Чоршанба куни Ўзбекистон “Ëшлар” телеканали Тошкент вилоятида тадбиркорларни талаш билан шуғулланган милиционерлар тўғрисида лавҳа эфирга узатилди. Телелавҳада айтилишича¸ милиционерлардан таркиб топган тўда бадавлат тадбиркорларни шантаж қилиб пул ундириш билан мунтазам шуғуллланиб келишган.
Теледастурда айтилишича¸ Тошкент вилоятида тадбиркорларга нисбатан уйдирма жиноят ишларини очган ички ишлар идораси ходимлари шу кунларда қўлга олиниб, сўроқ қилинмоқда.
Дастурни томоша қилган Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, “ëмон милиционерлар” тўғрисидаги “фош қилувчи” дастурнинг сайлов арафасида эфирга узатилишидан буюртма маъраканинг ҳиди келмоқда.
Ўтган ҳафта Тошкент телеканали Ўзбекистондаги тиббиëт идораларида коррупция ва гуманитар ëрдамларнинг ўғирланиши ҳақидаги дастурни эфирга узатган эди.
Тадбиркорни йиғлатган кўрсатув
"Ëшлар" телеканалидаги “Қароқчи милиционерлар” ҳақидаги кўрсатувни кўрган Илхомбек Санжаралиев деган Тошкентлик тадбиркор йигитнинг Озодликка айтишича¸ қароқчи милиционерларнинг телевизорда фош қилинганини телетомошабинлар қувонч билан қаршилаган.
- Бу кўрсатувни долзарб ва зарур, деб ҳисоблайман. Милиционерлар зулми ҳақида кўпроқ шундай кўрсатувлар бўлгани маъқул. Одамлар бу кўрсатувни кўриб, золим милиционерлар ҳам жазога тортилиб¸ адолат қарор топиши мумкин, деган якуний фикрга келишди¸- дейди суҳбатдош.
Тошкентлик 43 яшар тадбиркор Илхомбек Санжаралиевнинг айтишича¸ бу дастурда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ва Чирчиқ шаҳридаги мафия гуруҳлари билан биргаликда рэкет билан шуғулланган уч нафар милиция ходими кўрсатилган:
- Бу қароқчи милиционерларнинг асл қиëфаси кўрсатилди. Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг собиқ зобитлари Рўзмат Маҳкамов¸ Навфал Имоматов ва Шуҳрат Файзуллаевнинг одамларни қандай талагани¸ ўлпон бермаганларни эса шантаж қилиб, қамагани аниқ фактлар билан кўрсатилди. Масалан, ўлпон бермаган бир тадбиркорни бу погонли алвастилар беш йил қамоққа ташлашган. Милиционерлар туҳмати билан беш йил қамалган тадбиркор телекўрсатувда кўзида ëш билан ўз тақдиридан ҳикоя қилди. Мен ҳам милициядан зулм кўрган тадбиркорман. Бу лавҳани кўриб, менинг ҳам кўзимга ëш келди¸- дейди суҳбатдош.
Сайлов арафасидаги супуриб-сидириш?
Озодликнинг Тошкентдаги манбаларининг айтишича¸ “ëмон милиционерлар” ҳақидаги “фош қилувчи” дастурнинг сайлов арафасида эфирга узатилишидан буюртма маъраканинг ҳиди келмоқда.
Ўтган ҳафта Тошкент телеканали Ўзбекистондаги тиббиëт идораларида коррупция ва гуманитар ëрдамларнинг ўғирланиши ҳақидаги дастурни эфирга узатган эди.
Ëшлар телеканали “фош қилган ëмон милиционерлар” ҳақиқатдан ҳам ëмонми? Балки уларнинг ўзлари юқорига бўнак узатмагани учун “жазолангандир”?
Бу саволларни Бўстонлиқ тумани Ҳумсон қишлоғида яшовчи оддий ўқитувчига бердик.
Ўқитувчи исми сир қолиши шарти билан суҳбатга рози бўлди:
- Ўзбекистон телеканаллари ëлғон гапиради дейишади¸ лекин бу сафар улар ҳақиқатни кўрсатди. Бу милиционерларнинг золимлигини бутун Бўстонлиқ турғунлари билади. Масалан, ëзда шаҳарликларга уйимизни мавсумий кирага берсак ҳам бу милиционерларга ўлпон бериб келган эдик. Амалда эса бу ғирт рэкет эди. Мен оддий ўқитувчи бўлиб ҳам шулардан азият чекдим. Сал бақувватларни эса сиқиб сувини ичишди,- дейди суҳбатдош.
Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг собиқ зобитлари Бўстонлиққа дам олишга келган тадбиркорларни шантаж қилиб, пулини олиш мақсадида уларнинг қизлар билан маишатини видеотасвирга олишган.
Пировардида маҳаллий криминал гуруҳлар кўмагида бу видеотасвирлар учун тадбиркорлардан каттагина ўлпон ундирилган.
Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларининг айтишича¸ Тошкент вилояти ИИБнинг собиқ зобитлари Рўзмат Маҳкамов¸ Навфал Имоматов ва Шуҳрат Файзуллаевлар қамоққа олинган ва улар ўз айбларига иқрор бўлиб кўрсатма беришган.
Зобитларнинг бундай иқрорликлари чоршанба куни "Ëшлар" телеканалидаги кўрсатувда ҳам намойиш қилинди.
Ўзбекистонда сайлов арафасида бир неча погон соҳиблари судланган эди. Йил бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев 15 йилга қамалгани айтилгани билдирилди. Ўтган йилнинг август ойида ҳибсга олинган МХХ полковниги билан бирга у ташкил қилгани айтилаётган жиноий гуруҳга кирган ўнлаб одам қамалган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов ишдан олинган эди. Озодлик манбалари милиция бошлиғи Муллажонов тадбиркорлар бизнесини тортиб олганлик айби билан ишдан ҳайдалди, дея билдирган эди.