Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

Қамоқда қолаётган Азимжон Асқаров ҳукуматни хатосини тан олишга чақирди


Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров жамоатчиликка яна бир мурожаатнома йўллаб, мамлакат расмийларини 2010 йилдаги қонли июнь воқеалари бўйича хатоларини тан олишга чақирди. Фаолнинг рафиқаси Ҳадича опага кўра, 4,5 йилдан бери қамоқда қолаётган Асқаров ўзининг ноҳақ қамалгани исботланиб, озод этилишидан умидини узмаган.

Ўтган ой бошларида Бишкекдаги 47-колонияда сақланаётган турмуш ўртоғи Азимжон Асқаровнинг зиёратига борган Ҳадича опа у ерда бир ойча қолиб кетганини айтади. Бунга пайғамбар ёшидан ошган Азимжон аканинг сурункасига бир неча ҳафта хасталангани сабаб бўлган.

- Мен кечагина Бишкекда бир ой туриб келдим. Азимжон акангиз билан учрашувга боргандим, тоблари бўлмай, иситма кириб, бир ойча оғриди. У ердагилар уколлар қилиб, капелницалар қилишибди. Келишимда яна бир киргандим, сал ўзига келиб қолган экан, - дейди Ҳадича опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Ҳадича опа билан сўнгги учрашувда унга жамоатчиликка етказишни сўраб, очиқ хат берган.

Бу хатда Азимжон Асқаров 2010 йил июнидаги миллатлараро низо расмийларнинг лаёқатсизлиги туфайли содир бўлди, деган фикрни илгари суради. “Мен ва бошқа кўплаб ўзбеклар узоқ замонлардан бери қамоқда нима учун ўтирибмиз, нима учун расмийлар июнь воқеалари бўйича ўз хатоларини тан олишни истамаяпти?”, деб ёзади Азимжон Асқаров ўз хатида.

Эслатиб ўтамиз, жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистондаги 2010 йилги воқеаларда милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу айблов туҳмат эканини сўнгги хатида яна бир бор такрорлаган ҳуқуқ фаоли ўзининг ҳақлигини исботлаш учун “ёлғон детектори”да синовдан ўтишга ҳам тайёр эканини таъкидлаган. Турмуш ўртоғининг ҳақлигига ишонган Ҳадича опа ўзи ҳам бунақа синовга ҳозирлиги айтади.

- Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтиб, мана беш йилгача вақт ўтаяпти. Аммо кечагидай ҳамма нарса эсимда. Масалан, Азимжон акангиз у ерда (милиция ходими ўлдирилган жойда демоқчи – таҳр.) бўлган ҳам эмас, унақа ишларга аралашган ҳам эмас. Мен ҳеч қаёққа кетган эмасдим, уйда қолгандим. Иккаламиз бирга эдик. Керак бўлса, одамлар ўша милиция ўлган пайтда “ўлиб қолибди, чақириб беринг” деганда, ўзим уйғотиб берганман уни. Агар ўша “детектор лжи”си ҳақиқатни айта оладиган бўлса, мен ҳам ўтиришга тайёрман, - дейди Ҳадича Асқарова.

Ҳадича опанинг айтишича, Азимжон Асқаровни озод қилиш бўйича халқаро жамоатчилик тинимсиз ҳаракат қилаётганига қарамай, қирғиз расмийлари бу чақириқларга нисбатан ҳеч бир сас-садо чиқармаяпти. Аммо бу сассизлик Азимжон акани тушкунликка туширгани йўқ. Ҳадича опа турмуш ўртоғининг руҳи доим тетик қолишига дунёнинг турли жойларидан, айниқса ёш болалардан келаётган тасалли хатлари, расмлар ва откриткалар ҳам сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

- Швеция, Швейцария, Норвегия, Нидерландия, Англия – ҳамма ердан, чет ўлкалардан ёш болалар ҳам, катталар ҳам хат ёзаяпти. “Сиз сабр қилинг. Худо хоҳласа, сиз озод бўласиз, биз сиз биланмиз. Сиз бизнинг хаёлларимизда, ўйларимиздасиз” деган хатлар роса кўплаб келяпти. 500, ҳатто 1000 тадан ҳам ошади у хатлар. Мен тез-тез тўплаб, уйга олиб келаман ҳар борганимда у хатларни, - дейди Ҳадича Асқарова.

Қамалганига қарийб 4,5 йил бўлган Азимжон Асқаров ўтган вақт мобайнида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чехиянинг Фалокатдаги одамлар ноҳукумат ташкилоти, Мартин Энналс жамғармаси ва бошқа шу каби каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил июнь воқеалари ортидан Қирғизистонда 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Азимжон Асқаров дохил бу маҳкумлардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.

Мазкур этник зўравонликларда 500 га яқин одам ҳалок бўлган. Бу мақтулларнинг ҳам аксариятини ўзбеклар ташкил этган.

XS
SM
MD
LG