Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор Озодлик билан суҳбатда сўнгги икки ойда Россияни 2 миллиондан зиёд меҳнат муҳожири тарк этганини маълум қилди. У хорижликларнинг оммавий кетишига Россия миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар ва оғир иқтисодий вазият сабабчи бўлганини айтади.
“Россия иқтисодиёти зарба остида қолди!"
Россия Федерал миграция хизмати, ФСБ ва бошқа идоралар маълумотига кўра, Россияда Ғарб санкциялари ва рублнинг қадрсизланиши ортидан бошланган иқтисодий инқироз туфайли сўнгги икки ойда Россияни 2 миллион муҳожир, асосан, меҳнат муҳожирлари тарк этган.
Бу рақамларни Озодлик билан суҳбатда келтирган Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор бу инқирознинг бошланиши - Россия тадбиркорларини олдинда жуда катта қийинчиликлар кутмоқда, дейди.
- Бу иқтисодиётга катта зарба бўлади. Мигрантлар Россия хўжалигининг пойдеворларидан бири эди. Аграр соҳа, қурилиш, турар-жой, дала ҳовли хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари шуларнинг қўли билан тикланди. Биз ҳозирда меҳнат муҳожирларини тинмасдан жазолаяпмиз, депортация қиляпмиз. Россия иқтисодини кўтаришда ким кўмаклашгани эсимиздан чиқдими? Биз уларга раҳмат айтиш ўрнига жазолаяпмиз! Шу сабабли биз миграция соҳасида умумий авф эълон қилишни талаб этишни давом этамиз,- дейди оғир демографик вазиятда бўлган мамлакат хўжалиги муҳожирлар меҳнатисиз қайта тикланмаслигини гапирган Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари.
Жаноб Маъжумдор Путин ҳукумати томонидан миграция тизимидаги талабларнинг кескинланиши Марказий Осиё давлатлари аҳолисидан узоқлашишга олиб келиши, маҳаллий муаммолар эса ўз ечимини топмаслигини билдирди.
У хорижлик таксичилар сони қисқариши Москва пойтахтида ҳатто тиқинлар йўқолишига олиб келганини таъкидлади.
- Одамлар шаҳарда камайди. Раҳбарлар, қурувчилар ваҳимада. Кейинги ҳаёти нима бўлишини англамаётган муҳожирнинг ўзи саросимада. Телевизорда кўрсатилаётган чиройли суратларга ишонманг: гўё одамлар чиройли тартибда имтиҳонларни топшираяпти... Реалликда вазият бошқачароқ. Одамлар оғир аҳволда қолди. Ҳукумат мигрантни 30 кунда ҳужжат йиғиб топшириши кераклигини мажбур этиб қўйди. Аҳмоқона қоидалар жорий қилинди: масалан, қандай қилиб рус тилини билмаган одам 30 кунда уни ўрганиб олади?! Бу ҳужжатларни йиға олмаганлар, сўзсиз, нолегал ҳолатга ўтади. Боши берк кўчага кирган бизнес эса эртага ҳукуматга босим ўтказиши аниқ,- дейди Муҳаммад Амин Маъжумдор.
Суҳбатдош фикрича, Россияда сўнгги йилларда бош кўтарган ва оммалашган миллатчилар ташкилотлари ҳамда айрим ирқчи раҳбарлар амалда Россияни жар ёқасига олиб келиб қўйди.
Россия Мигрантлар федерацияси ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Россияда 15 миллионга яқин хориж фуқароси истиқомат қилмоқда. Муҳаммад Амин Маъжумдор Россияда миграция сиёсати тўғри йўлга қўйилганида эди, давлат ғазнасига йилига 500 миллиард солиқ шаклида даромад келтириши мумкинлигини айтади.
- Россияда истиқомат қилаётган 15 миллиондан зиёд муҳожирдан ҳар қайси вазиятда доимо тожик-ўзбеклар айбдор бўлиб чиқади. Ваҳоланки энг кўп мигрантлар Украинадан келган, иккинчи ўринда ўзбекистонликлар. Ахир, славян давлатларидан бўлган мигрантлар – прибалтлар, украинлар, молдаванлар ва бош. - кўринишидан руслардан фарқ қилмайди, кўзга ташланмайди. Миллионлаб хитой, вьетнам, корейслар кўзга кўринмасдан яшайди.Ҳақоратларни эса бечора тожик-ўзбеклар олади. Ўтган йилда, 2,7 миллион одам қонуний ишга рухсат олган, қолган 88 фоиз одам нолегал яшамоқда, дейди хорижлик ишчилар федерацияси етакчиси.
Муҳаммад Амин Маъжумдор Россияга кириши таъқиқланган хорижликлар сони ҳам ФМС расман эълон қилган 1,3 миллион кишидан икки баробардан кўпроқ экани тўғрисида маълумотга эга эканини билдирди.
ФМС статистикаси муҳожирларнинг оммавий кетишини шубҳа остига олмоқда
Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари келтирган рақамлар куни кеча Федерал Миграция хизмати ўз сайтида эълон қилган статистика маълумотларидаги тушунмовчиликка ойдинлик киритгандек туюлди. Жаноб Маъжумдорга кўра, Россиядан йиллаб қайдда турмаган ва ноқонуний яшаб келган муҳожирларнинг бир қисмигина чиқиб кетмоқда.
Шундай қилиб, ФМС расмий маълумотларида 2015 йилнинг 20 январига қадар Россияда 2.215.780 Ўзбекистон фуқароси (жумладан, 418.368 аёл) истиқомат қилгани келтирилди. Қўшни мамлакатлар бўйича маълумотлар қуйидагича: Тожикистон– 999.169 киши (182.262 аёл), Қозоғистон - 597.559 киши (248.409 аёл),Қирғизистон - 544.956 киши (220.400 аёл) ва Туркманистон фуқаролари 24.399 (жумладан, 8.790 аёл).
Санкт Петербургдаги Европа Университети профессори Сергей Абашин бу рақамларни солиштириб, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган ишчилар сони ўтган 2014 йилнинг шу вақтига нисбатан 15 фоизга камайганини ҳисоблаб чиқди. Жамиятшунос олим, айни пайтда, рақамлар қирғизистонликлар сони ўтган йилга нисбатан ҳатто 4 фоизга кўпайганини кўрсатаётганига эътибор қаратди.
Олдинроқ, Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский 2015 йилнинг январ ойида мигрантларнинг Россияга кириб келиши ўтган йилга нисбатан 70 фоизга камайгани қайд этилгани тўғрисида хабар берган эди.