Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:25

Ўзбекистон бюджети шаффоф эмас давлатлар рўйхатига киритилди


АҚШ Давлат департаментининг “2014 йилдаги молиявий шаффофлик” деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон давлат бюджети шаффоф бўлмаган мамлакатлар рўйхатига киритилди.

Мазкур ҳисоботда 200 га яқин мамлакатда мазкур соҳага доир кузатувлар келтирилган.

Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид хулосасида бундай дейилган:

“Ўзбекистонда бюджетни шакллантириш ва унинг ижроси жараёни шаффоф эмас, бюджетни ҳокимиятнинг қонунчилик бутоғида муҳокама қилиш жараёни жамоатчилик учун очиқ эмас. вазирликларнинг кирим ва чиқимлари таҳлили ошкор қилинмайди. Табиий заҳираларни қазиб олиш ва сотишдан тушаётган даромадлар ҳам жамоатчилик учун ёпиқдир”, дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон бюджет шаффофлигига доир талабларга жавоб бермайдиган 50 мамлакат рўйхатидан жой олган. Бу рўйхатда Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон каби постсовет мамлакатларни кўриш мумкин.

АҚШ давлат департаменти ҳисоботидаги Ўзбекистонга оид хулосага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан бирининг бундан бир неча йил олдин Озодлик мухбири саволларига жавоб бераётиб айтган гапи характерли иллюстрация бўла олади.

Мухбир депутатдан бюджетнинг конкрет рақамлардаги параметрлари тўғрисида сўраганда, у мана бундай жавоб берган эди:

- Рақамлар муҳим эмаску?! Муҳими бюджетнинг тўғри, самарали йўналтирилганлигидадир...

Айни пайтда, шуни ҳам айтиш керакки, йиллардан буён параметрлари тўғрисида бирон бир маълумот очиқланмайдиган Ўзбекистон бюджети тўғрисидаги умумий маълумот ўтган йили матбуотда пайдо бўлди.

Россиянинг Новости агентлиги хабарига таяниб, Озодлик 2014нинг 14 ноябрида мана бу маълумотни тарқатган эди:

Ўзбекистон Олий Мажлис сенати пайшанба куни 2015 йил бюджетини 1,8 трлн сўм камомад билан тасдиқлади. Камомад миқдори башорат қилинаётган Ички ялпи маҳсулотга нисбатан 1 фоизни ташкил этиши айтилмоқда.

Бюджетнинг даромад қисми 36,2 трлн.сўмни, чиқимлар қисми 38 трлн сўмниташкил қилади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистон бюджетига оид хулосасини шарҳлаб беришни Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевдан сўрадик.

Сапарбой Жубаев Ўзбекистон Давлат бюджети тўғрисида:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:24 0:00
Бевосита линк

Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан шаффофликка доир минимал мезонларга Арманистон, Грузия, Қирғизистон, Латвия, Литва ва Эстония жавоб бериши қайд этилади ҳисоботда.

Халқаро ташкилотлар, хусусан, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон давлат бюджети 17-18 миллиард АҚШ долларига тенг.

XS
SM
MD
LG