Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Ўзбекча приватизация: давлат эски мактаб биноларини сотувга қўйди


Давлат хусусийлаштиришни такли қилаётган мулк орасида фаолияти тўхтаган қишлоқ мактаблари ҳам бор.
Давлат хусусийлаштиришни такли қилаётган мулк орасида фаолияти тўхтаган қишлоқ мактаблари ҳам бор.

Ўзбекистонда давлатга қарашли юзлаб мулк объектлари хусусийлаштирилиш учун таклиф қилинмоқда. Расмий нашрларнинг хабар қилишича, 2015-2016 йиллар учун мўлжалланган Давлат мулкини хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш жараёни якунланмоқда. Мазкур дастурга кўра, давлатга қарашли мингга яқин мулкни очиқ савдо орқали пуллаш кўзда тутилгани айтилмоқда. Давлат мулк қўмитаси вакилларининг Озодликка айтишича, таклиф этилаётган иншоотлар орасидан боғча ва мактаб биноларидан тортиб, ишлаб чиқаришга мўлжалланган бинолар бор.

Шу ой бошроғида президент Ислом Каримов мамлакат иқтисодида давлатнинг иштирокини камайтириш эҳтиёжи ҳақида гапириши ортидан, ўтган ҳафта бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Олий мажлис ялпи йиғилишида ҳисобот бериб, давлат мулкини хусусийлаштириш дастури тўғрисида гап очган эди. 26 январь куни расмий матбуот 2015-2016 йиллар учун мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш жараёни якунига етаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Мазкур дастурга кўра, давлат мамлакат иқтисодидаги иштирокини камайтириш нияти ўлароқ ўз ихтиёридаги мингга яқин мулк объектини жисмоний ва юридик шахсларга сотиб олиш учун таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасининг мутасаддиси, исми ошкор қилинмаслиги шарти билан бу ҳақда Озодликка қисқа изоҳ беришга рози бўлди. Давлат мулкини сотиш дастурига бевосита алоқадор мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, таклиф этилаётган мулк объектларини истаган шахс аукциолн орқали сотиб олиши мумкин.

- Бунга қизиқиш билдирган одам, келишилган ҳолда, бошланғич баҳосидан 15 фоиз миқдорида заколад тўлаб қўйиши керак бўлади. Ундан кейин кимошди савдосида иштирок этиб, ғолиб чиқса, шартнома тзилади ва кейин сотиб олинган мулкка ордер берилади. Мабодо кимошдида ютқазиб қўйсангиз, заколат пули қйтариб берилади, дейди Давлат мулк қўмитаси мулозими.

Суҳбатдошимиз, бош вазир парламентдаги чиқишида айтган мингга яқин мулк объекти орасида болалар боғчаси ва мактаб биноларидан тортиб, ишлаб чиқаришга мўлжалланган иншоотлар борлигини айтади.

Расмий матбуотда берилган хабарга кўра, мазкур дастур орқали ўз низом капиталларида давлат улуши бўлган корхоналар сони 534тадан 147тага туширилади, яъни 3,6 баробарга камайтирилади. Шунингдек, 660дан ортиқ ишламай турган давлат корхонаси тугатилиб, кейинчалик хусусий мулкдорларга сотилади. Стратегик аҳамиятга эга бўлмаган 360та корхонадаги давлат улушини ҳам сотиш кўзда тутилган дейилади, расмий хабарларда.

Ҳукуматнинг айтишича, дастурдан кўзланган пировард мақсад иқтисодни жонлантириш ва янги инвестицияларни жалб қилишдир.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ мулозими, ҳозирда Остонадаги Евроосиё институти доценти Сапарбой Жубаев, Ўзбекистон бу жараённи 20 йил аввал бошлаши керак эди, мамлкат иқтисодиётининг бугунги аҳволи дастурдан кўзланган мақсаднинг амалга ошишини қийинлаштиради, дейди.

- Собиқ иттифоқининг кўп давлатлари, масалан, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон кабилар ўз ихтиёридаги объектларни инвесторларга сотиб юборган, яъни хусусийлаштирган эди. Бу иқтисоддаги оддий қоида, хусусий мулкдор корхонани ишлатиш учун сармоя олиб келади. Лекин Ўзбекистонда, минг афсуски, биз хусусийлаштиришни ўзимиз эплаймиз, ўз йўлимиз бор, ҳеч кимдан кам эмасмиз, қабилида иш тутилди. Кўп корхоналар акциядорлик жамияти бўлдию лекин давлат тасарруфидан реал чиқмади,- дейди иқтисодчи.

Бугун эса, дея давом этади иқтисодчи, Ўзбекистонда кўп йиллар давомида давлатнинг иқтисодий жараёнларга аралашганидан ҳосил бўлган вазият қўйилган мақсаднинг амалга ошишини савол остига қўяди.

- Агар бу жараён жаҳон тажрибасига таяниб, мулкни сотиб олган одамга эркин ишлаш имконияти берилганида, валюта конвертацияси бўлганида, харидор бу мулкни навбатга туриб, қимматроққа сотиб олиши мумкин эди. Хусусийлаштириш тўғрисида катта-катта дастурлар 1995, 1999, 2005 йилларда ҳам эълон қилинган эди. Лекин амалга ошмаятпти. Ўзбекистонда корхоналарни на ўзимизнигн инвесторлар, на чет эллик инвесторлар сотиб олишни истайди. Нимага? Чунки уни олгани билан давлат назоратидан чиқа олмайди.

Ўзбекистон давлат мулк қўмитаси сайтида эълон қилинган маълумотларда сотувга қўйилган мулк объектларининг кўпчилиги, масалан эски мактаб, болалар боғчаси, нотурар жой кабиларни эҳтимолий харидорлар учун жозибадор, деб айтиш қийин. Шу сабабдан Ўзбекистоннинг кейинги бир неча йилдаги тажрибасидан келиб чиқиб, бу мулк объектлари маҳаллий тадбиркорларга мажбуран ўтказилиши мумкин, деган хавотирларни туғдирмоқда.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаев бу хавотирларда асос бор, дейди. Чунки бу давлат бюджетини тўлдиришнинг самарали воситасидир.

- Давлат мулкини хусусийлаштириш бюджет тушумининг бир қисмидир. Бу ҳамма давлатларда бор. Масалан, Қозоғистонда ҳам давлат бюджетининг пункти бор – давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган тушум, деган. Ўзбекистонда эса хусусийлаштирилмаган объектлар жуда кўп. Менинг тахминимча, давлат мулкининг 95 фоизи ҳали хусусийлаштирилмаган. Шунинг учун майда-чуйда мулк объектларини мажбурий тарзда сотиш ҳолатларини кутиш мумкин. Лекин йирик объектларни мажбурлаб сотолмайди барибир. Унга йирик инвесторлар керак бўлади. Лекин хорижий инветсорларни жалб қилиш, айтганимдек, муаммодир,- дейди Сапарбой Жубаев.

XS
SM
MD
LG