Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

Ўзбекистонда армияга "минг долларлик" чақирув эълон қилинди


Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ёшидаги йигитлар учун хизматга чақирув эълон қилинди. Озодликка сўзлаган муштарийларга кўра, армияга бориш истагида бўлганлар ҳам, қолишни хоҳлаётганлар ҳам ҳарбий мажбурият масаласини ҳал қилиш учун катта миқдорда, баъзи вилоятларда эса 1000 АҚШ долларига қадар пора беришга мажбур қолаётганидан нолимоқда.

Самарқанд вилояти Пайқариқ туманида яшовчи Шодиёр ҳарбий хизмат ёшида ва у бир йиллик ҳарбий хизматга боришни хоҳлаши, лекин имкони йўқлигини айтади.

- Бир йиллик хизмат учун 1000 доллар бериш керак экан, боролмаяпмиз. Танк кучлироқ бўлса, 800 доллар. Шуни бермасангиз, кетолмайсиз. Тумандаги Мудофаа ишлари бўлимига борсангиз, бир ойликка юборади. Пул берганлар бир йилликка олинади, - дейди Шодиёр.

Ишсизлик авж олган Ўзбекистонда сўнгги йилларда бир йиллик ҳарбий хизматга бориш иштиёқи кучайгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаш учун айнан муддатли ҳарбий хизматни ўташ шартлиги бу қизиқишга сабаб бўлаётгани маълум.

Бундан ташқари, бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаб келганлар осонроқ иш топади ва бундан ташқари, ўқишга киришда ҳам имтиёзларга эга бўлишади.

- Ҳарбий хизматга бориб келганлар, келиб льготалар билан ўқишга кириб кетяпти. Ўқишга олиш жараёнида ҳарбий хизматни ўтаганларга устунлик бериляпти. Мана шу ёзда менинг синфдошим ҳарбийдан қайтиб ўқишга кирди. Мен икки йилдан бери киролмаяпман. Армияга кетганларни кўпчилиги бир йиллик хизмат тугаганидан сўнг ўша ерда иш топиб қоляпти. Айримлари милицияга ўтиб кетяпти. Барибир афзалликлари кўп-да. Бизни қишлоқда иш йўқ бўлса. Шунинг учун Армияга талабгорлар кўпайган-да, - дейди Шодиёр.

Шаҳарликлар орасида эса армияда хизмат қилишни хоҳловчилар кам. Тошкенлик Умид шуларнинг бири.

- У ерда аҳвол мен хоҳлагандай эмас. Буни хизмат қилиб келганлардан эшитганман. Овқатланишдан тортиб, яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон. Бир йил беҳуда ўтиб кетади. Ундан кўра яхшироқ репетитор олиб, ўқишга тайёрланганим маъқул, - дейди Умид.

Шаҳарларда эса аксинча, ҳарбий хизматга қизиқиш кам. Ота-оналар фарзандларини армиядан олиб қолишга ҳаракат қилади.

Сафарбарлик чақирув резервида хизмат ўтовчи йигитлар давлат ҳисобига энг кам иш ҳақининг 25 баробари ( 2 миллион сўмга яқинроқ) миқдорида ҳақ тўлаш лозим бўлади. Ҳақ тўлангач, бир ой хизмат қилиб, ҳарбий гувоҳнома олиш мумкин.

- Кўпчилик пул бериб бўлса ҳам шу бир ойликка бормасдан гувоҳнома олишга ҳаракат қилади. Бойроқ одам бўлса, боласини у ерга юбормайди. Чунки, шароити ёмон, тонг саҳар турғизиб югуртиради, ишлатади. Шунинг учун пул бериб қолдиради, - дейди тошкенлик Манзура опа.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидагилар йигитларни армияга олиш жараёнига пора аралашгани ҳақидаги иддаоларни рад этишади.

- Ҳеч қанақа пул бериш йўқ. Армияга боришни хоҳлаган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган ҳар бир йигит рўйхатдан ўтган жойидаги Мудофаа ишлари бўлимига паспорти билан келиб мурожаат этиши ва тиббий кўрикдан ўтиши керак. Агар тиббий кўрик натижалари яхши бўлса, олинади. Медкомиссия аниқлайди, ҳарбий хизматга лаёқатли бўлса олинади, - деди Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Озодлик боғланган ходими.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида 50 мингга яқин аскар-зобит хизмат қилади.

Ўзбекистон президентининг 5 январь кунгаи фармонига мувофиқ чақирув ёшидаги фуқароларни жорий йилнинг феврал ва март ойларида муддатли ҳарбий хизматга жалб этилади.

Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар эса март-апрел ойларида уйига қайтади.

XS
SM
MD
LG