Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:03

Дунё етакчилари Париждаги Бирлик маршига йиғилди


Бир миллиондан ортиқ одам йиғилган Париж марказидаги террорга қарши Бирлик маршида ўнлаб давлат етакчиси иштирок этмоқда. Марш иштирокчилари 7-9 январь куни Charlie Hebdo сатирик журналига уюштирилган террор хуружининг 17 қурбонини хотирламоқда. Намойишчилар Париж вақти билан соат 15:00 да Париж кўчалари бўйлаб сокин кўча юришини бошлади.

Франция Бош вазири Мануэл Вальс бу тинч норозилик намойиши "тарих китобларида битилажак манифестация бўлади" дея қайд этди.

Бош вазир бу марш орқали Франция халқи радикал исломий жанггариларнинг 17 киши ҳаётига зомин бўлган Charlie Hebdo сатирик журналига ҳужуми, француз полициячиси бўлган аёлни ўлдириши ва яҳудийлар дўконига қилган ҳужумига қарши "ўз қудрати, миллий қадр-қиммати, озодлик ва тоқатлиликка бўлган садоқатини намойиш этиши лозим" дея таъкидлади.

Париж вақти билан соат 15:00 да бошланган тинч кўча юриши пайтида хавфсизликни таъминлаш учун 2 минг 200 дан ортиқ полициячи жалб этилган.

Бугунги марш иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун хавфсизлик кучлари ходимлари, снайперлар гуруҳи ва фуқаролик кийимидаги детективлар ҳам жалб этилгани хабар қилинмоқда.

Парижнинг қадимий тор кўчалари бўйлаб жойлашган туннел, ер ости йўлаклари ва Париж метроси кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда. Кўча юриши бўладиган ҳудудларидаги метро бекатларининг ёпилиши кутилмоқда.

Бу сокин марш сўнгги 9 йил ичида илк бор Париж бошидан кечирган қонли террор хуружи қурбонлари хотирасига уюштирилган илк йирик халқ намойиши бўлмоқда.

Франция президенти Франсуа Олланд
Франция президенти Франсуа Олланд

Британия Бош вазири Дэвид Камерон, Германия канцлери Ангела Меркел, Италия Бош вазири Маттео Рензилар, Туркия Бош вазири Аҳмет Довудўғли, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Фаластин мухторияти етакчиси Маҳмуд Аббослар ҳам намойишда қатнашмоқда.

Кўча юришида иштирок этаётган давлат расмийлари орасида Украина президенти Петро Порошенко, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдерлар бор.

Ҳозирча Франциядаги бир партия — мусулмонларнинг Европага киритилишига қарши чиқиб келаётган ультра консерватив Миллий фронт партияси маршда қатнашишдан ошкора бош тортган.

Шанба, 10 январь куни Париж ва Франциянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам 700 мингдан ортиқ одам иштирокида кўча юришлари бўлиб ўтди.

Франция президенти жума куни қилган чиқишида Charlie Hebdo журналига ҳужум қилганларга қарши амалиёт пайтида террорчилар томонидан гаровга олинган 4 одам ҳалок бўлгани, шунингдек, уч террорчи отиб ўлдирилганини билдирган ва амалиёт якунланганини маълум қилган.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни ҳужум қилинган ва унда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди.

Парижнинг шимоли-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманидаги бир омборхонада яширинган Шариф ва Саид Қуайший полиция ишғоли пайтида ўлдирилди.

9 январь куни Париждаги озиқ-овқат дўконида тўрт кишини ўлдириб, яна тўрт одамни гаровга олган Амед Кулибали ҳам полиция ўқидан ҳалок бўлди.

Ҳаёт Буммеддьен ва Амеди Кулибали
Ҳаёт Буммеддьен ва Амеди Кулибали

Франция полицияси шу кунда 17 одамни ўлдирган исломий экстремистларнинг шерикларини қидирмоқда.

Қидирилаётганлардан бири 26 ёшли Ҳаёт Буммеддьендир. У 32 ёшли Амеди Кулибалининг турмуш ўртоғидир.

Полицияга кўра, у қуролланган ва ўта хавфлидир. Сўнгги хабарларга кўра, Ҳаёт Буммеддьен Туркия орқали Сурияга қочишга улгурган бўлиши ҳам мумкин.

XS
SM
MD
LG