Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:11

Жиззахлик аëл пикет қилиб ер участкаси олди


Куразова ўз ҳақини талаб қилиб 11 марта пикет ўтказди.
Куразова ўз ҳақини талаб қилиб 11 марта пикет ўтказди.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган уч фарзанд онаси 30 яшар уй бекаси Виолетта Куразова Ўзбекистон президенти қароргоҳи олдида 11 марта норозилик пикети ўтказганидан кейин ундан тортиб олинган ҳовли жой ўрнига ер участкаси олди.

4 январь куни Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов Вилоетта Куразованинг тортиб олинган ҳовлиси эвазига ер участкаси ажратилгани, Куразова оиласининг пропискаси қайта тикланганини унинг ўзига маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда Куразова Дўстлик тумани хўжалик суди қарорига кўра¸ 2013 йили январь ойида тортиб олинган ҳовли жойи ўрнига ер участкаси берилганлигини билдирди:

- Ҳозирча уйимни қайтариб беришмади. Мустақиллик майдонида пикет қилганимдан кейин 9 сотих ер участкаси беришга ваъда қилишган эди. Ана шу ваъда бажарилди. Бекор бўлган пропискамини ҳам тиклаб беришди. Тортиб олинган уй масаласини уч йилдан кейин ҳал қилишга ваъда беришди. Ҳақиқат қисман қарор топди. Лекин, мана шу озгина натижага эришиш учун икки йил мобайнида 11 марта норозилик пикети ўтказдим. Бу пикетларнинг ҳаммасини Тошкентда ўтказдим. Жиззахда биров мени гапимни эшитмаслигини билганимдан кейин Тошкентга бордим. Фақат Тошкент ëрдам беради, дея ишонганим учун айнан ўша ерда уч болам билан мунтазам пикет қилдим¸- дейди талаби қисман қондирилган аризагўй.

Куразова ўз ҳақини талаб қилиб, 2013 йилдан бери Тошкентдаги мустақиллик майдони ва Ўзбекистон президенти қароргоҳига яқин жойларда 11 марта пикет ўтказган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаевага кўра¸ жиззахлик оддий уй бекасининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, қисман бўлса ҳам самарага эришгани бошқаларга ўрнак бўладиган ҳолат.

Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича¸ Куразова Тошкентда пикет қилганида милиция ходимлари тарафидан қўлга олиниб, доимо Жиззахга олиб бориб қўйилган.

- Масалан, Куразова ўтган йилги пикетларидан бирини Ўзбекистон президенти девони олдида ўтказди. Беш минут ўтмасдан, Вилоетта ва унинг фарзандларини Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб кетишди. Виолеттани ўша куннинг ўзида Жиззахга олиб бориб ташлашди. Шунга қарамасдан Виолетта пикет ўтказишдан ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тўхтамади,- дейди Елена Урлаева.

“Бахт” маҳалласидаги уй можароси

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган уч фарзанд онаси 30 яшар Виолетта Куразовани 11 марта пикет қилишга ундаган муаммо ҳақида икки оғиз гапирсак.

Куразова бизга тақдим қилган ҳужжатларга кўра¸ Ғаллаорол тумани “Бахт” маҳалласидаги Лалмикор туманидаги уй соҳибаси тирик пайтида ўз ховлисини Вилоетта Куразовага ҳадя қилади.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра¸ "Ҳадя" нотариал расмийлаштирилган. Куразованинг айтишича¸ уй соҳибаси ўзи бориб Куразовани ўз уйига прописка қилган.

Уй соҳибаси 2013 йилда оламдан ўтганидан кейин уйга талабгорлар пайдо бўлади. Бу талабгорлар даъвоси бўйича очилган маҳкама Вилоетта Куразовани уйга эгалик қилиш ҳуқуқидан мосуво қилади.

Суд қарорига кўра¸ Куразованинг пропискаси бекор қилинади. Куразова бўлса¸ ўз ҳуқуқларини талаб қилиб норозилик пикетлари ўтказишни бошлаб юборади.

2014 йилда туман ҳокимияти Виолетта Куразованинг талабларини қисман қондирди. Куразованинг пропискаси тикланди ва талабгорга ер участкаси ажратилди.

Озодлик билан суҳбатда Куразова ўз ҳақ-ҳуқуқлари тўла тикланмагунича ўз курашини давом эттиришини айтди.

XS
SM
MD
LG