Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:28

ҲРУ: Гулнора Каримова жанжали Ўзбекистоннинг нозик жойларини кўрсатиб қўйди


Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти дунёнинг кўплаб давлатлари хавфсизлик таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқларини назардан четда қолдириб, “катта хатога” йўл қўймоқда, дея огоҳлантирмоқда. ҲРУ Ўзбекистон сиёсий саҳнасида шов-шувга сабаб бўлган президент қизи Гулнора Каримова атрофидаги жанжалларга ҳам эътибор қаратган.

Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган ташкилот 29 январь куни эълон қилган навбатдаги йиллик ҳитсоботга кириш сўзида ҲРУ Бош директори Кеннет Рот исломий экстремизм ва Украина бўҳрони каби глобал миқёсдаги муаммоларнинг “урчиши ва кескинлашувида” инсон ҳуқуқларининг бузилиши муҳим роль ўйнади, дея таъкидлайди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир боби ўтган бир йил давомида бу мамлакатда аянчли аҳволда бўлган инсон ҳуқуқлари вазияти ўзгармагани тўғрисидаги сўзлардан бошланади. “Иқтидорининг 25 йили бошланган авторитар президент Ислом Каримов ўз ихтиёридаги хавфсизлик машинасини ҳақиқий ёки эҳтимолий оппонентлари фаолиятини кузатиш ва бостириш учун ишлатишда давом этди. Ўзбекистон ҳукумати фикр эркинлигининг ҳар қандай шаклини бостиради ва уюшган сиёсий мухолифат, мустақил матбуот, эркин касаба уюшмалари, мустақил фуқаровий жамият ташкилотлари ёки диний эркинликка рухсат бермайди”, дейилади ҳисоботда.

ҲРУ навбатдаги ҳисоботида ўтган йил давомида Ўзбекистон сиёсий саҳнасида шов-шувга сабаб бўлган президент қизи Гулнора Каримова атрофидаги жанжалларга ҳам эътибор қаратган.

Twitter ва матбуот орқали оммага маълум бўлган президентнинг қизи Гулнора Каримова билан унинг синглиси ва онаси ҳамда мамлакатнинг репрессия машинаси бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ўртасидаги жанжал ва низолар сиёсий элита ичидаги кураш мисли кўрилмаган даражада эканини ошкор қилди. Каримованинг сиёсий элита ичида коррупция илдиз отгани ҳамда МХХ томонидан қийноқларнинг қўлланишига доир айбловлари мамлакат учун сиёсий жиҳатдан нозик бўлган кўплаб муаммоларни юзага чиқарди. Лекин бу жанжал ва низолар мамлакат ичида фикр эркинлигига йўл очилишига ҳисса қўшиши аломатлари кўринмади”, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Жаҳон Ҳисоботи – 2015 номли нашрда Ўзбекистонда ўнлаб сиёсий ва ҳуқуқ фаоллари ҳамон қамоқда қолаётгани яна бир бор эслатилади.

Ўтган бир йил давомида давлатнинг сиёсий фаолликни бостириш уриниши ўлароқ, 2014 йил бошида таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва яна бир неча фаолнинг Украинадаги “Евромайдон” ҳаракатини қўлаб-қувватлаб, тинч намойиш ўтказгани учун ҳибсга олиниб, жаримага тортилгани қайд этилади.

Шунингдек, ўтган йилнинг март ойида Тошкент суди мардикорлар ҳуқуқлари ҳимоясига чиққан фаоллар Фаҳриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовни одам савдосига доир сохта айбловлар билан саккиз йилдан ошиқроққа қамоққа ташлагани ҳам тилга олинган ҳисоботда.

ҲРУ тадқиқотчилари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, қийноқлар диний эркинликларнинг бузилаётгани билан боғлиқ муаммолар долзарб бўлиб қолаётганини мисоллар билан келтиради.

Шунга қарамасдан, дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир қисмида, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўзгартириши мумкин бўлган халқаро тузилмалар ўтган йил давомида бу масалага бармоқ орасидан қараб келди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда вазият ёмонлашаётгани борасида бирор марта хавотир билдиргани йўқ. Аксинча, президент Каримов Европа пойтахтлари Рига ва Прагага давлат ташрифларини амалга оширишга таклиф қилинди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалик секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланилишига доир хавотирларга қарамасдан, 2014 йилда Осиё тараққиёт банки бу мамлакат ирригация соҳасига доир лойиҳаларга катта сармоялар ётқизгани ҳам танқид қилинади ҲРУ ҳисоботида.

ҲРУ раҳбари Ротнинг айтишича, жаҳон миқёсидаги бўҳронларни ҳал этишда “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик масъулиятни кафолатлаш муҳим аҳамият касб этади”.

XS
SM
MD
LG