Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:24

Банкир: Ўзбекистонда устама фоиз арзонлашишининг оддий ўзбекка фойдаси йўқ


Ўзбекистон кредит тақдим қилиш жараёни Марказий банк жорий қилган қаттиқ назорат остида амалга ошади, дейди мутахассис.
Ўзбекистон кредит тақдим қилиш жараёни Марказий банк жорий қилган қаттиқ назорат остида амалга ошади, дейди мутахассис.

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил бошидан қайта молиялаш ставкасини 10 фоиздан 9 фоизга туширди. Марказий банк расмий билдиришномасида айтилишича, мазкур қарор “башорат қилинаётган инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда” қабул қилинган. Ўзбекистонда устама фоиз ставкаси мунтазам пасайтириб келинади. Бу ўзбекистонлик истеъмолчилар учун молиявий идоралар тақдим қиладиган кредитлар, хусусан уй-жой сотиб олиш учун бериладиган ипотека кредитларининг арзонлашишини англатиши керак. Лекин аслида, Озодлик суҳбатлашган мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистонда кредитнинг арзонлашишининг истеъмолчи вазиятига ижобий таъсири йўқ.

Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини сўнгги 20 йил давомида мунтазам тушириб келади. Жорий йил бошидан 9 фоиз кўрсаткичига олиб тушилган ставка, миллий валюта – сўм жорий қилинган 1994 йилда 150 фоизни ташкил қилган.

Қайта молиялаш ставкасининг йилдан йилга туширилиши мамлакат иқтисоди гуркираб ўсаётганидан даракдир ва мазкур қарор расмийлар бераётган рақам ва статистикага мосдир.

Марказий банк қарори аслида ўзбекистонлик истеъмолчи учун молиявий идоралар берадиган кредитларнинг арзонлашишини ҳам англатиши керак.

Лекин Озодлик суҳбатлашган мутахассислар фикрича, бу қарор, оддий истеъмолчи вазиятига унчалик таъсир қилмайди. Бу каби қарорлар, асосан, сиёсий мақсадларда, мамлакат иқтисоди ўсаётганини намойиш қилиш учун қабул қилинади, дейди мутахассислар.

Ўзбекистондаги Ипотека банкининг кредит бўлими мутахассиси, Озодлик билан суҳбатда, Марказий банкнинг навбатдаги қарори бу йилга белгиланган сайловлар билан боғлиқдир, деган фикрни илгари сурди.

- Бу йил, ўзингиз яхши биласиз, сиёсий йилдир, дейди банкир.

Марказий банк расмий хабарномасида айтилишича, мазкур қарор “вужудга келган ва кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиқиб, иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичларини янада рағбатлантириш, иқтисоднинг реал секторида инветиция фаолллигини ошириш мақсадида қабул қилинган”.

Оддий тилга кўчирганда, бу тадбиркорлар ва оддий истеъмолчилар банклардан олаётган кредитларни арзонлаштириш деганидир.

Лекин Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган яна бир банк ходимининг айтишича, аслида Ўзбекистонда устама фоиз миқдори арзолаштирилган сари кредит олиш жараёни мураккаблашиб боради.

- Ўзбекистондаги кредит олиш жараёнини тараққий қилган мамлакатлар, масалан Европадаги банклар билан солиштириб бўлмайди. Бу жараён Марказий банк томонидан жорий қилинган қаттиқ назорат остида амалгла ошади. Бизда банкка кредит сўраб келсангиз, биринчи навбатда мақсадингизни сўрайди, кейин бизнес-план тақдим қилиншингиз керак. Ундан кейин кредит берадиган тақдирда ҳам, сизга тўғридан-тўғри бермайди. Сизга керак бўлган хизматлар ёки товарларни молиялаштиради, дейди банк ходими.

Ипотка банки ходимига кўра, қайта молиялаш ставкасининг туширилгани жорий дебиторларга тааллуқли бўлмайди. Фақатгина таълим кредити олганларнинг қарзларини қайта кўриб чиқилиши мумкин, дея билдирди кредит бўлими мутахассиси.

Ривожланган мамлакатларда оддий истеъмолчи оладиган асосий кредит турларидан бири уй-жой сотиб олиш учун бериладиган ипотекадир. Ўзбекистонда ҳам ипотека кредитларини тақдим қилиш тизими бор. Лекин суҳбатдошларимизнинг айтишича, мамлакатда ипотека кредити олиш имконлари анча чекланган. Бундан ташқари ҳар қандай сотувчи ҳам ипотека кредити билан боғлиқ шартномани имзолайвермайди.

Ўзбекистон Ипотека банкининг ходими ипотека кредитини тақдим қилишда муайан чекловлар борлигини эътироф этади, лекин бундай чоралар кўчмас мулк бозоридаги барқарорлигини сақлаш учун жорий қилинган, дейди.

- Агар ипотекани ҳаммага бераверсак, ҳаддан ортиқ бериб юборсак, уй-жой бозоридаги нархлар ўйнаб кетадику. Масалан, бугун 100 миллион сўм турадиган уй, эртага 150 миллионга чиқиб кетади. Шунинг учун балансни сақлаш учун кредитларни секин-аста бериб борилади, дейди банкир.

Лекин Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги кўчмас мулк агентликлари вакиллари сўзларига қараганда, ипотека соҳасидаги чекловларга бошқа омиллар ҳам ҳисса қўшмоқда.

- Биз ипотекага боғлиқ шартномалар билан ишламаймиз, дейди кўчмас мулк агентлиги вакилларидан бири.

Тошкентдаги яна бир ўртакаш идора вакили, ипотека кредити ҳисобидаги пулга уй сотиб олишнинг деярли имкони йўқ, дея таъкидлади Озодлик билан суҳбатда.

- Ҳеч ким ипотека кредитига ўз уйини сотишни истамайди. Чунки бу пул ўзбек сўмида уй сотувчининг банк ҳисоб рақамига ўтказилади. Бизда эса асосан валютага, долларга сотишади. Сўмга рози бўлишлари мумкин, лекин ўша куннинг курсига қараб, нақд пул санаб беришингиз керак, дейди кўчмас мулк агентлиги ходими.

Ўзбекистон Марказий банки келаси йилда инфляция 5,5-6,5 фоиз даражасида бўлишини башорат қилмоқда. Лекин мустақил иқтисодчилар асл вазитядан келиб чиқиб, Ўзбекистонда инфляция даражаси 30-40 фоизни ташкил қилишини айтади.

XS
SM
MD
LG