумотларга кўра, россиялик қўшиқчилар Тошкентдан 24 декабрь тунги соат 1 да учиб кетиши лозим эди. Бироқ бу парвоз амалга ошган-ошмагани ҳақида Тошкент аэропортининг қатновлар бўйича маълумот хизмати ҳам, тарифлар бўйича маълумот хизмати аниқ гап айтолмади.
- Бизда бунга оид маълумот йўқ, дея гапни қисқа қилди Тошкент аэропорти ходимаси.
“Аэрофлот” ширкати матбуот хизмати вакиласи эса бу масалани ўрганиш учун бироз вақт керак бўлиши, оммавий ахборот воситасидан расмий талабнома юборилган тақдирда бир неча соатдан кейин жавоб берилиши мумкинлигини маълум қилди.
Бу орада Стас Михайловнинг расмий сайтида қўшиқчининг Москвага учиб борганига оид видео пайдо бўлди. Унда қўшиқчи Москва вақти билан соат 3.30 да Шереметьево аэропортига етиб келишганини айтган.
Тошкент аэропортида қарийб бир сутка қолиб кетган россиялик поп-юлдузлар Стас Михайлов ва Филипп Киркоров Ўзбекистон пойтахтига қўшиқ айтиш учун келганлари маълум, бироқ уларнинг Тошкентда кимлар ҳузурида куйлагани очиқланмаяпти.
Михайловнинг Одноклассники тармоғидаги саҳифасида унинг Реутовдаги концерти 24 декабрь куни соат 19 га белгилангани қайд этилади.
Стас Михайлов ва Филипп Киркоровнинг Тошкент аэропортида қолиб кетгани онлайн-нашрлар муштарийлари томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Шарҳловчилардан кимдир бу ҳолат юзасидан таассуф изҳор қилса, бошқаси қўшиқчиларнинг Ўзбекистонда қолиб кетганидан хурсандчилигини яширмайди.
“Бизга дўст бўлган ўзбек халқи, илтимос, уларни ўзингиз томонда олиб қолинг! Барибир сизларда пахта терадиган одам қолмаган, бу ёқда эса иккита соғлом ва мутлақо кераксиз икки пешона турибди”, дея қочириқ қилади Vasiliy Popov исмли шарҳловчи.
SeverDM92 никли шарҳловчи эса: “Стас, Фил, қайтишга шошилманг, ўзбеклар юртида бир-икки йил... балки ундан ҳам кўпроқ яшаб келинг. Биз ҳам бу ерда сизлардан дам оламиз. Шунақа қилсангиз, ниҳоят иқтидорли ёшларнинг эстрадага йўли очилиб кетса ҳам ажабмас”, деб ёзади.
“Стасдек масъулиятли артист учун бу катта ташвиш-изтироб, унга боғлиқ бўлмаган бу мушкул вазият тезроқ яхши томонга ҳал бўлишини истаймиз”, деб ёзади ymarist никли шарҳловчи.
Ўзбекистон бойлари россиялик поп-юлдузларни доим қучоқ очиб кутиб олишган.
Хусусан¸ номи юқорида зикр этилган Филипп Киркоров ёки бошқа қўшиқчилар ўзбекистонлик "криминал авторитет" Салимбой Абдувалиев саҳоватидан кўп баҳраманд бўлгани ҳақида Озодлик аввал ёзганди.