10 январь куни Чехия мусулмонлари Прага шаҳридаги бош майдон – Вацлав майдонида Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига ҳужумни қоралаб, намойиш ўтказдилар. 100 чоғлиқ намойишчи қўлларида “Террорнинг дини йўқ!”, “Мен мусулмонман, террорчи эмас!”, “Charlie Hebdo террор қурбони бўлди, полициячи Аҳмад ҳам!” дейилган шиорларни тутиб, терроризмнинг Исломга тенглаштирилишига норозилигини билдирдилар.
Прага марказига йиғилган 100 дан ортиқ мусулмон 7 январь куни Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига уюштирилган ҳужумни қоралади ва ушбу ҳужум қурбонлари яқинларига ҳамдардлигини изҳор қилди.
Норозилик чиқиши ташкилотчиларидан бири – Мусулмон талабалар иттифоқи аъзоси Удай Забадий бу террор, нафақат Ислом, балки ҳеч бир динга алоқаси йўқ, деб таъкидлади:
- Биз Чехияда яшовчи мусулмонлар Charlie Hebdo журналига уюштирилган ҳужумни қоралаймиз. Бу террор ҳужумининг динга ҳам, бирор маданиятга ҳам алоқаси йўқ. Биз Парижда ўлдирилганларнинг оила-аъзоларига таъзиямизни изҳор қиламиз, жароҳат олганларнинг эса тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз, - дейди Удай Забадий.
Бу акцияга таклиф қилинган исломшунос олимлар ҳам йиғилганлар олдида чиқиш қилиб, кейинги пайтларда террор ҳужумини қилаётган шахсларнинг Ислом номидан жиноят қилишини қораларкан, Ислом динининг зўравонликнинг ҳар қандай турига қарши экани ҳақида нутқ сўзладилар.
Чехия Европанинг мусулмонлар энг кам бўлган давлатларидан биридир. Аммо, ўтган бир йил ичида бу давлатда Исломофоб гуруҳлар ҳаракати кучайди. Бундан ташқари, мамлакат сиёсатчилари, жумладан, парламент аъзоларининг Исломга қарши баёнотлари янграмоқда.
Бундай баёнотлар сирасида "Сотиб олинган ҳар бир кабоб паранжига бир қадам яқинлашувдир" ёҳуд “Ҳар бир террорчи мусулмондир!” кабиларни тилга олиш мумкин.
Вацлав майдонида мусулмонлар тинч норозилик акциясини ўтказган кунда ҳам исломга қарши гуруҳлар вакиллари ўз норозилиги акс этган палакат билан алоҳида пикет ўтказдилар. Уларнинг қўлларидаги плакатда “Сатирачи журналистилар Муҳаммад истаги билан ўлдирилди” мазмунидаги шиор битилган эди.
Карлов университетининг тиббиёт факультетида таҳсил олаётган Сулаймон Рашид бундай тасаввурни ёлғон, деб қоралар экан, шундай дейди:
- Афсуски, Чехиядаги баъзи сиёсатчилар Исломга қарши позицияни тутиб, бундан ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Сиёсий лидерларнинг бундай масъулиятсизлиги Исломга эътиқод қилган фуқароларга турли тамғаларнинг ёпиштирилишига сабаб бўлмоқда. Аслида Ислом тинчлик, раҳмдиллик ва муроса динидир, ҳеч бир зўравонликнинг Исломга алоқаси йўқ, - дейди Сулаймон Рашид.
Расмий маълумотларга кўра, Чехияда 3 ярим-4 минг мусулмон бор. Уларнинг асосий қисми пойтахт Прага шаҳрида яшайди. Шунча мусулмон номидан намойишга чиққан фаоллар Чехия ҳукумати вакиллари ва сиёсатчиларни мамлакатда исломга қарши кайфият, мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари ўртасида зиддиятни кучайтирувчи сиёсатдан тийилишга чақирди.
Шунингдек¸ 8 январ куни Прагага йиғилган исломшунослар ҳам Парижда амалга оширилган террористик ҳаракатни қоралашган эди.