Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:40

Идора Янги йилни кутиб олиш "шаръан жоиз" деб фатво берди


Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Янги йил байрамини кутиб олиш "ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз", деб фатво берди. Шайх Абдулазиз Мансур бу фатво мазмунини шарҳлар экан, "бунда гап Янги йилни кутиб олиш ҳақида бормоқда, нишонлашга рухсат йўқ" деди. Фарғонада танилган имом Рашод қори Камолов эса буни "мутлақо шариатга зид фатво" деб қоралади.

Мусулмонга ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз байрам

Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook саҳифасида баҳсларга сабаб бўлаётган фатво матнида мусулмонларга Янги йилни кутиб олишнинг "шаръан жоиз"лиги шундай асосланган:

"... халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. Биз шу каби кимсаларга яна бир бор эслатиб қўймоқчимизки, 1-январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун.

Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз экан", дейилади Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси расмий сайтида чоп этилган фатво мантида.

Озодлик тингловчиларининг хабар қилишича, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлардаги аксарият масжидларда жума - 26 декабрь кунги намозда имомлар ана шу маъруза матнини ўқиб эшиттирган.

Муҳими, келаётган хабарлар мазмунидан оддий намозхонлар бу маърузани "Имомлар Янги йилни нишонлаш жоиз, деб фатво берди" мазмунида қабул қилгани кўринмоқда.

Оламшумул фатвога ҳужжат - "Рум" сураси

Шунингдек, Мусулмонлар идораси ўз фатвосига асослардан бири сифатида "Рум" сурасининг 1-5 оятларини келтирмоқда. Quran.uz сайтида идора фатвосида келтирилган оятлар таржимасига ёзилган шарҳда, жумладан, шундай дейилади:

"... Бадр кунида румликлар форслар устидан ғолиб келди. Муъминлар румликлар мажуслар устидан ғалаба қилганидан шодланишди".

Фатво мантида эса бу оятлар мазмунининг Мусулмонлар идораси фатвосига қай тариқа ҳужжат бўлиши мумкинлиги шундай тушунтирилган:

“Баёнун линнос” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг 1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа муҳим воқеа юз берган саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган".

Абдулазиз Мансур идора фатвосини шарҳлайди:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Янги йилни кутиб олиш қай асосда "шаръан жоиз" эканини шундай асослади:

- Қуръони каримда "Ой ва қуёшни сизларнинг йилларни ой ва қуёш ҳисобида белгилаб боришингиз учун яратганман", дейди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бошлаб, диний маросимларни, байрамларни, Ҳайит ва Рамазон ойи, Ҳаж маросимларини ой тақвими асосида олиб борамиз. Аммо, бу дегани қуёш тақвими билан мусулмонларнинг иши бўлмасин, дегани эмас. Зеро, дунё билан алоқаларимиз ва дунёвий ишларимизни мелодий тақвимга кўра юритамиз. Хўп, шу мелодий сана янгиланаётган экан, йил янгиланишини, Янги йилни яхши ниятлар билан, яхши дуолар билан мусулмонлар кутиб олса, нима бўпти?! Фақат бунда кутиб олиш ҳақида гап кетаяпти, унақа ғайридинларга ўхшаб, ичкилик ичиб, арча безатиб нишонлаш ҳақида эмас. Бунга рухсат йўқ. Шунчаки, одатий оила даврасида яхши дуолар билан, тилаклар билан Янги йилни кутиб олишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, - дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Қуйида шайх ҳазратлари билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Абдулазиз Мансур: Янги йилни нишонлаш эмас, кутиб олиш жоиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:38 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон мусулмонлар идораси бунга қадар ҳам Наврўз, 8 март, Янги йил ва шу каби бошқа расмий байрамларни нишонлашга рухсат бериш мазмунидаги фатволарни эълон қилган ва бу ҳам оддий мусулмонлар, ҳам аҳли илмлар ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Рашод қори Камолов идора фатвосини қоралайди:

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги ўзбеклар орасида танилган ёшгина имом Рашод қори Камолов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бу фатвосини мутлақо шариатга зид, деб қоралади:

- Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилиб келганларида биз мусулмонлар учун икки Ҳайитни байрам қилишни тайин қилганлар. Ҳанафий мазҳабимизда бундан бошқа байрам йўқ. Бошқа диндагиларнинг умумий байрамлари билан табриклаш харом қилинган. Диний байрамлари билан табрикланганда эса, бизнинг Имоми аъзам мазҳабимизда "кофир бўлади", дейилган. Энди, Янги йилни кутиб олиш, дейиладими ёки нишонлаш, дейиладими - бунинг мазмуни битта, мен учун. Шунинг учун, мусулмон одамлар бунақа сарой олимлари ёки сарой учун хизмат қиладиган даъватчилардан иймонини эҳтиёт қилсин, мен шуни тавсия қиламан, - дейди Рашод қори Камолов.

Қуйида Рашод қори билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Рашод қори: Янги йилни кутиб олиш шариатга зид
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG