Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:29

Шовотлик йигит Сурия жангариларига алоқадорликда айбланмоқда


Шу йилнинг 20 январь куни Хоразм вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 2442-моддаси(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида айбланган Шовот тумани Қиёт қишлоғи Идали Қалъа маҳалласида яшовчи 29 яшар Воҳид Ваисов иши судга юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти маълум қилди.

Жиноят иши материалларида айтилишича, Ваисов 2013-14 йилларда Россиянинг Воронеж шаҳрига пул ишлаб топиш мақсадида кетган ҳамда Хоразм вилояти Боғот туманида яшаган жиноий шериги 28 яшар Расул Жуманиёзов билан биргаликда терговда шахси аниқланмаган “Абдулвосит” исмли тожикистонлик шахсдан жиҳодий амалларини ўзлаштирган. Шунингдек, “Жиҳодчилар” диний радикал оқими ғояларини ҳимоя қилиш мақсадида Сурияга ҳижрат қилиш ва жангари гуруҳларга қўшилишни режалаштирган.

“Эзгулик” жамияти фаоллари Ваисовга қўйилаётган айблов ниҳоятда шубҳали, деб ҳисобламоқда.

“Эзгулик”нинг билдиришича, Воҳид Ваисов Россиянинг Воронеж шаҳридан Хоразмга фуқаролик паспортини янгилаш учун келган. Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими вакиллари эса Воҳид Ваисовга нисбатан маъмурий жазо қўллаб, уни безорига “айлантиришган”. Шундан сўнг ўтказилган сўроқлар давомида унинг ишига “ишлов берилиб”, Воҳид Ваисовни “террорчи”га айлантиришган.

Жиноят иши тергови материалларида Воҳид Ваисовга тегишли экани иддао қилинаётган электрон почтадан “Ўзбекистон Аллоҳнинг азобида”, “Шайх Абдуллоҳ Бухорий” ва “Шайх Абдуллах Бухарий; Сирия –помощь мухаджирам часть 2” номли видео файллар топилгани қайд этилган. Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг Хоразм вилояти бўлими мазкур материалларни диний экстремизм маҳсули ўлароқ баҳолаган.

Воҳид Ваисовнинг қариндошларига кўра, Хоразм вилояти ИИБ томонидан унинг жиноий шериги сифатида Расул Жуманиёзовга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинган.

Агар судда Ваисовга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар исботини топса, у 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG