Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:44

Ўзбекистон яна иқтисодий эркинликни бўғаётган мамлакатлар қаторида


АҚШдаги Heritage жамғармаси The Wall Street Journal газетаси билан ҳамкорликда тайёрлаган 2015 йилги "Иқтисодий эркинлик индекси"да Ўзбекистон 178 мамлакат орасида 160-ўринга қўйилди. Муаллифларга кўра, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик бобида дунëдаги энг репрессив давлатлардан биридир ва кейинги бир йил ичида ижобий ўзгариш деярли кузатилмаган.

2015 йилги "Иқтисодий эркинлик индекси"да жаҳоннинг 178 мамлакати иқтисоди эркин, қисман эркин ва эркин бўлмаган мамлакатларга ажратилган.

Бу йилги рейтингда 89 мамлакат (46 фоиз) иқтисоди эркин, 55 мамлакат (28 фоиз) иқтисоди қисман эркин, 51 мамлакат (26 фоиз) иқтисоди эркин бўлмаган мамлакатлар сифатида тилга олинади.

12 мамлакат - Ўзбекистон, Марказий Африка Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Сомали, Сурия, Судан, Туркманистон, Тибет, Ғарбий Сахара каби мамлакатлар иқтисодиётга оид сиёсати репрессив, деб баҳоланган мамлакатлар сифатида қайд этилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон иқтисодий эркинликлар борасида дунëдаги энг репрессив давлатлардан биридир, мамлакатда иқтисодий эркинлик вазиятида кейинги бир йил давомида ижобий ўзгариш деярли кузатилмаган.

Индекс муаллифлари дунёдаги 178 мамлакатидаги иқтисодий эркинлик аҳволини ўнта кўрсаткич – мулкка эгалик ҳуқуқи, коррупциядан холилик, фискал эркинлик, давлат ҳаражатлари, тадбиркорлар эркинлиги, меҳнат эркинлиги, монетар эркинлик, савдо эркинлиги, сармоя эркинлиги ва молиявий эркинликлар бўйича ўлчайдилар.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда кўп соҳаларда сақланиб қолган давлат назорати замонавий иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилмоқда. Мамлакатда коррупция кенг тарқалган, шартнома мажбуриятларини бажариш ва мулкка эгалик ҳуқуқи ҳимояси эса чекланган.

Бу йилги рейтингда Хонг-Конг, Сингапур, Австралия, Швейцария каби мамлакатлар иқтисодлари эркин бўлган мамлакатлар сифатида рўйхатда етакчилик қилмоқда.

Собиқ Совет мамлакатлари орасида фақат Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатлари иқтисоди эркин бўлган мамлакат, деб топилди.

Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон Россия, Украина иқтисодлари қисман эркин бўлган мамлакатлар қаторида тилга олинади.

XS
SM
MD
LG