Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:41

Криштиану Роналду учинчи бор йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди (янгиланди)


Янгиланиш (13 январь): 2014 йилги "Олтин тўп" мукофоти "Реал Мадрид" ярим ҳимоячиси Криштиану Роналдуга топширилди. Португалиялик футболчи учинчи бор йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилмоқда. Роналду ўтган йили "Реал" сафида Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритиб, Испания чемпионатида энг кўп гол урган эди.

12 январь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Футбол уюшмалари халқаро федерацияси - ФИФА 2014 йилнинг энг яхши футболчисига "Олтин тўп" (Ballon d'Or) мукофотини топширади. Энг яхши футболчига бериладиган ушбу нуфузли мукофот бу йили кимга насиб этиши ҳақида футбол мухлислари орасида қизғин баҳслар бормоқда.

Энг яхши футболчи номига бу йили Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду, "Барселона" жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ва "Бавария" клуби дарвозабони Мануэль Нойер даъвогарлик қилмоқдалар.

“Олтин тўп” мукофоти совриндори анъанавий тарзда миллий терма жамоалар мураббийлари ва сардорлари ҳамда дунё бўйлаб сараланган спорт журналистлари орасида ўтказилган сўров оқрали аниқланади.

Эслатамиз, ўтган йили ушбу нуфузли соврин португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдуга топширилган эди.

Айни дамда футбол мухлислари, жумладан, ўзбекистонлик фанатлар орасида 2014 йилги “Олтин тўп” кимга берилиши борасида баҳслар жуда қизиган. Қайд этиш жоиз, муҳлислар асосан икки лагерга бўлинган – булар Роналду билан Месси тарафдорларидир.

Бу борадаги энг қизиқарли баҳсларни доимгидек интернетдаги ижтимоий тармоқларда кузатиш мумкин. Озодлик радиосининг Одноклассники тармоғидаги гуруҳи аъзоси, наманганлик Азизбек йилнинг энг яхши футболчиси мақоми бу сафар ҳам Португалия терма жамоаси сардори Роналдуга берилиши керак, деган ишончда.

- Криштиану Роналду “Олтин тўп”га яқинроқ. Ўтган йили Чемпионлар лигасида ғолибликни қўлга киритган. Қолаверса, унда тўпурарликни ҳам қўлга киритди. Таниқли футбол агенти Жорже Мендеш ҳам бу йилги мукофот Роналдуга берилмаса, ноҳақлик бўлишини айтган. Агарда бугунги маросимда Лионель Мессига “Олтин тўп”ни беришадиган бўлса, менимча ҳам ўта ноҳақлик бўлар эди...

Озодлик: Нега энди? Масалан, Лионель Месси ўтган йилги Жаҳон чемпионатида финалгача етиб борди, қатор рекордларни янгилади. Нега айнан Роналду олиши керак?

Лионель Месси тўрт марта – 2009, 2010, 2011 ва 2012 йилларда йилнинг энг яхши футболчиси унвонига cазовор бўлган.
Лионель Месси тўрт марта – 2009, 2010, 2011 ва 2012 йилларда йилнинг энг яхши футболчиси унвонига cазовор бўлган.

- Тўғри, энди кимдир “Барселона”га, кимдир “Реал Мадрид”га муҳлислик қилади. Агар мен Мессига муҳлислик қилганимда уни мақтаган бўлар эдим. Совринни олишга сабаб Лионель Мессида ҳам, Криштиану Роналдуда ҳам бор, - дейди Азизбек.

Қирғизистон жанубидаги Ўзган шаҳрида истиқомат қилувчи Файзулло эса Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Мессини ўтган йилнинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, “Барселона” ҳужумчиси ўз ўйини билан бошқалардан ажралиб туради.

