Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:44

Ўш милицияси: шаҳарда вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётган кучлар бор


Ўш милицияси аҳолини шаҳардаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётган сиёсий ва диний-экстремистик кучлар фаоллашаётганидан огоҳлантирди. Милицияга кўра, мазкур кучлар Интернет орқали ва варақалар тарқатиш воситасида одамларни тартибсизликлар ҳамда намойишлар ўтказишга ундамоқда.

Ўш шаҳар милицияси раҳбари Суйун Ўмурзақов куч ишлатар тузилмаларининг яқинда ўтказилган йиғилишида айрим сиёсий кучлар ва диний гуруҳлар шаҳардаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирди:

-Вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётган “Хизбут-Таҳрир”, салафийлик ва ваҳобийлик каби оқимлар бор. Бир қатор ёлланма сиёсатчилар митинглар ўтказишга ҳаракат қилаяпти. Шунинг учун биз фитналарнинг олдини олишимиз, мамлакатда тартибсизликлар бўлишига йўл қўймаслигимиз керак, - деди Суйун Ўмурзақов.

Таҳлилчи Тўлўген Келдибаевнинг айтишича, милиция раҳбари “сиёсий кучлар”, деганда Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзақматов тарафдорларини назарда тутмоқда. Ўшнинг собиқ мэри айни патйда қидирувга берилган, унинг хориж давлатлдарида қочиб юргани айтилмоқда.

-Бу сиёсий гуруҳларнинг орасида энг асосийси Мелис Мирзақматовнинг тарафдорларидир. Унинг тарафдорлари Мирзақматов қамаладиган бўлса кўчага чиқишга тайёр турибди. Баҳорга бориб улар оммавий намойишларни бошлаб юборишлари мумкин. Бундан ташқари маҳаллий даражада сиёсий таъқибга учраган одамлар ҳам бор. Милиция аҳолни огоҳликка чақириш орқали мана шу гуруҳларга “Сизларни қонуний жавобгарликка тортишга куичимиз етади”, деб эслатмоқчи бўлаётир, - деди таҳлилчи.

Мелис Мирзақматов 2010 йилда 500га яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган июнь воқеалари пайтида шаҳарни бошқариб турган эди. Ўш воқеаларидан сўнг Қирғизистон ҳукумати Мирзақматовни бир неча марта мэр лавозимидан бўшатишга ҳаракат қилган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган.

2014 йилнинг 15 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловда ҳокимликка сайланмай қолган Мелис Мирзақматов Қирғизистонни тарк этгани айтилади. Ўтган йилнинг 27 ноябрида Ўш шаҳар суди собиқ мэр Мелис Мирзақматовни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, Мирзақматовга нисбатан Жиноят кодексининг 304-моддаси (Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши очилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Таҳлилчилар, шунингдек, Суриядаги жангларда иштирок этиб Ўшга қайтган шахслар ҳам шаҳардаги барқарорлик учун катта таҳдид эканини айтмоқдалар. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, шу кунгача Сурияда бўлиб қайтган қирғизистонликларнинг 36 нафари қамоққа олинган.

Таҳлилчилар, бундан ташқари электр энергияси нархининг қимматлаши, Манас ота мавзесида аҳоли ўртасидаги уй-жой жанжали, шаҳардаги айрим бозорларнинг ёпилиши ортидан савдогарларнинг ишсиз қолиши каби ижтимоий муаммолар ҳам вазиятнинг издан чиқишига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда. 2010 йил 7 апрелидаги халқ исёни айнан электр энергияси нархининг қимматлагани оқибатида бошланган эди.

Ўш шаҳар милициясининг маълум қилишича, шу кунларда куч ишлатар тузилмалари ходимлари оммавий тартибсизликлар ва террорчилик ҳаракатларини бостириш ҳамда олдини олишга қаратилган уч кунлик ҳарбий машғулотларни ўтказмоқда. Бундан ташқари оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG