Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:49

Париж мода шоуларида Лола Каримова Гули опаси ўрнини эгаллади


Опаси Гулнора Ғарб киборлар жамияти марказида бўлган йилларда кўп ҳам кўриниш бермаган Лола Каримова¸ Гулнора Каримова бу давралардан ғойиб бўлгач¸ унинг ўрнини эгаллаган кўринади.
Опаси Гулнора Ғарб киборлар жамияти марказида бўлган йилларда кўп ҳам кўриниш бермаган Лола Каримова¸ Гулнора Каримова бу давралардан ғойиб бўлгач¸ унинг ўрнини эгаллаган кўринади.

Жорий ҳафта дунë мода пойтахти саналган Парижда энг машҳур дизайнерларнинг 2015 йил баҳор-ëзги эксклюзив коллекцияси кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Dior, Chanel, Versace, Armani ва Eliе Saab каби жаҳоннинг энг машҳур¸ айни пайтда энг қимматбаҳо дизайнерлари шоуси меҳмонларининг олд қаторидан яқинларга қадар опаси соясида қолиб келган Ислом Каримовнинг кенжа қизи ҳам жой олди.

Гулнорами Лола?

28 январь куни Озодликка “Гулнора Каримова Париждаги мода шоусида! Ана сизга шов-шув” деган хабар келди.

Бу хабар ортидан Озодлик ўтказган суриштирув натижасида айни кунларда Парижда дунëнинг ном таратган дизайнерларининг Haute Couture, яъни эксклюзив моделлари кўргазмаси бўлаëтгани ва бу шоуларнинг олд қаторида ўтирган меҳмонлар орасида Гулнора Каримова эмас¸ унинг синглиси Лола Каримова-Тиллаева ўтиргани маълум бўлди.

Авваллари Париж мода шоуларининг олд қаторида Лоланинг опаси Гулнора ўз шахсий ëрдамчиси¸ ҳозирда Ўзбекистон ва Европа давлатларида оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Гаяне Авакян билан бирга ўтирарди.
Авваллари Париж мода шоуларининг олд қаторида Лоланинг опаси Гулнора ўз шахсий ëрдамчиси¸ ҳозирда Ўзбекистон ва Европа давлатларида оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Гаяне Авакян билан бирга ўтирарди.

2014 йил бошидан бери Тошкентда уй қамоғида сақланаëтгани иддао қилинаëтган Гулнора Каримованинг Париж мода ҳафталигида пайдо бўлганига оид “шов-шув”га эса¸ киборлар жамияти ҳаëтини ëритувчи Getty Images сайтида чоп этилган Лола Каримова-Тиллаева сурати тагида Гулнора Каримова деб ëзилган хатолик сабаб бўлган.

Расмий лавозими Ўзбекистон Республикасининг бош қароргоҳи Парижда жойлашган ЮНЕСКОдаги элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева Getty Images сайтидаги суратларнинг гувоҳлик беришича¸ 27 январь куни Chanel Мода уйи ўтказган 2015 йилнинг баҳор-ëзига мўлжаллаган Haute Couture либослар кўргазмасида¸ 28 январь куни эса¸ Elie Saab брендининг айни шундай экскюзив кўргазмасида биринчи қатордаги меҳмонлар сафида бўлган.

Haute Couture либослар кўргазмасига кимлар чақирилади?

Озодлик билан суҳбатда Haute Couture Мода дизайнерларининг Франция уюшмаси вакили донг таратган дизайнерларнинг бундай эксклюзив шоуларига меҳмонларнинг фақат махсус таклифнома асосида чақирилиши ва кимни чақиришни ҳар бир Мода уйининг ўзи белгилашини билдирди.

Chanel Мода уйи ходими эса Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Лола Каримова-Тиллаеванинг қандай қилиб Chanel, қолаверса бошқа дизайнерлар чақирадиган эксклюзив меҳмонлар рўйхатига қўшилганини тушунтириб берди:

- Бизнинг шоулар¸ айниқса¸ Haute Couture либослар кўргазмасига авваламбор мода дунëсига алоқадор шахслар ва мода журналистлари таклиф этилади. Қолган жойлардан умидворлар кўплиги сир эмас. Хусусан¸ дипломатик корпус вакиллари¸ элчи хонимлар бу жойга ишқибоз. Лекин биздан таклифнома олиш учун элчи бўлишнинг ўзи етмайди. Биласиз¸ Парижда нима кўп элчи хонимлар кўп¸ ҳаммага жой етмайди. Таклифнома олиш учун бизнинг Haute Couture коллекцияларимизнинг жуда катта харидори бўлиш керак. Сиз тилга олган элчи хоним Chanel эксклюзив коллекциясининг ана шундай катта ва мунтазам харидоридир¸ деди ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган Chanel Мода уйи вакили 29 январь куни.

Тошкент ҳукумати ҳукумат тепасида ўтирганлар¸ қолаверса¸ ўзининг хориждаги элчилари ойлигини жамоатчиликка ошкор қилмагани боис¸ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий намояндаси лавозимида ишлаб келаëтган Лола Каримова-Тиллаеванинг даромади ҳақида очиқ маълумот йўқ.

Лола Каримова иддаосича¸ эри Тимур Каримовнинг Ўзбекистонда ҳам¸ ундан ташқарида ҳам катта бизнеси йўқ.
Лола Каримова иддаосича¸ эри Тимур Каримовнинг Ўзбекистонда ҳам¸ ундан ташқарида ҳам катта бизнеси йўқ.

Айни пайтда президент кенжаси ўзининг бирор бизнес тизимига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади. Хусусан¸ BBC ўзбек хизмати 2013 йилнинг 25 сентябрь куни чоп этган суҳбатда Каримова-Тиллаева ўзи ва эрининг Швейцариядаги бойлар рўйхатида эканини “хатолик” деб баҳолаган эди:

“Бизнинг бойлигимиз қандай ҳисоб-китобларга асосланиб баҳоланганини мен билмайман. Айни масалада бизнинг Женевадаги адвокатимиз "Билан" нашрига мактуб йўллаб, бу кўрсаткичлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтган. Биз ўзимиз ҳам бизни Швейцариядаги бойларнинг қайси қаторига қўшишаётганларини кўриб ҳайрон қолганмиз ва бугунгача турмуш ўртоғим билан бу борада ҳазиллашиб келамиз. Ишончим комилки, бизга бошқаларнинг даромадини қўшиб ёзишаяпти. Женевадаги оилавий уйимиз масаласига келсак, бу уй - биз яшайдиган асосий жой, биз Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз "mortgage", яъни ипотека остида. Менимча, бу катта сир эмас, чунки Оврўпонинг деярли бутун аҳолиси кўчмас мулк сотиб олишда банк кредити хизматларидан фойдаланишади. Бу тажриба Швейцарияда ҳам кенг қўлланилади, чунки бу соҳадаги банк кредити ставкалари паст ҳисобланади ва бу тизимдан фойдаланиш ҳақиқатдан ҳам фойдали.

...Менинг ҳеч қандай бизнес манфаатларим йўқ, чунки табиатдан, мен тадбиркор эмасман. Аввалроқ айтганимдек, менинг эрим тадбиркорлик билан шуғулланади. У савдо-нақлиёт ширкатининг ҳиссадори. Женевада унинг катта бўлмаган дўконлар тармоғи бор.” (Иқтибос тугади)

Ўзбек элчиси нега олд қаторда?

Ўзи тадбиркор бўлмаган¸ ҳукуматдан эл қатори ойлик оладиган элчи¸ эри эса “катта бўлмаган дўконлар тармоғи” хўжайини бўлган Лола Каримова-Тиллаеванинг қандай қилиб дунëнинг энг катта ва энг қиммат мода дизайнерларининг энг эксклюзив шоулари олд қаторидан ўрин олгани тафсилотлари Озодликка маълум эмас.

Озодликка маълум бўлгани¸ Chanel House вакилининг “бундай таклифнома учун бизнинг катта ва доимий харидоримиз бўлиш керак”¸ деган эътирофидир.

Chanel брендининг тайëр кийимлари бир неча мингдан бир неча ўн минг долларгача турса¸ унинг фақат бир нусхада қўлда тикиладиган эксклюзив Haute Couture либосларига нарх ҳам қўйиб ўтирилмайди – уларни шоудан кейин унга келган дунëнинг бадавлат хонимлари дизайнерлар оғзидан чиққан пулга сотиб олишади. Бу нархнинг эса¸ бир неча юз минг долларгача бориши тахмин қилинади.

Getty Images сайтидаги суратда Лола Каримова-Тиллаева ëнида ўтириб¸ у билан бирга суратга тушган Mouna Ayoub дунëда Haute Couture либослари сотиб олиш бўйича рекорд ўрнатган аëлдир. Асли ливанлик¸ Саудий қироллик оиласига яқин тадбиркорнинг собиқ хотини бўлган бу аëл коллекциясида 10 мингдан ошиқ Haute Couture либоси борлиги айтилади.

Лола Каримова-Тиллаева нафақат дунëнинг қимматбаҳо дизайнерларининг қимматбаҳо либослари¸ балки жаҳоннинг қимматбаҳо уйлари соҳибаси сифатида ҳам халқаро майдонда оғизга тушган.

Хусусан¸ Ғарб матбуоти Ўзбекистон президенти кенжа қизининг Калифорниядан 58 миллион долларга баҳоланган ҳашаматли вилла сотиб олганини иддао қилган эди. Бу вилла учун Тиллаевларнинг амалда қанча тўлагани тафсилотлари Озодликка маълум эмас.

Лола Каримова-Тиллаева ва унинг имижмейкерлари президент кенжасини жамоатчилик кўзида саховатпеша¸ болажон аëл қиëфасида кўрсатишга ҳаракат қилиб келади.

Хусусан¸ Каримова-Тиллаева BBC билан суҳбатда:

“Мен ҳали талабалик давримданоқ меҳрибонлик уйларидаги болалар ва имкониятлари чекланган болаларга ёрдам бериш соҳасида хайрия фаолияти билан шуғулланишни бошлаганман. Мен бу ҳақида гапиришни унча ёқтирмайман, чунки хайрия бировлар учун эмас, инсоннинг ўзи учун қилинадиган иш. Бир нарсани сездимки, бу ҳақида қанча кўп гапирсанг, ундан шунча кам ҳузур олар экансан. Охирги 11 йил ичида нималарга ўзимни бағишлаганим ва нима билан шуғулланганим ҳақида қисқача айтиб берадиган бўлсам, менимча, аввалига "Сен ёлғиз эмассан" номли менинг илк хайрия ташкилотимдан сўзни бошлашим керак”¸ деган эди жумладан.

XS
SM
MD
LG