Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:16

МХХ зобити: ИД баҳорда Ўзбекистонда террор хуружини режалаган


"Исломий давлат" жанггариси
"Исломий давлат" жанггариси

Ўзбекистон махсус хизматлари “Исломий давлат” радикал гуруҳи томонидан ҳужумлар уюштирилиши хавфини соқит қилмаяпти. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити баёнотига таянилган бу хабар centralasiaonline.com сайтида 2 февраль куни эълон қилинди.

АҚШ Қуролли Кучлари Қўшма марказий қўмондонлиги ҳомийлигида фаолият юритадиган мазкур сайтга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари мамлакат ҳудудида террористик ҳуружлар амалга оширишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги маълумотни қўлга киритган.

МХХнинг дастлабки маълумотларига кўра, хуружлар шу йилнинг баҳорида амалга оширилиши мумкин.

Сайт мақоласида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) зобити, таҳлилчи Алишер Ҳамдамовнинг қуйидаги сўзларини келтирган:

“ИШИДнинг Ўзбекистонда (2014 йилда) қўлга олинган иштирокчилари фаолияти одам ёллашдангина иборат эмаслиги тўғрисида салмоқли тахминларимиз бор. ИШИД аъзолари 2015 йил баҳорида Ўзбекистон ҳудудида қатор террористик актларни амалга оширишга тайёрланган, айнан шу сабабли биз чегаралар муҳофазасига доир чораларни кучайтираяпмиз.”

centralasiaonline.comда эълон қилинган мақола муаллифи ёзади:

“(Ўзбекистон) ҳукумати Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида жанггарилар тўплангани тўғрисидаги маълумотларни йиғган, демоқда таҳлилчилар. Афғонистонда қорадоридан катта ҳосил олингани ва март ойида Ўзбекистон президенти сайлови ўтказилиши чегараларни мустаҳкамлашнинг бошқа сабабларидир. Шунга қарамай, ИШИДнинг Яқин Шарқдаги таъсири яна бир сабабдир, деди Ҳамдамов", деб ёзди сайт ва унинг мана бу гапини келтирди:

“(Ўзбекистоннинг) ҳуқуқ-тартибот органлари ихтиёрида Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) аъзоларининг ҳамда “Исломий давлат” гуруҳининг 2014 йилнинг ноябрь-декабрида қўлга олинган аъзоларининг кўрсатмалари мавжуд. Ўзбекистоннинг қўлга олинган фуқаролари 2013 йили Покистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтган, кейин эса, “Исломий давлат” сафларига ёшларни ёллаш учун Ўзбекистонга қайтган”.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брус Панниер юқорида келтирилган маълумотларга бироз шубҳа билан ёндошар экан, жумладан бундай деди:

- Улар “Исломий давлат” аъзоларини 2014 йилнинг ноябрь-декабрида қўлга олганлари ҳақида айтаяптилар. Балки ушласа ушлагандирлар. Лекин улар“Ислом давлати” Ўзбекистонга ҳужум қилишга, қандайдир террор ҳуружлари қилишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги информацияни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидан олганликларини айтаяптилар. Лекин бу катта шубҳа уйғотадиган маълумотдир, деди Брус Панниер.

ЎИҲ билан ИШИД ўртасидаги эҳтимолий алоқалар ҳақида таҳлилчи бундай деди:

- Тўғриси, бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки, ЎИҲнинг фаолияти шу кунда жуда катта минтақага ёйилган. Ҳатто Ҳаракатнинг марказий бошқаруви мавжудлигига ҳам шубҳам бор. Балки Ҳаракатга оид баъзи гуруҳлар ИШИД билан қандайдир шаклда ҳамкорлик қилаётган бўлиши мумкин. Лекин Ҳаракатнинг Покистонда эканлиги айтиладиган раҳбариятининг ИШИД билан тиғиз алоқалари борлигига ишониш қийин.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брус Панниер Ўзбекистон хавфсизлик хизмати зобитининг “Исломий давлат” ва айни пайтда ЎИҲ таҳдидини муштараклаштираётганини мана бундай шарҳлади:

- “Душман” аталмиш кучларнинг ҳаммасини бир қилиб кўрсатиш Ўзбекистон маъмурлари учун одатга айланиб қолган. Биз бундай ҳолатни 1999 йили Тошкентда амалга оширилган портлашлар пайтида кўрган эдик. Ўшанда давлат бирваракайига ҳам Муҳаммад Солиҳни, ҳам ЎИҲда бўлган Тоҳир Йўлдош билан Жума Намангонийни айблаган эдики, аталган шахслар орасида алоқа бўлганига ишониш жуда қийин, деди Брус Панниер.

Мақолада келтирилган фикрларга умумий муносабатини билдирар экан, таҳлилчи, “Исломий давлат” ва ЎИҲ томонидан Ўзбекистонга хавф мавжудлиги тўғрисида гапирар эканлар, бу гаплар учун қандайдир асос, балки, бўлса бордир, бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг “ташқаридагиларнинг ҳаммаси бизга душман ва улар бизга қарши бирлашиб олган”, деб ваҳима қилишга ўрганиб қолганини унутмаслик керак”, деди.

centralasiaonline.com сайти эълон қилган мақолада келтирилган маълумотлар OzodNazarнинг 3 февраль сонида ҳам муҳокама қилинди.

Мақола муаллифи, шунингдек, қирғизистонликлар ҳам “Ислом давлати” таҳдидидан ташвишланаётгани тўғрисида ёзган.

Қирғизистондаги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлил маркази директори Қадир Маликов 20 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида “ИШИД Фарғона водийсида террористик актлар уюштириш учун 70 млн. АҚШ доллари ажратган”, дегани, лекин нотиқ ўзи тарқатган маълумотни қайси манбадан олганини очиқламагани тўғрисида ёзилган centralasiaonline.com сайти эълон қилган мақолада.

XS
SM
MD
LG