Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:13

Етти авлод кўрган Тўти момо 135 ёшни қаршилаяпти


Тўрткўллик Тўти Юсупова ўзининг 135 ëшда эканини айтади.
Тўрткўллик Тўти Юсупова ўзининг 135 ëшда эканини айтади.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшайдиган Тўти момо Юсупова бу йил 135 ёшни қаршилаяпти. Паспортида 1880 йилда туғилганлиги кўрсатилган Тўти момонинг бу ёшга етгани олимлар томонидан тасдиқланмаган. Момо невараларининг айтишларича, онахонга еттинчи авлодини ҳам кўриш насиб қилган.

Тўрткўл туманининг Кўҳна Тўрткўл қишлоғида истиқомат қиладиган Тўти момо Юнусова паспортида кўрсатилганига кўра, бу йил 135 ёшни қаршилайди. Момонинг паспортида туғилган йили 1880 йил деб кўрсатилган.

Озодлик Тўти момонинг хонадони билан боғланишга муваффақ бўлди. Момонинг чевараларидан бири, 52 ёшли Ҳосилбек аканинг айтишича, момонинг аҳволи яхши, бироқ телефонда гапира олмайдилар:

- Энамиз ўзларини яхши ҳис қиляпти. Ўтган кунларини ҳозир ҳам яхши эслайди. Невара-чеваралари келса, уларни танийди. Гаплашиб ўтиради, дуо қилади,- дейди Ҳосилбек ака.

Суҳбатдошнинг айтишича, момога еттинчи авлодини ҳам кўриш насиб қилган:

- Энамизнинг бир қизи бўлган холос. Ҳозир у энамиз ҳам қайтиш қилганлар. Невара ва чевара, эвараларнинг эса сон-саноғи йўқ, қарийб тўрт юз нафарга етди, шекилли. Менинг катта акам, яъни энамизнинг чевараси Ўринбой акам 62 ёшга кирдилар,- деди Ҳосилбек ака.

Тўти момо оиласи даврасида.
Тўти момо оиласи даврасида.

2008 йилда Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида Тўти момо фарзанд ва невараларини опичлаб катта қилгани, қўл тегирмонида буғдойни ун қилиб, болаларига нон ёпиб бергани ҳақидаги хотираларини ҳикоя қилиб берган эди.

Кўҳна Тўрткўл овул фуқаролар йиғини раиси Икром Бекназаров уларнинг овулида шундай табаррук инсон яшаётгани билан фахрланишини Озодликка айтади:

- Тўти энамиз бизнинг фахримиз. Бир невараси мактаб директори, бир невараси боғбон. Етти авлоди бор деган гап ҳақ гап. Бунча ёшни кўриш ҳар кимга насиб қилмайди. Биз ўз томонимиздан онахоннинг ҳолидан хабар олиб турибмиз. Худо умрларини берсин, деди Икром Бекназаров.

2010 йилда “Қорақалпоқфильм” киностудияси Тўти Юсупова ҳақида “Уч асрнинг гувоҳи” номли ҳужжатли фильмни суратга олган эди.

Бу ҳужжатли фильмда Тўти момо масжидга қатнагани учун ҳамқишлоғининг қамалгани, бошқа бир ҳамқишлоғининг эса диний китобларни сақлагани учун отилгани ва бошқа тарихий воқеалар ҳақида гапириб берган.

Википедия маълумотларига кўра, айни пайтда дунёдаги энг кекса одам япониялик Мисао Окава ва АҚШлик Гертруда Уивер бўлиб, уларнинг ёши 116да.

Тўти момонинг паспорти.
Тўти момонинг паспорти.

Тўти момо Юсупованинг ёши паспорт бўйича улардан қарийб 20 йилга катта бўлсада, момонинг ёши геронтологик тадқиқотдан ўтказилмаган.

“Нуроний” жамғармаси маълумотига кўра, аҳоли сони 31 миллиондан ошган Ўзбекистонда 8700 нафар 100 ёшдан ошган кексалар бор. 90 ёшдан ошганлар 44 минг кишини, саксонбойлар эса 225 минг кишини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG