Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Каримов: Ўзбекистонда ҳар уч одамнинг иккисида уяли телефон бор


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатда ҳар уч одамнинг икки нафари мобил телефонига эгалиги ва бу аҳолининг турмуш фаровонлиги тобора ошаётганидан далолат эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда 20 миллион одам уяли телефон хизматидан фойдаланмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар сони эса 10,2 миллионга етган. Бу ҳақдаги статистик маълумотлар 16 январь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов оғзидан янгради.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 16 январь куни бўлиб ўтган йиғинда мамлакатда 20 миллион одам уяли телефон хизматидан фойдаланиши ва бу аҳоли равнақи белгиси эканини қайд этди.

Жаноб Каримовга кўра, ҳозир Ўзбекистонда ҳар бир оилага ўртача 3-4тадан уяли телефон тўғри келмоқда.

- Ўтган йилда 500та янги база станцияси ишга туширилганидан сўнг Ўзбекистонда мазкур юқори техналогияли алоқа тизимидан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етди, аҳолига кўрсатилаётган алоқа хизмати ҳажми эса 26 фоизга ошди,- деди Каримов.

Жаноб Каримов, шунингдек, Ўзбекистонда Интернет нархи аввлги йиллардагидан 11,6 фоизга камайгани боис ушбу тармоқдан фойдаланувчилар сони 10,2 миллионга етганини таъкидлади.

- Мамлакат Интернет тармоғида маълумотларни ўтказиш қуввати тўрт баравар ошди, тезлик эса 1 ярим баравар ортди, - деди Каримов.

Бундан аввалги чиқишларида жаноб Каримов Ўзбекистонда ҳар уч оиланинг бири енгил автомобилга эгалиги ҳақида гапирганди.

Аҳоли фаровонлиги уяли телефонлар сони билан ўлчанмайди

Ўзбекистонлик Тоҳир Собировнинг ишонишича, президент Ислом Каримов келтирган статистика тўғри бўлиши мумкин. Лекин аҳоли равнақи ва фаровонлиги машиналар ёки уяли телефонлар сони билан ўлчанмайди.

- Тўғри ҳозир Ўзбекистонда мактаб ўқувчисида ҳам уяли телефон бор. Кўпчилик энг сўнгги IPhone ёки Samsung аппаратларини кўтариб юрибди. Қишлоққа борсангиз ҳам шу. Ўртоғим бор, қишлоқда яшайди. Уйи йиқиламан, деб турибди, қўлида Samsung S5. Ўзи нон-чойга яшайди. Нимаси фаровонлик буни, - дейди ўзбекистонлик Тоҳир.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон статистикасида 20 миллион абонент қайд этилгани билан шунча одам уяли телефон хизматидан фойдаланишини англатмайди.

- Ҳозир ўлик номерлар кўпайган. SIM картани олиб, бир-икки кун фойдаланганидан сўнг, бошқасини оладиганлар кўп. Бундан ташқари бир одам уч-тўртта номер олиб қўйгани бор, - дейди Тоҳир Собиров.

Аксар ўзбекистонликлар абонентлар сони ортгани билан алоқа сифати яхшиланмаганини айтишади.

- МТСни ўрнида очилган UMS да алоқа яхшироқ бўлади деб умид қилган эдик, барибир аввалги МТСдагидай эмас. Бундан ташқари қиммат. Интернет тезлиги ҳам рисоладагидай эмас, - дейди UMS мижозларидан бири.

Ўзбекистонда мобил алоқа сифати МТС Ўзбекистон мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг ёмонлашди.

Солиқларни тўламаслик каби бир қатор қонунбузарликларда айбланган МТС Ўзбекистон 2013 йилда лицензиядан маҳрум этилганди.

Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорининг 40 фоизи айнан шу ширкатга тўғри келган.

Натижада бир кунни ўзида 10 миллионга яқин мижоз мобил телефон алоқасидан узилиб қолганди.

Айни пайтда ўзбекистонлик фойдаланувчилар Интернет хизмати нархи ҳам баланд эканидан нолишади.

Қимматлиги боис кўпчилик ундан фойдала олмаётир. Ҳозирги вақтда Интернетдан фойдаланиш баҳоси Ўзбекистонда кундузи соатига ўртача 600 сўм, кечки пайтда 400 сўм, тунда 250 сўм ва азонда 200 сўмга тўғри келмоқда.

Бу нархларни ойлик маошларга солиштирганда Ўзбекистонда буни ҳамманинг чўнтаги кўтаравермаяпти.

XS
SM
MD
LG