- Месси бу йил унчалар ёрқин ўйин намойиш эта олмаган бўлса ҳам, кўп рекордлар қўйди. Роналду ва Нойерни ҳам ёмонламайман. Уларнинг ҳам яхши хислатлари бор. Лекин Мессининг улардан ажралиб турадиган жиҳати, у ўзи вазият яратиб, йўқ жойдан ҳам гол уради. Роналдуга кўпинча жамоадошлари ёрдам беришади...

Озодлик: Кўпчилик айтаяпти, Роналду ўтган йили Мессига қараганда яхшироқ ўйнади, деб. Ҳозир ҳам тўпурарлар орасида биринчи ўринда кетяпти. Ҳайкаллари очиляпти. Бунга нима дейсиз?

- Тан оламан, ўтган йили Роналду жудаям зўр ўйин кўрсатган. Лекин Мессиям ёмон ўйин кўрсатмади. Жудаям кўп рекордлар қўйди. Голлар оз урган бўлса ҳам Месси жуда ҳам кўп меҳнат қилди.

Мануэль Нойер "Ballon d'Or" учун илк бор сўнгги учликда курашмоқда.
Мануэль Нойер "Ballon d'Or" учун илк бор сўнгги учликда курашмоқда.

Озодлик: Мануэль Нойерчи? Масалан, у “Бавария”да жуда ҳам яхши ўйин кўрсатди. Иккинчидан, Германия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

- Нойернинг бошқалардан имконияти пастроқ, деб ўйлайман, чунки у дарвозабон, унга ёрдам берадиган бошқа футболчилар бор. Мен ҳимоячиларни назарда тутяпман. “Бавария”да Данте бор, Боатенг бор. “Бавария”нинг ҳимоя чизиғи жуда ҳам кучли. Ўзи ҳам кучли дарвозабон. Лекин унинг “Олтин тўп”ни олиш имконияти, Роналду ва Месси билан солиштирадиган бўлсак, пастроқ,- дейди ўзганлик Файзулло.

Исмини очиқлашни истамаган хоразмлик футбол мухлиси йилнинг энг яхши футболчиси совринига Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер лойиқ эканини айтади.

"Бу йили “Олтин тўп”ни Нойер олишга ҳаклидир. Нимага деганда у бир неча марта Германия чемпиони бўлган. 2011-2012 йилги Чемпионлар лигаси ғолиби. Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионати ғолиби. Агар Месси ёки Раналду шундай ғалабаларга эришганида (мукофотни) шубҳасиз уларга беришарди. Германия ЖЧда ғолиб булишига Нойер ўзининг жуда катта ҳиссасини қўшди. Бекорга айтишмайди, “дарвазабон - ярим жамоа” деб", дейди хоразмлик футбол муҳлиси Озодликнинг Одноклассники тармоғидаги саҳифасида.

Эслатамиз, Лионель Месси бунгача тўрт карра - 2009, 2010, 2011 ва 2012 йилларда, Криштиану Роналду иккк марта – 2008 ва 2013 йилларда йилнинг энг яхши футболчиси унвонига cазовор бўлган. Мануэль Нойер эса "Ballon d'Or" учун илк бор сўнгги учликда курашмоқда.

Айтиб ўтиш жоиз, қатор нуфузли нашрлар, жумладан, Goal.com веб-сайти ҳамда Англиянинг The Independent ва The Daily Mirror газеталари тарафидан “Олтин тўп” ғолибини аниқлаш бўйича ўтказилган онлайн сўровномаларда Криштиану Роналду энг кўр овоз тўплаган. Озодлик радиосининг Одноклассники тармоғидаги саҳифасида олиб борилаётган сўровда ҳам айнан португалиялик футболчи етакчилик қилмоқда.

Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўдиб ўтадиган бугунги маросимда "Йилнинг энг яхши мураббийи", "Йилнинг энг яхши голи муаллифи", "Йил рамзий терма жамоаси" ҳамда "Йилнинг энг яхши аёл футболчиси" номинациялари бўйича ғолиблар ҳам эълон қилинади.

XS
SM
MD
LG