Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:20

Тошкентдаги "Малика" савдо маркази яна кўчирилади


Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Малика” маиший ва электрон техника ярмаркаси (“Флешка” савдо маркази) янги жойга кўчирилади. Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси расмийлари Озодлик билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлади.

- Кўчирилиши аниқ, лекин жой йўқ. Ҳозир шу ярмаркани кўчириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аммо қачон бу бошланиши номаълум. Жой топилган куни, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори чиққанидан кейин кўчирилади, деди Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси.

Савдо марказининг кўчирилишига Тошкент кичик ҳалқа йўлидаги тирбандлик сабаб экани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси расмийсига кўра, савдо маркази атрофида яшовчи аҳоли ҳамда ҳайдовчилар эътирозларидан сўнг ярмаркани кўчириш масаласи кўтарилган.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Малика” савдо мажмуида электрон ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи ўнлаб дўкон мавжуд.

Шу дўконларда савдо қилувчи тадбиркорлар тўрт йил аввал ҳам Тошкентнинг Навоий шоҳ кўчасидаги савдо қаторидан қувилган эди.

Пул айланмаси бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этган Навоий кўчасидаги савдо расталарида сотувчилик қилган ўзбек тадбиркорлари 2011 йилда кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнидаги янги савдо марказига кўчирилган эди.

Навоий кўчасидаги ярмаркалар бузилиб, уларнинг ўрнида кўп қаватли уйлар қурилди.

“Малика” савдо мажмуининг яна кўчирилиши ҳақидаги хабарлар шу марказда савдо-сотиқ қиладиган тадбиркорлар кўнглига яна ғулғула солган;

- Кўчиришади, деган гап-сўз бор. Бу анчадан бери айтилади, лекин расман бизни ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ. Мавҳумлик ичида ўтирибмиз. Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Навоийдан бу ерга кўчиб энди жойлашдик десак, яна кўчиришяпти, дейди тошкентлик тадбиркор.

- Кўпчилик мижозларимиз бу ерга ўрганиб қолган эди-да. Бошқа жойга кўчирса кўп клиентларимизни йўқотамиз. Кўчишнинг ўзи бўлмайди-да. Ҳозир у ерга кўчасан дейди. Эртага у ер кимгадур керак бўлиб қолса¸ яна бизни сарсон қилишадими? деб куйинади "Малика" савдо марказининг яна бир дўкондори.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси расмийларига кўра, “Малика” савдо мажмуи ўрнида ҳам келажакда уй-жойлар ва парк бунёд қилинади¸ ҳудуд кўкаламзорлаштирилади.

- Лекин, бу режа ҳозирча тасдиқланган эмас, Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси.

Норасмий манбаларга кўра¸ "Малика" савдо маркази Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори қатламларига алоқадор шахсларга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG